-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлаш муҳим ва долзарб вазифа

14.04.2015

Давлатимиз раҳбарининг “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да адлия органларининг фаолиятини такомиллаштириш юзасидан концептуал аҳамиятга эга бўлган ғоялар илгари сурилди. Хусусан, Президентимизнинг фикрича, “адлия органларининг ҳуқуқ ижодкорлиги соҳаси ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида ягона давлат сиёсатини ўтказишдаги ролини кучайтириш учун уларга зарур бўлган тегишли ваколатларнинг берилиши мамлакатимизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари тизимида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали механизмини яратиш имконини беради ҳамда ушбу органлар фаолиятида қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади”.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш тизимида адлия органларининг ўрни ва роли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни экспертиза қилиш, идоравий-меъёрий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларини ва уларнинг давлат органларида бажарилишини доимий равишда таҳлил қилиш, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмаларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кўзлаб, судга мурожаат қилишда намоён бўлади.

2014 йил давомида фуқароларнинг жами 25 361 та мурожаати адлия органлари ва муассасалари томонидан кўриб чиқилди. Бу рақамлар 2013 йилда 29 521 тани ташкил қилган.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган вазифаларни бажаришда масъуллар белгиланишининг асосий ҳусусияти шундаки, аксарият тадбирларга бир вақтда Адлия вазирлиги билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудс­ман), Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги жалб этилган. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, адлия органлари инсон ҳуқуқ ва эркинликларини бевосита ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган давлат органлари ва институтлари билан ҳамкорликда фаолият юритиб келмоқда.

Шу ўринда, 2014 йилнинг 4 декабридан расман кучга кирган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий нормаларни ўз ичига қамраб олганлигини айтиб ўтиш даркор. Мазкур Қонунда нафақат фуқароларнинг, балки юридик шахсларнинг ҳам ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган нормалар ҳам ўз аксини топган.

 

Алишер САИДОВ,

Адлия вазирлиги масъул ходими