-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

ГЕНЕТИК АХБОРОТ ОЛИШ УНИНГ ҚОНУНИЙ АСОСЛАРИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА

28.01.2014

БУГУНГИ тезкор давр ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан жиноятчиликка қарши курашишнинг замонавий илмий ишланмалари ва техник воситаларини амалий фаолиятга жорий этишда янгича ёндашишларни талаб қилмоқда. Шу боис, замонавий технологиялардан фойдаланиш самарадорлигининг ошиши шахсга нисбатан оғир ва ўта оғир жиноятларни очиш ҳамда тергов қилишда ва уларни содир этган шахслар қидирувида катта аҳамиятга эгадир. Айниқса, далилларни ДНК таҳлили  (генетик экспертиза) методи билан олиш жаҳон амалиётида ўзининг юқори самарадорлигини исботлаган ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятида илмий-техник ютуқлардан кенг фойдаланишнинг янги истиқболли йўналишларини белгилаб бермоқда.

Айтиш керакки, юртимизда бу масалаларни қонун йўли билан тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 14 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган “2012-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказини ривожлантириш дастури”нинг 1-бандига мувофиқ “Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этилган ушбу қонун лойиҳаси биринчи ўқишда депутатлар томонидан қабул қилинди. Айни кунларда қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга тайёрланмоқда.

Дарҳақиқат, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф солиш, босқинчилик каби ўта оғир жиноятларни тергов қилишда, одамнинг ДНК тузилиши тўғрисидаги якка тартибдаги ахборот (геном маълумот)га эга объектларни ўрганиш зарурати юзага келганда, ДНК таҳлили алоҳида долзарб аҳамиятга эга бўлади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ор­ганлари томонидан ДНК таҳлили имкониятларидан фойдаланиш ушбу турдаги жиноятларнинг ҳар қандай кўринишларига қатъий чек қўйилишининг самарали воситаси бўлиб хизмат қилади ва бу Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳаёти, соғлиги ва мулкка бўлган конституциявий ҳуқуқларини таъминлашнинг зарур шарти ҳисобланади. Террористик хуружлар, хал­қаро ва рецедив жиноятчиликни тергов қилиш ва уларнинг олдини олишда генетик экспертизанинг юқори самарадорлигини алоҳида қайд этиш зарур.

ДНК таҳлилидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришнинг муҳим воситаси бўлиб, айрим тоифадаги шахсларнинг, хусусан, потенциал жиҳатдан жиноятларни содир этишга мойиллиги бўлган шахслар ДНК профилларининг маълумотлар базаларини яратиш ҳисобланади. Жаҳон амалиёти жиноятчилик билан курашда самарали восита ҳисобланган генетик ахборот маълумотлар базаларининг фаол яратилганлиги ва ривожлантирилганлиги тўғрисида гувоҳлик беради. Кейинги йилларда давлатлар­аро шартномалар доирасида ва Интерпол раҳнамолигида миллий маълумот базаларини халқаро базаларга интеграциялаш бўйича иш бошланди. Ҳуқуқий давлат шароитларида ушбу масаланинг ҳал этилиши геном бўйича рўйхатга олиш масалаларининг қонун томонидан тартибга солинишини талаб қилади.

Геном бўйича рўйхатга олиш фуқаронинг шахсий сирини ташкил қилувчи генетик ахборот олишни кўзда тутади. Ундан фойдаланиш шахснинг қонун томонидан муҳофаза қилинадиган ҳуқуқ ва эркинликларига таъсир кўрсатади. Шу сабабли, демократик жамият шароитларида геном бўйича рўйхатга олиш масаласи, айниқса, мажбурий тартибда амалга ошириладиган, қонун билан ҳуқуқий тартибга солиниши мақсадга мувофиқдир.

Ўзбекистонда геном бўйича рўйхатга олишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, геном бўйича рўйхатга олишни амалга ошириш принциплари ва турларини белгилаш, геном бўйича рўйхатга олиш объектлари ва субъектларини аниқлаш, уни ўтказишга, биологик материал ва геном маълумотларни сақлаш ва ундан фойдаланишга қўйиладиган асосий талабларни белгилаш лойиҳанинг асосий мақсади ҳисобланади. Лойиҳа асосан шахси аниқланмаган мурдалар бўйича одам шахсини аниқлаш, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни қидириш, қариндошлик алоқаларини аниқлаш, геном маълумотларига эга биологик излар (объектлар) бўйича жиноятларнинг олдини олиш, очиш ва тергов қилиш масалаларини самарали ҳал этишга қаратилган.

Таъкидлаш жоизки, тақдим этилаётган лойиҳани ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий предмети бўлиб, Ўзбекистон Республикасида геном бўйича рўйхатга олишда юзага келадиган муносабатлар ҳисобланади. Геном бўйича рўйхатга олишни ўтказиш доирасида барча шахси аниқланмаган мурдалар, жиноят содир этилган жойда топилган биологик излар, бедарак йўқолган шахслар, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганликлари учун ҳукм этилган шахслар бўйича геном маълумотларнинг миллий маълумотлар базаси шакллантирилади. Бу, биринчи нав­батда, одам ўлдириш, номусга тегиш, террористик актлар каби жиноятларнинг очилиши, шунингдек, шахси аниқланмаган мурдаларнинг шахсини аниқлаш бўйича ишларнинг самарадорлигини янада ошириш имконини беради.

Албатта, келажакда ушбу қонуннинг амалга киритилиши икки асосий йўналиш бўйича республика бюджет маблағларидан молиялаштиришни талаб қилади: ихтисослаштирилган суд-экспертиза лабораториясини яратиш ва жиҳозлаш; ҳар йиллик сарфлаш материаллари билан таъминлаш.

Қонун лойиҳасини тайёрлашда Буюк Британия, Франция, Германия, Канада ва Россия каби чет мамлакатларнинг геном бўйича рўйхатга олиш тажрибаси ўрганиб чиқилди ва буни бизнинг юртимизда ҳам татбиқ этиш мақсадга мувофиқлиги белгиланди.

Хулоса қилиб айтганда, жиноятларни содир этишга мойиллиги бўлган шахсларнинг геном бўйича рўйхатга олиниши профилактик аҳамиятга эга бўлиб, уларни жиноят содир этишдан тийиб турувчи омил бўлиб хизмат қилади ва бу, ўз навбатида, мамлакатдаги криминоген вазиятни яхшилашга ижобий таъсир кўрсатади.

Олимжон ЎСАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати