-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

ХОРИЖИЙ ИНВЕСТИЦИЯ: ИМТИЁЗ ВА АФЗАЛЛИКЛАР

02.12.2014

Адлия вазирлиги томонидан Марказий банк ходимлари, Божхона, Солиқ қўмиталари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар вакиллари иштирокида “Хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарнинг фаолияти: амалиёт ва муаммолар” мавзуида ташкил этилган анжуманда шулар ҳақида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда хорижий инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонуний механизмларини жорий этиш, уларга юртимизда эркин фаолият юритишлари учун қулай имтиёз ва преференциялар бериш, умуман, инвестициявий муҳитни янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада қабул қилинган бир қатор қонунлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш, инвесторлар ҳуқуқларини муҳофаза қилишни кафолатлашда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Жумладан, “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги Қонунда чет эл инвестицияларини амалга ошириш шакллари, улар учун ҳуқуқий асослар ҳамда инвесторларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгилаб берилди. “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги Қонун билан эса чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари, уларни ҳимоя қилиш ҳамда бу борадаги кафолатларни бузганлик учун жавобгарлик масалалари назарда тутилди. Бундан ташқари, Президентимизнинг соҳани ривожлантиришга оид бир қатор фармонларига асосан хорижий сармоя иштирокидаги корхоналарга амалдаги қонунчилик асосида зарур имтиёз ва афзалликлар берилди.

Ўзаро эркин мулоқот асосида ташкил этилган тадбирда назорат қилувчи органлар томонидан хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарда текширишларнинг қонунийлигини таъминлаш, корхоналарда ўтказилаётган мониторинг натижалари, хўжалик судларига даъво аризалар киритишда янгича тартиблар, фаолиятда инвестициявий дастурлар йўналиши ҳамда хорижий корхоналарни рўйхатдан ўтказишдаги асослар юзасидан иштирокчиларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтарилди. Зеро, юртимиз иқтисодиётини ривожлантириш, пировардида аҳолининг фаровонлигини бундан-да оширишда ушбу омиллар долзарб аҳамият касб этиши таъкидланди.

Тадбирда жорий йилнинг 9 ойида мамлакатимиз саноат тармоқларини, йўл-транспорт ва коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва модернизациялаш юзасидан фаол инвестиция сиёсати амалга оширилиши асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар 10,7 фоизга, шу жумладан, хорижий инвестицияларни ўзлаштириш — 22,3 фоизга ўсишига кўмаклашганлиги алоҳида таъкидланди, юқори технологик ва замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича 105 та муҳим инвес­тиция лойиҳаларини амалга ошириш тугалланди.

Шу билан бирга анжуман қатнашчиларига “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси, “Ангрен” ҳамда “Жиззах” махсус индустриал зоналарининг фаолияти ва имкониятлари, улар ҳудудида хорижий сармоядорлар учун яратилган қулайлик ҳамда имтиёзлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Хусусан, импорт ўрнини босадиган ва экспортга йўналтирилган товарлар ишлаб чиқарилишини қўллаб-қувватлаш, ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорлик қилишни ҳамда янги технологияларни жорий этишни режалаштираётган хорижий инвесторларни жалб қилиш ва уларнинг келгусидаги фаолиятини рағбатлантиришни назарда тутадиган ташкилий-қонуний шарт-шароитлар яратишнинг энг муҳим масалалари ҳақида фикр юритилди.

 

Адлия вазирлиги Ахборот хизмати

2014 йил, 48-сон.