-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Очиқлик ва шаффофлик асосий мақсад

16.06.2015

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ҳамкорлигида хизмат кўрсатувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари вакиллари ҳамда турли соҳаларда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари иштирокида Президентимизнинг “Хусусий мулк, кичик бизнес, хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятига бағишланган туркум семинарлар ташкил этилди.

Семинарда таъкидланганидек, мазкур Фармонга мувофиқ тасдиқланган комплекс Дастурда давлат хизматлари­дан фойдаланишда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, аризачиларнинг хизмат кўрсатиш тўғрисида қа­рор қабул қилувчи мансабдор шахслар билан бевосита алоқасини истисно қилиш кўрсатилган. Эндиликда туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инс­пекциялари негизида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш “Бир дарча” марказлари ташкил этилиши назарда тутилмоқда.

Дастурга кўра, тадбиркорлик субъ­ектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйиш Ўзбекистон Республикаси интерфаол давлат хизматлари Ягона порталига интеграция қилинган интернет тармоғида автоматлаштирилган тизим орқали 24 соат узлуксиз амалга оширилади.

Фармоннинг энг муҳим жиҳатлари сифатида жорий йил 1 июлидан бошлаб молия хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ўтказиш муддати 10 календарь кундан ошмаслиги, микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолияти бўйича барча текширувлар режали асосда тўрт йилда бир мартадан кўп бўлмаган, бошқа хўжалик субъектларини текшириш уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган ва фақат Ўзбекистон Республикаси Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши қарори билан амалга оширилиши қатъий белгилаб қўйилгани қайд этилди. Фармон билан тасдиқланган Дастур доирасида назорат қилувчи органлар фаолиятида қонунийликни таъминлашда республика миқёсидаги манфаатдор идоралар ҳамкорлигида ишлаб чиқилган “Тадбиркорлик субъ­ектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун лойиҳасини қабул қилиниши назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлар фаолиятига асоссиз аралашувларининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

 

Адлия вазирлиги Ахборот хизмати