-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Ҳар қандай тадбир жонли ва таъсирли мулоқотлар туфайли самара беради

19.05.2015

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ томонидан жамиятда ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданиятни янада юксалтириш ва қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган билимлар аҳоли ўртасида атрофлича тарғиб қилинмоқда. Шу мақсадда жойларда кенг қамровли анжуманлар ўтказиб келиняпти. Мазкур тадбирларга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги мактаб, академик лицей, коллеж ва олий таълим муассасалари, давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд идоралари, фуқаролик жамияти инс­титутлари, корхона, муассаса ва ташкилотлардан маънавий-маърифий, ҳуқу­қий тарғибот ва маърифат соҳасига масъул бўлган 18 111 нафар киши жалб қилинди.

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, авваламбор, инсон манфаати, унинг оиласи ва фарзандлари ҳамда юрт фаровонлиги, тараққиёти учун амалга оширилмоқда. Халқимиз буни аниқ-равшан англаб турибди. Маълумки, жамиятда ҳуқу­қий маданият ва ҳуқуқий онгни юксалтириш, сиёсий фаолликни ва фуқаролик масъулиятини янада оширишда фаол иштирок этиш адлия ходимларининг асосий мақсадларидан бири. Шу боис Адлия вазирининг 2015 йил 7 апрелдаги 41-с-сон буйруғи билан Республика тарғибот гуруҳи ташкил этилди. “Ватанпарварлик нафақат ўз юртингни бало-қазолардан асраш, балки унинг тараққиёти учун курашиш ҳам демакдир” шиори остидаги тадбирлар концепцияси ҳамда дастур режаси тасдиқланди.

Режага мувофиқ 14 апрелдан
8 май кунига қадар Қорақалпоғис­тон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида маънавий-маърифий, ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасига масъул 9 975 нафар ходим учун “master-class”лар ўтказилди. 6 810 нафар ёшлар учун тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Тадбир тафсилотлари марказий ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ёритиб борилди.

Бундан ташқари, Ҳуқуқий тар­ғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгашнинг 2015 йил 7 апрелдаги 6-сон қарори билан “Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури” ҳам тасдиқланди.

Шунга кўра, кенг аҳоли ислоҳотларнинг ҳуқуқий асослари билан яқиндан таништирилди. Зарурий ахборот ва адабиётлар тарқатилиб, ёшларга миллий давлатчилик анъаналари ҳамда амалдаги тизимнинг ишлаш механизмлари тўғрисида объектив маълумотлар етказишга аҳамият берилди. Фуқароларни давлат ва жамиятда юз бераётган сўнгги ўзгаришлардан хабардор қилиш билан бирга ижтимоий фикрни янада соғломлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Жамиятнинг ахборот хавф­сизлигини таъминлашнинг самарали усулларини жорий қилиш, кекса авлоднинг бу борадаги бой ҳаётий тажрибасидан унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқлигига урғу берилди.

Тарғибот ишларини марказдан туриб эмас, балки давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорликда жойларда — бевосита кенг аҳоли ўртасида, корхона, муассаса ва ташкилотлар, фуқаролар йиғинлари, таълим муассасаларида тизимли ва мунтазам ташкил этиш ўз самарасини бериши тадбирлар давомида исботини топди.

Албатта, бугун ҳар қандай тадбир ёки анжуман, тарғибот-ташвиқот масалалари аҳоли, айниқса, ёшлар билан юзма-юз, жонли ва таъсирли мулоқотлар давомида ўз самарасини беради. Буни ташкил этилган тадбирлар натижаси ҳам кўрсатиб турибди.

 

Алижон ОЧИЛОВ,

Адлия вазирлиги Ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқий таълим бошқармаси бошлиғи

19-сон, 2015 йил.