-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Пифагор

Жанубий Италиянинг Регия шаҳрида туғилиб ўсган қадимги юнон файласуфи Пифагор Мнесарх исмли кишининг фарзанди бўлган. Отаси уни хизмат сафарига доимо ўзи билан олиб юрган. Оқибатда Пифагор қизиқувчан ва янги нарсаларни билишга интилувчан бўлиб ўсади.

У файласуфлар Анаксимандр ва Ферекиднинг шогирди бўлган.

Пифагор узоқ вақт давомида Миср­да таҳсил олган. У Мисрда илм сирларини ўрганиш учун ҳатто хатна қилдиришга ҳам рози бўлган. Акс ҳолда уни китобларга яқинлаштиришмасди. У ҳеч қачон йиғламаган ва умуман эҳтирос ҳамда ҳис-ҳаяжонга берилмаган. Пифагорнинг қуйидаги асарлари маълум: “Табиат ҳақида”, “Давлат ҳақида”, “Тарбия ҳақида”, “Жон ҳақида”, “Олам ҳақида”, “Илоҳий калом”. Пифагор милоддан аввалги 496 йилда душманлари томонидан ўлдирилган. Пифагор ҳаётнинг мазмунига оид қарашларга “фалсафа”, деб ном берган биринчи донишманд эди.

***

Донишмандлик ибтидоси: фикрлашни ўрганиш, вайсақиликка барҳам бериш.

 ***

Ўтган кун ҳақидаги: “Мен уни қандай ўтказдим, нималар қилдим-у, нималарга улгуролмадим?” — деган саволларга жавоб топилмагунча кўзларинг уйқуга кетмасин.

 ***

Одамлар! Энг аввало эзгу ахлоққа эга бўлишга ҳаракат қилинг, зеро ахлоқ қонуннинг асосидир.

***

Тартиб сенинг муқаддас мақсадинг бўлсин. Сен бу мақсад йўлида астойдил хизмат қил. Чунки тартиб ҳамма нарсанинг мажмуасидир. Табиатнинг мавжудлиги асосида ҳам тартиб ётади.

***

Агар сендан эзгулик нима, деб сўрасалар: амалда фойдаланилган донишмандликдир, деб жавоб бер.

***

Тинглаш ва сукут сақлаш сени доноликка етаклайди. Сукут — доноликнинг бошланиши.

***

Билимлилик ва донишмандликни айни бир нарса деб ҳисобламанг.

***

Эй, оддий халқ орасида яшашга маҳкум донишманд! Сен мойга ўхшашинг лозим. Мой сувга аралашиб кетмай, унинг юзида қалқиб туради.

***

Сен ўз-ўзингга ҳоким бўл. Ўзингга ўзинг шоҳ бўлиб, одилона бошқарув асносида юксак ҳукмронлик ва энг муҳим лавозимга эришасан.