-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

СИФАТ ВА САМАРАДОРЛИК ДАРАЖАСИ

16.09.2014

Президентимизнинг 2010 йил 5 майдаги “Ўзбекистон Республикасида нотариат институтини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги Фармонига биноан мамлакатимизда фаолият юритаётган хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг тугатилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги ва амалдаги бош­қа қонунлардан хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар ҳақидаги меъёрлар чиқариб ташланди.

Мазкур Фармон асосида республика миқёсида 220 та, жумладан, Андижон вилоятида 18 та қўшимча нотариус штати яратилди. Ҳозирги кунда вилоятда 43 та давлат нотариал идораси мавжуд бўлиб, уларда 57 нафар нотариус фаолият юритмоқда.

Жорий йилнинг 1-ярмида давлат нотариал идоралари томонидан 289.324 та нотариал ҳаракат амалга оширилган бўлиб, ушбу ҳаракатларни бажарганлик учун давлат бюджетига 12 миллиард 398 миллион 176.4 минг сўм давлат божи, 369 миллион 667.9 минг сўм герб йиғими ҳамда 393 миллион 728.1 минг сўм пуллик ҳуқуқий хизматлар учун тўловлар амалга оширилди.

Президентимизнинг 2011 йил 23 августдаги Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомга асосан нотариат идоралари ходимлари томонидан фуқароларга ҳу­қу­қий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш бўйича чора-тадбирларни кўриш, адлия органлари ва муассасалари биноларини, шу жумладан, давлат нотариал идоралари, ФҲДЁ органларини капитал қуриш ва таъмирлаш чораларини кўриш Адлия вазирлигининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Мазкур низомда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, фуқароларга ҳуқуқий хизмат кўрсатишнинг сифат ва самарадорлик даражасини ошириш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан ажратилган пул маблағлари ҳисобига вилоятда давлат нотариал идоралари учун янги бинолар қурилиб фойдаланишга топширилмоқда.

Ўтган йили мустақиллигимизнинг 22 йиллик байрами арафасида Бўз туманида давлат нотариал идораси ва ФҲДЁ бўлими учун, Пахтаобод ва Қўрғонтепа туманларида давлат нотариал идоралари учун, Конституциямиз қабул қилинганлигининг йигирма бир йиллиги байрами арафасида Андижон шаҳар 3-сон ҳамда Андижон туман 1-, ва 3-сон давлат нотариал идоралари учун, шунингдек, Избоскан туман ФҲДЁ бўлими ва давлат нотариал идоралари учун янги бинолар қуриб битказилди ва тантанали равишда фойдаланишга топширилди. Бу эса, ўз навбатида, фуқароларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш сифатини оширишга хизмат қилади.

Ижтимоий муносабатлар шароитида бир шахс ҳуқуқларини иккинчи шахс ҳуқуқларидан фарқлаш, инсоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ ифодалаш, унинг туғилиши, ўлими, шунингдек, муайян ёшга етганда никоҳини тузиш ёки никоҳдан ажралиш каби фактларни тегишли тарзда расмийлаштириш давлат ва жамият бошқарувида муҳим омил саналади.

Мазкур фактларни қайд этиш ва уларнинг ҳисобини юритиш мамлакатимизда махсус давлат органи фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органи томонидан амалга оширилади. ФҲДЁ органлари тизимини туман ва шаҳар ФҲДЁ бўлимлари, Никоҳ уйлари, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ФҲДЁ архивлари ташкил қилади.

Ҳозирги кунда адлия бош­қармаси тасарруфида 2 та шаҳар, 16 та туман ФҲДЁ бўлими ва 1 та вилоят ФҲДЁ архиви (жами 19 та) томонидан фуқаролик ҳолати далолатномалари қайд этилмоқда.

Адлия вазирлигининг топшириғига асосан “ФҲДЁ ягона электрон базаси” бўйича 2014 йилнинг 1 июль куни ишга туширилган дастурий таъминот асосида жорий йилнинг 1 январидан бошлаб 1 сентябрь кунига қадар расмийлаштирилган барча далолатнома ёзувлари тизимга электрон шаклда киритилиши ва 1 сентябрдан бошлаб Давлат персоналлаштириш марказига маълумотлар тўлиқ узатилишини таъминлаш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Жорий йил 26 август ҳолатига 16565 та туғилганлик, 6481 та никоҳ тузилганлиги, 691 та никоҳдан ажралганлик ҳамда 3576 та ўлим ҳақидаги — жами 27313 та далолатнома ёзуви ушбу тизимга киритилди.

Жорий йилнинг 26 август кунига қадар бошқарма томонидан ўтказилган ўрганишлар ва таҳлиллар натижасида қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан Адлия вазирлигига 36 та таклиф киритилди.

Бундан ташқари, вилоят адлия бошқармаси томонидан ҳуқуқий тарғибот масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, ҳисобот даврида бошқарма ва унинг қуйи тизимидаги идоралар ходимлари томонидан олиб борилган барча ҳуқуқий тар­ғибот тадбирлари сони 2.119 тани ташкил этди.

Мазкур тадбирларда 41.350 нафар тингловчи иштирок этгани қувонарли, албатта.

Шунингдек, бошқарма томонидан Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўз­бекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қа­ратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, Юртбошимизнинг юқоридаги Қарори асосида бошқарманинг 46-ум-сонли буйруғи қабул қилиниб, назорат режа тасдиқланди.

Режага асосан туман ва шаҳарларда “Ёшлар ва қонун” тар­ғибот лойиҳасини амалга ошириш юзасидан ФҲДЁ бў­лимлари мудиралари раҳбарлигида тарғибот гуруҳлари шакллантирилди.

Бошқармамиз ва унинг тизимидаги давлат нотариал идоралари ҳамда ФҲДЁ бў­лимлари ходимлари томонидан “Ёшлар ва қонун” тарғибот лойиҳасини амалга ошириш юзасидан жорий йилнинг февраль-июль ойлари давомида жами 298 маротаба ҳуқуқий тарғибот тадбири амалга оширилди.

Шунингдек, юқоридаги Қарорнинг мазмун ва моҳия­тини тушунтириш юзасидан ҳамда вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатлари хусусида ОАВ орқали 46 маротаба чиқишлар қилинди.

Хулоса қилиб айтганда, вилоят адлия бошқармаси томонидан олиб борилаётган барча саъй-ҳаракатлар замирида фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсади мужассам. Зеро, ҳуқу­қий демократик жамият асосини ҳуқуқий билимдонлик ва инсонпарварлик ғоялари ташкил этади.

 

Иброҳимжон ТУРўУНОВ,

Андижон вилоят адлия бошқармаси бошлиғи

35-36-сон.