-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Ибрат мактаби

05.05.2015

Бежизга оила — Ватан ичра кичик бир Ватан, жамият таянчи, деб аталмайди. Яна “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган қадимий ибора ҳам бор. Ҳар биримиз ҳурмат-эҳтиром, қадру қиммат каби ибратли фазилатларни, дас­таввал, ўз уйимизда, оиламизда ўргансак, ундаги муҳитда кўриб, ўз феъл-атворимизга сингдирсак, оқиллик, комиллик, фозилликка эга бўламиз.

Шу маънода “Кексаларни эъзозлаш йили” муқаддас қўрғон аталмиш оилада аҳиллик, ҳамжиҳатлик, инсоний туйғулар қарор топишига кўп жиҳатдан масъул ва дахлдор саналган биз ФҲДЁ органлари ходимлари учун ҳам айни муддао бўлди ва зиммамиздаги масъулият залворини ҳар қачонгидан оширди.

Бир олам орзу-ҳаваслар, қутлуғ ният ва истаклар билан оила қуриш арафасида турган ёшлар иштирокидаги суҳбатларда “Кексаларни эъзозлаш йили”нинг моҳияти ва аҳамиятига катта эътибор қаратмоқдамиз. Оилалар мустаҳкамлигига эришиш ҳамда умр ришталарини боғлаётган келин-куёвларнинг оила масъулиятини ҳис этиб, бахтли-саодатли ҳаёт кечиришлари, элимизга, юртимизга муносиб ҳар жиҳатдан соғлом наслларни дунёга келтиришлари ва тарбиялашлари учун “Оила дорилфунуни”, “Бўлажак қудалар мактаби” сингари тадбирлар, давра суҳбатларига ёши улуғ, катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган пиру бадавлат отахон-онахонларимизни таклиф этиб, тўй-маросимларни камхарж-камчиқим ва ихчам, энг муҳими, барпо этилаётган оиланинг мустаҳкамлиги ва иқболини кўзлаб ўтказишда ёшларни, фахрийларимизнинг тавсияларига амал қилишга чорлаяпмиз.

Чунки улар кўпни кўрган, ҳаёт синовларидан ўтган донишманд устоз, доно маслаҳатчи.

“Кексаларни эъзозлаш йили” муносабати билан “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмас” шиори остида бутун мамлакатимиз миқёсида 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, кексалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга малакали тиббий хизмат кўрсатилаётгани юксак ғамхўрликнинг ифодаси.

Президентимиз томонидан 2015 йил 19 февраль куни “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини “Иккинчи жаҳон урушидаги ўалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали билан мукофотлаш тўғрисида”ги Фармон эълон қилиниб,  юртимизнинг барча ҳудудларида бўлганидек, вилоятимизда ҳам ушбу юбилей медалларини топшириш маросимлари катта тантаналар билан ўтказилди. Шунингдек, 2015 йил 6 мартда эълон қилинган “1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармон ҳам мамлакатимиздаги барча соҳалар томонидан фахрийларга иззат-икром кўрсатиш борасида кўрсатилаётган ташаббуслар ва амалий саъй-ҳаракатлар, ёши улуғ, табаррук ёшли кишилар хонадонларига уюштирилаётган йўқловлар, улар ҳолидан мунтазам хабар олинаётгани, айниқса, ёш авлоднинг нуронийлар суҳбатидан баҳраманд бўлиб, уй юмушларида кўмак беришаётгани яқинлашиб келаётган “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан амалга ошириладиган эзгу ва хайрли ишларга уйғун ва ҳамоҳангдир.

Биз ФҲДЁ органлари ходимлари ҳам ана шундай хайрли ташаббуслардан четда турмаяпмиз. Ташкил этаётган тадбирларимизда ирода, сабот ва матонат тимсоли бўлган пиру бадавлат момоларимиз-боболаримиз ҳаёт йўли ёшлар учун ибрат мактаби эканлиги, бугунги тинч ва осойишта, файзли ва фаровон ҳаёт қадрига етиш заруратга айланаётгани диққат-эътиборимизда бўлмоқда.

 

Нодира АБИТДИНОВА,

Наманган шаҳар 1-сон ФҲДЁ бўлими мудираси

2015 йил, 17-сон.