-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Хориждаги антиқа қонунлар

Германиядаги йўл қоидаларини бемаъни ёки ғалати дейишга тил айланмайди. Маҳаллий автошосселарда машинани соатига 60 километрдан паст ҳайдаш ва шосседа пиёда юриш тақиқланганини қандай аташ мумкин?

Лекин Германияда ҳам антиқа дейишга муносиб қонунлар бор.­ Масалан, машинани якшанба ёки байрам кунлари ювиш тақиқланади. Хўш, бунисига нима дейсиз?

Бундан ташқари, ҳайдовчи бармоғи билан бошқа ҳайдовчига ножоиз қилиқ қилиши ҳам мумкин эмас. Бунинг учун жарима дафтарига беш балл қўйилади. Балларингиз миқдори саккизтага етса, ҳайдовчилик гувоҳномангиздан айриласиз. Таққослаш учун: агар ҳайдовчининг қонида 0,5 промилле алкоголь топилса, уч балл қўйилади, ҳар ҳолда бармоқ билан қилиқ қилишга нисбатан камроқ.

Испанияда кўзойнак тақадиган ҳайдовчилар машиналарида захира кўзойнак олиб юришлари лозим. Бу қоидани чиқарганлар ҳайдовчи мободо тақиб юрган кўзойнаги синиб қолса машинасини бирор жойга олиб бориб урмасин, дейишган бўлса керак.

Яхшиямки, 1997 йилда кўзойнакли ҳайдовчилар тўполон қи­лишганидан сўнг бу қоидага ўзгартириш киритилди. Эндиликда у қоида эмас, шунчаки тавсияга айланган.

Австралияда йўлда турган ҳайвонларга йўл кўр­сатиш тақиқ­ланади. Масалан, йўлингизда турган сигирларга сигнал чалишга ­ёки қўлингизни ойнадан чиқариб уларни ҳайдашга ҳаққингиз йўқ. Бунинг ўрнига йўл четида тўхтаб, двигателни ўчиришингиз ва жониворлар йўлни бўшатишини кутиб туришингиз лозим. Виктория­ штатида ушбу қоидага амал қилмаганлар 141 АҚШ доллари жарима тўлашларига тўғри келади.

Буюк Британия — илгарилари Лондоннинг Хакни районида ишлаган извошчиларга бир боғ сомон ва бир қоп сулисиз йўлга чиқиш тақиқланган. Агарда извошчи отига ем беришига тўғри келиб қолса-ю, ёнида ем бўлмаса у йўлда тўхтаб қолиши мумкин деб ҳисобланган. Бу қоида XIX аср бошларида киритилган бўлиб, 1976 йилга келибгина бекор қилинган.

Бу қоида ҳақида ҳозиргача гапириб юришади. Бу ерда ишлаш учун келган ҳайдовчи-мигрантлар ростдан ҳам ушбу қоида амалдами-йўқми, агарда амалда бўлса, жарима миқдори қанчалигини сўрашади.

Ўзи билан сомон ва сули олиб юриш ҳақидаги гапни Австралия­да ҳам эшитиш мумкин. Бу ерда қоида янада қатъийроқ: нафақат таксичилар, балки барча фуқаролар ёнида емак олиб юришлари лозим. Бу ҳазилни британияликлар ўйлаб чиқаришган.

Интернет материаллари асосида тайёрланди.