-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

РЕСПУБЛИКА ҲУДУДИДАН ЧИҚИШИ ВАҚТИНЧА ЧЕКЛАНДИ

16.09.2014

Асосий Қонунимизнинг 64-моддасида “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар”, деб белгиланган. Оила кодексининг 96-моддасида ҳам ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шартлиги, таъкидланган.

Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота ёки онадан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилиши Оила кодексида белгиланган бўлиб, Суд департаментининг Бухоро вилоят ҳудудий бош­қармаси суд ижрочиларининг туман, шаҳар бўлимлари иш юритувида яқин вояга етмаган фарзандлар учун нафақа ундириш билан боғлиқ мавжуд ижро ҳужжатларининг 41 фоизини фарзанди таъминоти учун нафақа пулларини белгиланган муддатларда тўламасдан келаётган қарз­дорлар ташкил қилади. Ҳозирда нафақа пулларини доимий ёки белгиланган муддатларда тўламаётган 4649 нафар қарздор фуқарога нисбатан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунга асосан Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланган. 

Суд ижрочилари томонидан айрим қарздорлар нафақа пулларини ўз муддатида тўлаб боришлари юзасидан доимий равишда ёзма ва оғзаки тарзда огоҳлантириб борилган бўлсалар-да, нафақа пулларини қасддан тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари ҳам мавжуд.

Жиноят кодексининг 122-моддасида вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши кўрсатилган бўлиб, Суд департаментининг Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан ваколат доирасида 2013 ва 2014 йилнинг ўтган даври мобайнида 60 нафар нафақа тўлашдан бўйин товлаган қарздорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, 102.264.600 сўмлик нафақа пуллари ундирувчиларга ундириб берилган.

Жумладан, Бухоро туманида яшовчи Т.Ҳикматов 2 нафар вояга етмаган фарзанди таъминоти учун 5 ой давомида 1.026.092 сўмлик нафақа пулларини тўлашдан бўйин товлагани учун унга нисбатан Жиноят кодексининг 122-моддаси, 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Фуқаро Т.Ҳикматов жиноят иши қўзғатилгандан кейин ҳам нафақа пулларини тўлашдан бўйин товлаганлиги сабабли суднинг ҳукми билан айбли, деб топилиб, 2 ой қамоқ жазосига тортилган ва 1.026.092 сўм нафақа суммасини етказилган зарар сифатида ундириш белгиланган.

Юқоридаги ҳолатлардан кўриниб турибдики, айрим “оталар” вояга етмаган фарзандларини ўз тенг­қурларидан кам бўлмасдан камол топишлари учун етарли тарзда моддий таъминлашдан бўйин товлаб келмоқдалар. Албатта, бундайларга нисбатан тегишли қонунлар мавжуд ва жазо муқаррар. Лекин қарз­дорларнинг тегишли жавобгарликка тортилиши уларни нафақа пулларини тўлашдан озод этмаслигини ҳам унутмасликлари лозим.

Бундай ҳолатларда, Суд департаменти томонидан қонун доирасида қатъийлик бош мезон саналиб, ижро ҳужжати бўйича нафақа пулларини тўлашдан бўйин товлаган қарздорларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, нафақа пуллари ундирилишига эришилмоқда.

 

Анвар САФАРОВ,

Суд департаментининг Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи

35-36-сон.