-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ САЙЛОВИ ЯКУНЛАРИ ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ

07.04.2015

Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жа­мия­ти изчил ривожланиб бораётган мамлакатимиз келажаги учун улкан тарихий аҳа­миятга эга эканини таъкидлади. Сайлов фуқароларимизнинг юксак ҳуқуқий маданияти ва сиёсий фаоллиги юқорилигини, халқимиз мамлакатимизда босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини яна бир бор намоён этди.

Марказий сайлов комиссияси округ сайлов комиссияларидан келган баённомаларга асосан 29 март куни бўлиб ўтган Президент сайловида сайловчилар рўй­хатига киритилган 20 миллион 798 минг 52 фуқародан 18 миллион 942 минг 349 нафари иштирок этганини аниқлади. Бу сайловчиларнинг 91,08 фоизини ташкил этди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод этиб кўрсатилган Ислом Абдуғаниевич Каримовга сайловчиларнинг 17 миллион 122 минг 597 нафари ёки 90,39 фоизи, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан кўрсатилган номзод Акмал Холматович Саидовга 582 минг 688 нафари ёки 3,08 фоизи, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан кўр­сатилган номзод Ҳотамжон Абдураҳмонович Кетмоновга 552 минг 309 нафари ёки 2,92 фоизи, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Наримон Мажитович Умаровга 389 минг 24 нафари ёки 2,05 фоизи овоз берди.

Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциясининг 90, 117-моддалари, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғ­рисида”ги Қонуннинг 14, 35, 36-моддалари ва “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонуннинг 5, 9-моддаларига мувофиқ Ислом Абдуғаниевич
Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланди, деб ҳисоблаш ҳақида қарор қабул қилди.

Мажлисда Президент сайлови Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Фуқаролар сай­лов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” ва “Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунларга мувофиқ, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш ҳуқуқи таъминланган ва умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш принципларига риоя этилган ҳолда ўтказилгани таъкидланди.

Сайловда дунёнинг 43 давлати ва бешта халқаро ташкилот – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлиги ташкилотидан 299 кузатувчининг иштирок этгани ҳам сайлов кампанияси демократик, очиқ ва ошкора ўтганлигидан ёрқин далолатдир. Сайлов жараёнини, шунингдек, сиёсий партияларнинг 35 мингдан ортиқ вакили кузатиб борди.

Сайловнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситалари ҳам муҳим ўрин тутди. Президент сайловини мамлакатимизнинг қарийб 600 ва 180 дан зиёд хорижий оммавий ахборот воситалари, 180 га яқин хорижий ва миллий интернет-нашр ёритиб борди. Ўзбекис­тон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича республика матбуот маркази ва ҳудудий матбуот марказлари томонидан 980 нафардан ортиқ маҳаллий ва чет эллик  журналист иштирокида сайлов кампаниясининг муҳим босқичларига бағишланган етмишдан зиёд матбуот анжуманлари ва брифинглар ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик ва сайлов жараёни ҳақида 12,7 мингдан ортиқ мақола ва ахборот материаллари чоп этилди, теле ва радиоэшиттиришлар эфирга узатилди.

 

М.МАМЕТОВА,

ЎзА мухбири