-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

ҚУЛАЙ ИШЧАН МУҲИТ ЯРАТИШ тараққиёт йўлини равонлаштиради

16.09.2014

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, вилоятда жорий йил 1 июль ҳолатига жами 33.904 та тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтган бўлиб, шундан 15.025 таси микрофирма ва кичик корхона, 15.075 таси якка тартибдаги тадбиркор ва 3.804 таси кичик бизнесга мансуб бўлмаган тадбиркорлик субъекти ҳисобланади.

Шу боис вилоятдаги тадбиркорлик субъектларининг муаммоларидан ўз вақтида хабардор бўлиш ва уларни қисқа муддатларда ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида тадбиркорлар иштирокида мунтазам равишда “Очиқ эшиклар куни” тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Бундай учрашувларга ҳокимликлар, назорат қилувчи ва бош­қа давлат органларининг вакиллари ҳам жалб этилиб, тадбиркорларнинг муаммолари жойида тезкорлик билан ҳал этилмоқда.

Шу билан бирга тадбиркорларни ҳуқуқий ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан тизимли равишда назорат олиб борилмоқда.

Хусусан, Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика Кенгашининг вилоят ҳудудий комиссиясидан текширишларга оид тегишли маълумотлар олиниб, ўтказилган текширишлар назорат қилувчи органлар ва ҳудудлар кесимида доимий асосда таҳлил қилинмоқда.

Шунингдек, “Текширишларни рўйхатга олиш китоби”ни тадбиркорлик субъектларига етказиш юзасидан зарурий тадбирлар таъминланмоқда.

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларида мавжуд бўлган “Текширишларни рўйхатга олиш китоб”ларининг юритилиши ва назорат қилувчи органлар мансабдор шахслари томонидан тўлдирилиши ҳолати тизимли равишда мониторинг қилиб борилмоқда. Биргина жорий йилда 800 дан ортиқ тадбиркорлик субъектидаги ушбу китобларнинг тўлдирилиши бўйича ўтказилган мониторинг натижасида 44 та ҳолатда қонунбузилишлар аниқланиб, мазкур ҳолатлар бўйича назорат қилувчи идораларга 10 та тақдимнома ва 44 та огоҳнома киритилди.

Шунингдек, бошқармага қилинаётган ҳар бир мурожаат эътибор билан ўрганилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг биринчи ярмида тадбиркорлик субъектларидан келиб тушган жами 50 та ариза ва шикоятдан 42 таси кўриб чиқилиб, 24 таси қаноатлантирилган ва 18 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган.

Тадбиркорлик субъектларидан бош­қарманинг “Ишонч телефони”га келиб тушган 14 та мурожаат ҳам қонун доирасида кўриб чиқилиб, тегишлигича ҳал қилинди.

Таъкидлаш жоизки, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқишда унда кўрсатилган важларга холисона баҳо берилиб, тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга асосий эътибор қаратилмоқда.

Юқоридагилардан ташқари, назорат қилувчи ва хизмат кўрсатувчи идораларда ўтказилган ўрганишлар ҳамда бошқа назорат тадбирлари давомида тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тегишли идора ва ташкилотларга 75 та тақдимнома ҳамда 45 та огоҳнома  киритилиши натижасида 84 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди, ноқонуний равишда қабул қилинган 34 та қарор ва бошқа ҳужжат бекор қилинди. Шунингдек, судларга киритилган жами 4.685.446 сўмлик 74 та даъво аризаси белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди.

Ўтган давр мобайнида тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказишни ғайриқонуний рад этиш ёки уни рўйхатдан ўтказишдан бўйин товлаш, муайян фаолиятни амалга ошириш учун махсус рухсатнома (лицензия) беришни ғайриқонуний рад этиш ёки уни беришдан бўйин товлаш, хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш ва тафтиш қилишнинг белгиланган тартибини бузиш, тадбиркорлик фаолияти субъектининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини чеклаш, шунингдек, унинг мустақиллигини бошқача тарзда чеклаш ёки унинг фаолиятига ғайриқонуний аралашиш ва унинг аризасини кўриб чиқиш тартибини бузиш ҳолатлари бўйича 20 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка доир таклифлар тайёрланиб, тегишли идораларга юборилди.

Хусусан, Наманган шаҳрида яшовчи Д.Алимовнинг Наманган шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инс­пекцияси ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб йўллаган мурожаатини ўрганишда, фуқаро 2014 йил 4 июнда “my.gov.uz” cайти орқали якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш учун электрон ариза берган бўлса-да, инспекция томонидан Президентимизнинг 2006 йил 24 майдаги ПҚ-357-сонли Қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисида”ги низом талабларига зид равишда фаолият юритиш манзили нотўғри, деган важ билан давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилганлиги маълум бўлди. Ушбу ҳолат юзасидан Наманган шаҳар ҳокимлигига тақдимнома ва тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекцияси раҳбарига нисбатан баённома расмийлаштирилиб, қонуний чора кўриш учун жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судига юборилди. Суднинг тегишли қарори билан ҳуқуқбузар маъмурий жавобгарликка тортилди.

Шунингдек, бошқармамиз томонидан тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш ва тадбиркорлик фаолияти субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, улар асосида берилаётган имтиёзлар ва кафолатларни кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, тадбиркорлар ва ёшлар иштирокида жойларда ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда, бу борада ОАВ имкониятларидан самарали фойдаланилмоқда.

Ўтган давр мобайнида тадбиркорлик йўналишида жами 363 маротаба ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.

Хулоса ўрнида айтганда, Юртбошимизнинг “Барча режа ва дастурларимиз Ватанимиз тараққиётини юксалтириш, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилади” номли маърузасида таъкидланган биринчи шарт — мамлакатимизнинг барча минтақаларида бизнесни ривожлантириш учун янада қулай ишчан муҳит яратиш, тадбиркорлик, кичик ва хусусий бизнесга янада кенг эркинлик бериш, бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлиги доимо фаолиятимизнинг бош вазифаларидан бири бўлиб қолади. Зеро, тадбиркорликка йўл — тараққиётга йўл эканлигини унутишга ҳаққимиз йўқ.

 

Салоҳиддин НУРИЕВ,

Наманган вилоят адлия бошқармаси бошлиғи

35-36-сон.