-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

“ОММАВИЙ МАДАНИЯТ”: ТУБАНЛИК ЮКСАКЛИККА ДАЪВО ҚИЛГАЧ...

13.01.2015

 

Ислом КАРИМОВ:

“Биз юртимизда янги ҳаёт барпо этар эканмиз, бир масалага алоҳида эътибор беришимиз лозим. Яъни, коммунистик мафкура ва унинг ахлоқ нормаларидан воз кечилганидан сўнг жамиятда пайдо бўлган ғоявий бўшлиқдан фойдаланиб, четдан биз учун мутлақо ёт бўлган, маънавий ва ахлоқий тубанлик иллатларини ўз ичига олган “оммавий маданият” ёпирилиб кириб келиши мумкинлигини унутмаслик керак”.

 

АлоҲида эътибор беринг: “Четдан”, “биз учун мутлақо ёт”, “маънавий ва ахлоқий тубанлик иллатларини ўз ичига олган” “оммавий маданият” ёпирилиб кириб келиши мумкин. Бу фикрда “оммавий маданият”нинг энг мукаммал, умуминсоний таърифи бор. Яъни “оммавий маданият” бу — бизга четдан кириб келаётган, ўзбекона қадриятларимизга мутлақо ёт маънавий ва ахлоқий тубан иллатларни ўз ичига олган хуружлар йиғиндиси”, деса бўлар экан. “Оммавий маданият” — мураккаб ҳодиса. Уни тушунтириш ҳам қийин. Шунинг учун, устоз‑педагогларнинг “бир нарсага ўхшатиб бўлмайдиган нарсани тушунтириб ҳам бўлмайди”, деган ўгитларига амал қиламиз.

Маданий товарлар бозорининг

“талаб ва

таклиф”лари

Соатлар ҳар хил бўлади — қуёш соати, сув, қум, механик, электрон, кварц соатлар... Қуёш соати — қуёшсиз, сув соати — сувсиз, қум соати — қумсиз, электрон соат — электр токисиз, кварц соат — бата­рея­сиз ишламайди. Фақат механик соатнинг ишлаши эгасига боғлиқ. Қулоғини бураб, “дам солса”, юраверади.

Кварц соат — бошқача. “Аввал батареянинг пулини тўлаб қўйинг, хўжайин?” — дейди гўё. Батареясиз соат — бефойда матоҳ. Соат сизники, лекин унинг юриши сизга эмас, батареяга боғлиқ. Батарея эса уни ишлаб чиқарувчига боғлиқ. Мана энди сиз батарея ишлаб чиқарувчининг муҳтожига айландингиз. Кимдир сизнинг компьютерингизга тушсин, деб “Чувалчанг”, “Троян оти”, “Почта жўнатмаси”, “Элвис Пресли”, деган вирусларни тайёрламоқда. Вирус тушса, антивирусини топишга ҳам ўзлари ёрдам берворишади. Ана шундай. ХХI асрда бир қўли билан — касални, иккинчи қўли билан унинг дорисини сотаётганлар бор. Кўп.

Разм солсак, нафақат батареяга, антивирусга, балки улардан ҳам муҳимроқ эҳтиёжларимизни эгаллаб олган гуруҳлар борга ўхшайди. Масалан, эстетик, маданий эҳтиёжларимизни. Улар анчагина ишни қилиб ҳам қўйишибди. Улар ким бўлди? Улар — “оммавий маданият маҳсулотлари”ни ясовчилар.

Президентимизнинг юқорида келтирилган огоҳлантирувчи фикри футболкалардаги ёзув, суратлардан, дисплей, экран, аудиоплеерлардан, қураётган хусусий бинолардан, суҳбатлардан, китоб, газета ва журналлардан бизга ёғилаётган балолар устидаги пинҳонлик пардасини олиб ташлади. Энди биз илгаригидек: “Ҳа, энди ёшлар бошқача‑да. Қўяверинг, ўйнаб кулсин. Вақти-соати келиб, босилиб қолар. Ўзимизга қайтар. Қаёққа ҳам борарди”, десак бўлмас. Бугун бу бефарқликни, масъулиятдан чекинишни англатади.

Дастурхонимизга қаранг. Гибрид (ясама) бемаза олмалар ўзимизнинг ширин, ҳақиқий бахмал олмаларини сиқиб чиқармоқчи. Айримлари дастурхонимизнинг тўрига чиқиб ҳам олди. Таъми — сувдай. Чиройли-ю, фойдаси йўқ.

“Оммавий маданият”нинг ўзбеклар онги ва қалбига тажовузи анча олдин бошланган. “Шум бола” фильмини бир эслайлик. Унда бир европалик Тошкентга келиб, ўзбекларнинг бир тангасини олиб, эвазига “ойнаи жаҳони”дан яланғоч аёл суратини кўрсатади. Ҳозир ўша жанобнинг неваралари боболари касбини давом эттиришаётир. Бу ишни индустрияга айлантиришди. Унинг номини “оммавий маданият”, яъни ҳамма кўриб, пул тўлайдиган, инстинктларни уйғотувчи, ҳаммабоп, ҳаммага тушунарли маданият, деб аташди.

 

Педагог маслаҲати

“Оммавий маданият” иборасини қандай тушунса, тушунтирса бўлади? “Биласизми”, дейди бир педагог. “Мактабда ўқувчиларнинг билими 1-синфдан 9-синфга борган сари қийинлашиб боради. 1-синф боласи тушунган нарсани 3-синф боласи, албатта, яхши билади. Лекин 3-синф боласи тушунган нарсани 1-синф боласи тушунмайди.

“Оммавий маданият” — 1-синф болаларига завқли, ҳайратли нарсаларни 2,3,4, 5,6,7,8,9‑синф болалари орасида ёйишга ўхшайди. Чунки 1-синфнинг 25 боласига тушунарли нарсалар кейинги 8 та юқори синф болаларига тушунарли бўлади. 9-синф болаларига тушунарли нарсалар 8,7,6,5,4, 3,2,1‑синфлар орасида ёйилса‑чи? Бўлмайди. Чунки қуйи синф ўқувчилари 9-синф даражасида фикрлай олмайди. Қабул қилишмайди. Ҳазм қила олишмайди. Шунинг учун ҳам “оммавий маданият” ибтидоий (1‑синф) даражасига қурилади. Ҳаммага тушунарлиликни суиис­теъмол қилади. Бу — 1,2,3,4,5, 6,7,8,9‑синф ўқувчиларини битта хонага олиб кириб ўқитишга ўхшайди.

Ҳаммага тушунарли нарсанинг харидори ҳамма бўлади. Демак, кўп бўлади. Ана шунинг учун ҳам “омма­вий маданият”чиларга 9-синф болалари (миллий маданият) савиясини 1-синф даражаси (оммавий даража)га тушириш иқтисодий фойда келтиради. Чунки кўпроқ истеъмолчи қамраб олинади.

Демак, фойдани кўпайтиришга ёрдам берувчи барча (!) воситаларни ишга солиш керак. “Оммавий маданият” шу тариқа ўз бозорини шакл­лантиради. Жамият, миллатлар, инсоният диди, савиясини пасайтириб, маҳсулотларига харидорларни кўпайтира боради.

Пулни кўп ўйламай, тез ишлатувчи бир тоифа бор. Улар — ёшлар. Демак, ёшларнинг кўзлари тушадиган, қулоқлари эшитадиган ҳамма нарсани эгаллаш керак. ОАВ, интернет, ўйинчоқ, мультфильм, гейм хоналар, дисклар, дафтар муқовалари, футболка суратлари, реклама, мусиқа, слэнглар ва ҳ.к.”, — деди.

Шашмақом, Бетховенни тушуниш учун одамдан юқори мусиқавий маданият талаб этилади. Ибтидоий, 2/4 ўлчовли куй‑қўшиқ (масалан, “Қарғалар” қўшиғи)ни ҳамма тушунади. Биз “Шашмақом, Бетховенни ўчир. “Қарғалар”ни қўй”, деймиз. Нега шундай деймиз? Сабаб — Шашмақом, Бетховеннинг ёмонлиги эмас, балки шўролар йилларида бизнинг мусиқий маданиятимизнинг аждодларимизникидан пасайтирилганлигида. Ана шунинг учун ҳам 2008 йил — “Ёшлар йили” доирасида аҳолининг мусиқа маданиятига алоҳида эътибор берилиши миллий маънавият, санъат ва маданиятимиз ривожида улкан аҳамият касб этади.

Хуллас, одамлардан пухта маданий билимни, дидни, тайёргарликни шарт қилиб, талаб қилувчи миллий маданиятни — маликага, бўяниб, пардозланиб, одамларнинг орқасидан эргашиб юрувчи “оммавий маданият”ни — хулқи номаъ­қул аёлга ўхшатиш мумкин.

“Оммавий маданият” одамларнинг дидини юксалтириб, миллий ва жаҳон санъатининг мумтоз асарларини тушунишга тайёрламайди. У одамларнинг орқасидан эргашиб юришга мойил. Чунки асосий мақсади — кассага тушумни кўтариш. Ҳа. “Оммавий маданият” бебаҳо миллий маънавий бойлигимиз — ўзбекистонликларга хос юксак бадиий дидни ўртамиёна, оммабоп, “бизга шу ҳам бўлаверади”, — дейдиган даражагача тушириб, пасайтириб юбориши мумкин.

 

“Оммавий

маданият” нима?

Ҳозирги мазмундаги “омма­вий маданият” ХIХ аср охири — ХХ аср бошида шаклланди. Оммавий ахборот ва коммуникация (радио, кино, телевидение, кўп нусхали газеталар, суратли журналлар, кейинчалик Интернет)нинг кескин ривожи бунга сабаб бўлди. Маънавий, маданий товарларни ишлаб чиқариш индустрияси пайдо бўлди. Бироқ аҳолининг функционал билимларида — кўтарилиш, маънавиятида эса — пасайиш кузатила бошлади.

“Оммавий маданият” аёлдаги оналик бахтини, инсонликни мадҳ этмайди. Унинг журнал, “кўпик опералар”, прайм‑тайм телекўрсатувларида аёлларнинг ишқий романлари, ёш жувоннинг мус­тақиллиги (ёлғизлиги) мадҳ этилади. Нима қилиш мумкин?

Барча динлар, миллий маданиятлар ўсмир қизларга “Ўзингни бокира тут. Асра”, деб келди. “Оммавий маданият” эса “Контрацептивдан фойдалан. Партнёрингни ҳадеб алмаштираверма. Хўпми!”, деб насиҳат қилмоқда. Бугун у ўз насиҳатини ўзбекларнинг қизларига айтиш учун келаётир.

Мана шу сатрларни ўқиётиб, беихтиёр ХV асрда яшаб, ижод қилган нотиқ ва олим Ҳусайн Воиз Кошифийнинг ҳаё ва андиша ҳақидаги фикрларини эслайсиз. Ана шунда ҳаё ва андишалар қиз‑аёлларни безовчи нафис туйғулар эмас, балки муҳим мафкуравий, ижтимоий‑сиёсий, маданий омиллар эканлигини эслаймиз: “Ҳаё ва андиша дунёда тартиб сақлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Ҳаё йўқолса, ҳеч кимда виждон қолмайди, (у ҳолда) дунёда тартиб бузилади, кишилар бир‑бирларига бефарқ қа­райдиган бўладилар” (Ахлоқи Муҳсиний).

“Оммавий маданият”га, у билан ёпирилиб келаётган маънавий ва ахлоқий тубанлик иллатларига нимани қарши қўйса бўлади? Миллий маданиятни, миллий тарбияни, миллий маънавиятни, ота‑боболаримиз эътиқод қўйиб келган исломий қадриятларни. Ана шунинг учун ҳам Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари орасида биринчи бўлиб мактаб, коллеж, институтларда диншунослик асослари предметини жорий этди. МДҲнинг айрим пеш­қадам давлатлари бу маърифий ташаббуснинг самарасини тез ҳис қилдилар. Масалан, Россия Федерацияси мактабларига 2006 йилдан бошлаб “Православ (ислом, Буддийлик) маданияти асослари” ўқув предмети жорий этила бошланди.

Мустақил фикрловчи, талабчан дидли одамлар қанча кўп бўлса, оммавий маданиятнинг бозори шунча касод бўлади. Улар ўзларига таклиф этилаётган бемаза, саёз, бетайин маданият ва санъат асар (товар)ларига қайрилиб ҳам қарамайдилар. “Оммавий маданиятчи”лар уларни авраш учун “юлдуз”ларни, олимларни ёллайдилар. Ўрта­миё­на маҳсулотларни “зўр”, деб ўтказиш учун. Бунинг учун аввал одамларнинг диди ўлдирилиб, улар асл қадриятлардан бегоналаштирилади. “Бизга шу ҳам бўлаверади”, — дейдиган авом харидорлар армиясини яратишади.

Ақлли, талабчан, зийрак одамлар ўзлари ейдиган, ичадиган, киядиган, эшитадиган, кўрадиган, ўқийдиган маҳсулотларига юксак талаб қўйишади. Яхши маҳсулот кўп маблағ, вақт, юксак ақл, технологияларни талаб қилади. Бунда “омма­вий маданият”нинг ишлаб чиқарувчиларига фойда кам тушади. Уларга эса фойда жуда керак. Жуда кўп керак.

 

Муҳаммад ҚУРОНОВ,

педагогика фанлари доктори, профессор,

1-2-сон, 2015 йил.