-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

ТИЛ БИЛИШ ЮКСАК ФАЗИЛАТ

28.01.2014

сўзлашиш маданиятини билиш эса катта бойликдир

ТИЛ — инсон ҳаётини маъно ва мазмунга буркайдиган, уларни ҳам руҳан, ҳам жисмонан бир-бирига боғлаб турадиган қудратли кучдир. У туфайли тараққиёт, янгиланиш ва муносабат бор. Тил — муомала, сўзлашув ва алоқа воситаси бўлибгина қолмай, миллат қиёфасини белгиловчи бебаҳо неъматдир. Шундай экан, халқни халқ, миллатни миллат даражасига кўтарадиган восита унинг она тили ҳисобланади.

Президентимиз таъкидлаганидек, “она тилини билмайдиган одам ўзининг шажарасини, ўзининг илдизини билмайдиган, келажаги йўқ одам”дир. Шундай экан, биз ўз тилимиз, унинг бойлиги ва соф­лиги учун ҳамиша курашиб борсак — ўзимиздан яхши ном ва яхши хотира қолдиришга бурчли эканлигимизни унутмаган бўламиз.

Она тилимизга Давлат тили мақомининг берилиши миллатимиз елкасига теккан офтоб янглиғ абадий, мустақиллик каби улуғ ҳодисадир. Дар­ҳақиқат, муайян халқ­нинг миллий тили орқали, тилга бўлган эътибори орқали унинг маънавиятини, тарихини англаш ва тушуниш мумкин. Демак, тил — миллат маънавиятининг кўзгусидир. Чунки халқ маънавиятини англаш унинг тилини ўрганиш орқали амалга оширилади. Сўз мулкининг султони Мир Алишер Навоий “Тилга эътибор — элга эътибор”, — деб бежиз айтмаган. Тилга эътиборсизлик бор экан, у миллатни ҳеч ким эъзозламайди.

Ўзбек  халқи, унинг зиёлилари кўп замонлардан бери ўз она тили билан бир қаторда бошқа тилларни ҳам ўрганишга алоҳида аҳамият қаратиб келган. Жумладан, Навоий, Бобур, Нодирабегим, Фурқат, Муқимий ва Зав­қий каби алломаларимиз  икки тилда ижод қилишган. Ижтимоий ҳаётда кўп тил билиш миллатлар ўртасида дўстлик, тотувлик ва ўзаро ҳурмат ришталарини қарор топтиришга хизмат қилади. Юртбошимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чо­ра-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг қабул қилиниши ҳам бежиз эмас, албатта. Чунки инсоннинг тил билиши яхши фазилат, сўз­лашиш маданиятини билиши эса катта бойликдир. Лекин буларнинг барчасига ўз она тилини мукаммал билиш орқали эришилади.

Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2013 йил 28 июндаги “Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг қабул қилиниши биз педагогларнинг масъулия­тини янада оширди. Асосий мақсад ҳар томонлама етук ҳуқуқшунос мутахассис тайёрлашга қаратилар экан, аввало, уларнинг академик лицейда ўқиган давриданоқ, ёзма ва оғзаки нутқини ўстиришга аҳамият бериш зарур. Мутахассисларнинг фикрича, замонавий ҳуқуқшунослар сўзга чечан, бадиий дидли, ўз фикрини оғзаки ва ёзма равишда юқори даражада ифодалай оладиган бўлиши зарур. Бўлғуси ҳуқуқшунос кадрлар, асосан, расмий доирада фаолият кўрсатадилар ва давлат номидан иш олиб борадилар. Шу боис, уларнинг келгуси фаолиятини расмий ҳужжатларсиз, айниқса, нутқ маданиятисиз тасаввур қи­либ бўлмайди. Шундай экан, ўқувчиларнинг тил ўрганишга бўлган иштиёқини юксалтириш учун янада самаралироқ фаолият олиб боришимиз лозим. Бу борада қуйидаги таклиф ва мулоҳазаларни билдирмоқчиман:

— Академик лицейларга мўлжалланган намунавий ўқув режа ва дастурларни қайтадан кўриб чиқиб, чуқурлаштирилган фанлар блокига ажратилган соатлар фондини кўпайтириш зарур. (Ана шунда ўқувчиларнинг дарс қолдириб, қўшимча дарс (репетитор)ларга қатнашига ҳожат қолмас эди.)

— Ижтимоий-гуманитар йў­налишдаги академик лицейларда ўзбек гуруҳларидаги “Ҳозирги ўзбек адабий тили” фани, рус гуруҳларига мўл­жалланган “Ўзбек тили” фанлари ҳамда рус ва ўзбек гуруҳларида “Нутқ маданияти ва Давлат тилида иш юритиш” фанлари бўйича ўқув юкламаси ҳажмини ошириш керак.

— Агар тил ўрганишда мунтазамлик, узвийлик ва узлуксизлик тамойилининг устувор мавқега эгалигини ҳамда кириш имтиҳонлари асосан тест шаклида бўлишини ҳисобга оладиган бўлсак, фақат 3-бос­қичда ўтиладиган махсус фан “Ҳозирги ўзбек адабий тили” (тест ва унинг таҳлили) фанини нафақат 3-босқичда, балки ҳар бир босқичда ўқитилишини ташкил этиш лозим. Шундагина, ўқувчиларнинг ўтилган мавзуларни ўз вақтида босқичма-босқич мус­таҳкамлаб боришига эришиш мумкин. Афсуски, “Ҳозирги ўзбек адабий тили” (тест ва унинг таҳлили) махсус фани кейинги йилларга мўлжалланган ишчи ўқув режадан олиб ташланган.

— Фақат бўлажак ҳуқуқ­шуносларгагина эмас, балки бошқа барча ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида, шунингдек, олий ўқув юртларида ҳам она тилини касбга йўналтирилган дастурлар асосида ўқитишни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

— Ўқувчиларнинг профессионал лексикани ўрганиши, шунингдек, оғзаки ва ёзма нутқларининг мукаммаллашувига жиддий ижобий таъсир кўрсатишини эътиборга олган ҳолда факультатив курслар сирасига кирадиган “Расмий нутқ” курси 3-босқичда I семестр эмас, балки йил давомида ўтилиши зарур.

Қадимги Рим донишманди Цицерон “ҳақиқий но­тиқ нима, дейишни билишдан ташқари, уни қа­ерда айтиш ва қандай айтиш ҳақида ҳам жиддий ўйлаб кўрмоғи жоиз”лигини таъкидлаган эди. Хулоса қилиб айтганда, бўлажак ҳуқуқшунослар учун бу ўгитлар иш столида турадиган ҳикматга айланиши мақсадга мувофиқдир.

Гулчеҳра ХЎЖАНОВА,

ТДЮУ қoшидаги академик лицей кафедра мудири, филология фанлари номзоди