-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

МУСТАҲКАМ ҲУҚУҚИЙ ЗАМИН

16.12.2014

ЮРИСТЛАР малакасини ошириш марказида “Давлат ҳокимияти ва бошқарувини модернизациялаш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг роли” мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура Олий ўқув курслари вакиллари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети профессор-ўқитувчилари, Марказ профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари иштирок этди.

Тадбирда Конституциямиз — мустақил давлатимизнинг асосий қонуни сифатида мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, демократик ислоҳотлар ва янгиланишларга мустаҳкам ҳуқуқий замин сифатида хизмат қилаётганлиги алоҳида таъкидланди.

Бош қонунимиз тўпланган тажрибалардан келиб чиқиб, шаклланган турли ижтимоий муносабатларни эътиборга олган ҳолда ривожланиб бормоқда, миллий давлатчилигимизнинг ютуқларини эътироф этган ҳолда ислоҳотларни янада ривожлантириш мақсадида янги нормалар билан бойитилмоқда.

Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” давлатимиз ҳамда жамиятимизни ривожлантиришнинг мутлақо янги босқичини бошлаб берди. Концепцияда илгари сурилган қонунчилик ташаббусига асосланиб, Конституциямизга бир қа­тор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Мазкур конференцияда кейинги ўзгартишлар ва қўшимчалар қуйидаги мақсадларга қаратилганлиги таъкидланди. Булар:

биринчидан, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш;

иккинчидан, давлат бошқарувини демократлаштириш, давлат ҳокимияти субъектлари — Президент — давлат раҳбари, қонун чиқарувчи ва ижроия ҳокимият ўртасидаги мувозанатни таъминлаш;

учинчидан, ижтимоий-иқ­ти­содий ва сиёсий-ҳуқу­қий ислоҳотларни амалга ошириш, мамлакатни янгилаш ва модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтиришдан иборат.

Шунингдек, Конституция нормаларини тарғиб қилиш, уни илмий тушунтиришга қаратилган оммабоп адабиётлар яратиш ва кенг жамоатчиликка тарқатиш ҳақида таклиф ва тавсиялар ҳам берилди.

 

(Ўз мухбиримиз)

2014 йил, 50-сон.