-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Хавотирга асло ўрин йўқ!

Яқинда Германиядан келган дўстим билан Бухоро шаҳрига зиёратга бориб, тарихий обидалар комплексида  хавфсиз туризм бурчаги ва хорижлик сайёҳлар билан бемалол инглиз тилида гаплашаётган ички ишлар ходимларига кўзим тушиб қолди. Ўзбекистонга   сайёҳ сифатида ташриф буюрган фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича   бу янги тажрибами, шу ҳақда батафсил билишни истардим.

У. Авезов,

Навоий шаҳри


 

Ўзбекистон учун бутун дунё эшиклари очиқ.  Мамлакатимизга ташриф буюраётган сайёҳларга  юртимиздаги тинчлик ва осойишталик катта ишончдир.  Кейинги йилларда мамлакатимизда туристик салоҳиятни юксалтириш, сайёҳлик оқимини кўпайтириш, шунингдек, уларга қулай ва хавфсиз шароитлар яратиш мақсадида кенг кўламдаги ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 ноябрдаги қарорига мувофиқ туристлар оқими юқори бўлган Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида 2018 йил 1 январдан бошлаб хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармалари ташкил этилди. Юқоридаги қарор билан бошқармалар зиммасига туристларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини жиноий таовузлардан ҳимоя қилиш, ёрдамга муҳтож сайёҳларга тезкор ва сифатли ёрдам кўрсатиш вазифаси юклатилди. Бу борадаги Ўзбекистон тажрибаси самара бераётганлиги ҳамда бундай тизим ҳатто  кўплаб чет элларда ҳам йўқлиги  хорижлик сайёҳлар  томонидан алоҳида эътироф этилганлигидан келиб чиқиб, Президентимизнинг 2019 йил 6 мартдаги “Транспорт ва туризм объектларида  жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали  тизимини жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, туристик салоҳияти юқори бўлган Тошкент шаҳри, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ички ишлар органлари таркибида ҳам хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ташкил қилиниб, соҳага бир нечта хорижий тилларни мукаммал биладиган ҳамда  дунё халқлари тарихи ҳақида умумий тасаввурга эга бўлган билимли ходимлар жалб қилинди.   Буларнинг барчаси Ўзбекистонга сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилмоқда.

Саволга Навбаҳор туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси

Йигитали ЭРМАМАТОВ  жавоб берди