-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

ҚОНУН ТАЛАБИДЕК ҚАТЪИЙ шу боис бажарилиши мажбурий

16.09.2014

Чунки шартнома қандай мазмунда ва қанча муддатга имзоланмасин, у келгусида мажбуриятлар тўлиқ бажарилишининг кафолати саналади. Шунинг учун Президентимиз ҳам ўз маърузаларидан бирида “Шартнома тузиш маданиятини, шартномалар маданиятини бутунлай янги поғонага кўтаришимиз керак”, дея алоҳида таъкидлаганлар.

Аммо бу ҳақиқатни айрим соҳа вакиллари ҳанузгача теран англаб етишмаяпти.

Фарғона вилоят адлия бошқармаси ходимлари ҳам шартномавий-ҳуқуқий муносабатларнинг қонунийлигини таъминлаш юзасидан олиб бораётган фао­лиятлари мобайнида бунга амин бўлишмоқда.

Келинг, аниқ рақамлар ва ҳаётий мисоллар билан фикрларимизни давом эттирсак. Жорий йилнинг дастлабки ярми мобайнида вилоятдаги 584 та хўжалик юритувчи субъектда 13.433 та шартноманинг қонунийлиги ўрганилганда 3842 та шартнома ноқонуний тузилганлиги, 1855 та шартноманинг бажарилишида эса қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланди. Натижада мазкур ғайриқонуний ҳолатлар 48 та тақдимнома, 27 та огоҳнома асосида бартараф этилди. Шунингдек, жиноий жавобгарликка тортиш юзасидан 1 та таклиф киритилди. Қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган 109 нафар айбдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди, 4 нафар шахс лавозимидан озод этилди. Бундан ташқари, судларга 277 та 1 миллиард 688 миллион сўмлик даъво аризалари киритилиб, уларнинг 200 та 1 миллиард 365 миллион сўмлиги қаноатлантирилди.

Масалан, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддасида қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорининг икки юз бараваридан ортиқ суммадаги хўжалик шартномалари хўжалик юритувчи субъектлар юридик хизматининг ёки жалб этилган адвокатларнинг ёзма хулосасидан кейингина тузилиши белгиланган. Аммо “Водийгазтаъминот” унитар корхонасининг Қўштепа туман филиали билан “Азия Идеал Гроуп” масъулияти чекланган жамияти ўртасида 2013 йил 12 декабрь куни имзоланган 24.600.000 сўмлик шартнома ижрога қаратилишидан аввал ҳуқуқшунос кўригидан ўтказилмаган ҳамда унинг ёзма хулосаси олинмаган. Ёки “Ал Умар Макс пласт” хусусий корхонаси билан 2013 йил 28 август куни тузилган шартномада етказиб бериладиган маҳсулотнинг ўлчов бирлиги, миқдори, баҳоси, етказиб бериш муддати, тўловни амалга ошириш тартиби ва муддати, тарафларнинг шартнома мажбуриятларини бажармаганлиги ёхуд лозим даражада бажармаганлиги учун мулкий жавобгарлиги белгиланмаган. Бинобарин, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан филиал бошлиғи номига тақдимнома киритилди. Натижада етакчи ҳисобчи И.Мўйдинов ҳамда меҳнат ва иқтисод муҳандиси И.Отажоновлар Меҳнат кодексининг 181-моддасига мувофиқ иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида жарима жазосига тортилди.

Шартномавий-ҳуқуқий ишларни назорат қилиш фуқароларнинг мурожаатларини ҳал этишда ҳам намоён бўлади. Йилнинг биринчи 6 ойи давомида вилоят адлия бошқармасига шартномавий муносабатларга оид 8 та шикоят келиб тушган. Шундан 7 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган, 1 таси тегишлилиги юзасидан бошқа ташкилотга юборилган.

Яна бир мисол. 2012 йилнинг 27 декабрида “Бувайда Янгиқўрғон пилла” МЧЖ ва “Тошбоев Мўйдин Абубакирович” фермер хўжалиги ўртасида 93-сонли контрактация шартномаси тузилган. Ушбу шартномага биноан фермер зиммасидаги мажбуриятни бажариб, пилла хомашёсини етказиб берган. Лекин буюртмачи маҳсулот ҳақини тўлашни “унутиб” қўйган. Ваҳоланки, шартноманинг 4.4-бандида етказиб берилган пилла учун 60 кун ичида тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниши қайд этилганди. Бу билан жамият мансабдорлари Фуқаролик кодекси ва Президентимизнинг 1995 йил 12 майдаги “Халқ хўжалигида ҳисоб-китоблар ўз вақтида ўтказилиши учун корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг масъулиятини ошириш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони талабларини бузишган. Шу боис “Бувайда Янгиқўрғон пилла” МЧЖдан фермер хўжалиги фойдасига 1.944.932 сўмлик асосий қарз ва 972.466 сўм миқдорида устама ундириш юзасидан вилоят хўжалик судига даъво ариза киритилди. Суд эса айни даъвони 2.394.932 сўмга қаноатлантирди.

Албатта, юқоридаги сингари мисолларни яна давом эттириш мумкин. Аммо гап мисоллар ва қўлланилган ҳуқуқий таъсир чораларида эмас. Энг муҳими, шартнома шарти қонун талабидек қатъий, бажарилиши мажбурий эканлигини хўжалик юритувчи субъектлар вакилларига кенгроқ тушунтиришда. Шунинг учун бошқарма ходимлари томонидан оммавий ахборот воситалари орқали ва семинар, маъруза, давра суҳбати тарзида шартномавий муносабатларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. Зеро, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш ҳам фаолиятимизнинг энг муҳим йўналишларидан биридир.

 

Зоиржон ЭРГАШЕВ,

Фарғона вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари

35-36-сон.