-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Диққат, акция!

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги “Инсон ҳуқуқлари бўйича онлайн мурожаат” акциясини ўтказади. 
Акция доирасида фойдаланувчиларнинг инсон ҳуқуқларига оид қуйидаги йўналишларга оид мурожаатлари электрон тарзда қабул қилинади:

1. Шахсий ҳуқуқ ва эркинликларга риоя этилиши (яшаш ҳуқуқи, шахснинг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи, турар жой дахлсизлиги ҳуқуқи ва шу кабилар);

2. Меҳнат қилиш ҳуқуқининг кафолатлари (ишга жойлашиш, ходим ва иш берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, меҳнат шартларига риоя этилиши, меҳнат таътиллари, меҳнатга ҳақ тўлаш, мажбурий меҳнатга жалб этганлик учун жавобгарлик, меҳнат шартномаларини бекор қилиш, меҳнат низоларини судда кўриб чиқиш ва шу кабилар);

3. Таълим олиш ҳуқуқи (болаларни мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш, мактабда таълим олиш, мактабни таъмирлаш, бир таълим муассасасидан бошқа таълим муассасасига ўқишни кўчириш, ўқишга қайта тиклаш ва шу кабилар);

4. Мулкдор бўлиш ҳуқуқи (мол-мулкка эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф қилиш, мол-мулкларни давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйиш, мул-молкка етказилган зарарни ундириш ва шу кабилар);

5. Ижтимоий таъминот олиш (пенсия ёшини ҳамда меҳнат стажини аниқлаш, нафақалар, пенсиялар ҳамда моддий ёрдам пулларини олиш ҳамда уларнинг миқдорини аниқлаш, вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бор шахсларга берилган имтиёзлар);

6. Малакали тиббий ёрдам (бепул тиббий ёрдам кўрсатиш, тиббий хизматлар тарифлари, имтиёзли тоифага кирувчи беморларга ордер бериш, уларни шифохонага жойлаштириш, шахсларни дори воситалари билан таъминлаш, сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш ва шу кабилар);

7. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси (қийнаш, самосуд, суицид ва оилавий зўравонликнинг олдини олиш, ички ишлар идоралари ходимлари томонидан маъмурий баённомаларни расмийлаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари).

Мурожаат мазмуни қисқа ва лўнда бўлиши лозим. Ноаниқ, мавзуга тааллуқли бўлмаган мурожаатларга жавоб берилмайди. Мурожаат уни йўллаган шахснинг яшаш ҳудуди бўйича тегишли туман (шаҳар) адлия бўлимларига ёки Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларига юборилади.

 
Мурожаатларга жавоблар 17 – 27 август кунлари соат 9:00 дан 18:00 гача йўлланади. Қўшимча ёки жойига чиқиб ўрганиш талаб этиладиган мурожаатлар бўйича қўшимча тарзда ахборот берилади. Акция доирасида мурожаатларга жавоб бериш жараёнида “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун талаблари инобатга олинади.