-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Равнақ қулфидаги калит Қонунийлик таъминланса, жамиятда ривожланиш бўлади

16.06.2015

МАМЛАКАТИМИЗ истиқлолга эришган дастлабки йиллардан бошлаб адлия идоралари ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш, миллий қонунчилигимизни мустаҳкамлаш борасида самарали фаолият юритмоқда.

Айниқса, кейинги йилларда инсон ҳуқуқларини, кичик бизнес ва хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар манфаатларини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш, шартнома интизомини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар аҳамиятга молик.

Жумладан, адлия идораларининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари фуқароларнинг конституция­вий ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмалари фаолиятида қонунийликни таъминлаш, давлат ва жамият қурилиши, норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги фаолиятини тизимли таҳлил қилиш, улар томонидан киритиладиган ёки қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонун ҳужжатларига, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг  мақсад ва вазифаларига, шунингдек, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлигини аниқлаш юзасидан экспертизани амалга ошириш, жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онгини, ҳуқуқий маданиятини оширишга ва қонунийликни мустаҳкамлашга йўналтирилган давлат органларининг ҳудудий бўлинмалари, жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқий тар­ғибот ва маърифат борасидаги ишларини самарали мувофиқлаштириш кабилардан иборат бўлмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Юртбошимиз томонидан 2011 йил 23 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фао­лиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш юзасидан Самарқанд вилоят адлия бошқармаси томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр юритмоқчимиз.

Бошқармамиз ходимлари томонидан 2015 йилнинг 1-чораги давомида 12 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб ва белгиланган тартибда Адлия вазирлигига тақдим этилди.

Ушбу даврда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 70 та қарор лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун тақдим қилиниб, ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган ва хулоса берилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари сони 61 тани ташкил қилди.

Шундан 57 таси вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари қарор лойиҳалари, 4 таси халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг қарор лойиҳаларидир. Белгиланган талабларга риоя қилинмай тақдим қилинганлиги сабабли 9 та лойиҳа қайтарилган.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, мурожаатларни кўриб чиқиб, ундаги важларни қонуний ҳал этиш ҳар бир давлат идораси ходимининг муҳим ва устувор вазифаларидан ҳисобланади. Ушбу йўналишда жорий йилнинг биринчи чорагида бошқарма ходимлари томонидан жисмоний шахсларнинг 112 та, юридик шахсларнинг 46 та шикояти кўриб чиқилган.

Жисмоний шахслардан келиб тушган мурожаатларнинг 38 таси қаноатлантирилиб, 74 тасига тегишли тартибда ҳуқуқий тушунтириш берилган юридик шахсларнинг 15 та шикояти қаноатлантирилиб, 23 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган.

Шикоятларни кўриб чиқиш натижалари бўйича 14 та тақдимнома, 3 та маъмурий таклиф киритилиб, фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Киритилган таъсир чораларига асосан 14 нафар шахс интизомий,  1 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Тақдимномаларга асосан 1,2 миллион сўмдан ортиқ маблағ фуқаролар ихтиёрига ундирилди. Шикоятларни кўриб чиқиш натижалари бўйича судларга 60 миллион сўмдан ортиқ 38 та даъво аризаси киритилган.

Шу даврда жисмоний ва юридик шахсларнинг 30 та аризаси мазмунан ҳал этилиб, уларнинг 21 таси қаноатлантирилди, 9 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Ҳукумат портали орқали жисмоний  ва юридик шахслардан келиб тушган 19 та мурожаат мазмунан ҳал қилиниб, уларнинг 4 таси қаноатлантирилди, 15 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган бўлса, “Ишонч телефони”га келиб тушган мурожаатларнинг 18 таси қаноатлантирилиб, 3 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган.

Инсон ҳуқуқлари, тадбиркорлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, шартномавий муносабатларни назорат қилиш, нодавлат нотижорат ҳамда диний ташкилотлар фаолиятини назорат қилиш ҳамда бошқа соҳаларда ўтказилган 176 та ўрганиш давомида жами 2 784 та қонунбузилиш ҳолати аниқланган.

Қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида турли идора ва ташкилотларга жами 198 та тақдимнома, 68 та огоҳнома киритилган. Натижада 81 нафар айбдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди, шундан 1 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди. Тақдимномаларга асосан 10 та ҳужжат ижроси тўхтатилиб, 21 та ҳужжат бекор қилинди, 6,8 миллиард сўмдан ортиқ маблағ қайтарилган ёки тўлаб берилган.

Жумладан, Булунғур туман, “Нурли йўл” МФЙ Қиёт қишлоғида яшовчи фуқаро Ж.Ҳайдаровнинг тумандаги 9-сонли мусиқа ва санъат мактаби ҳисобчиси лавозимидан ноқонуний равишда бўшатилганлиги юзасидан қилган шикоятини ўрганиш давомида мактаб раҳбарияти томонидан ҳақиқатан ҳам ушбу ходимни меҳнат қонунчилиги талабларини бузган ҳолда вазифасидан озод қилинганлиги аниқланди.

Ушбу ҳолат бўйича мактаб маъмурияти номига бошқарма томонидан киритилган тақдимнома ижроси таъминланиб, мактаб директорининг 2015 йил 25 февралдаги буйруғи бекор қилинди ҳамда аризачи ўз лавозимига қайта тикланди.

Шунингдек, бошқарма ходимлари томонидан Пахтачи туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими ходимлари томонидан тумандаги 16 та фермер хўжалигида ваколатли орган рухсатисиз ноқонуний текширишлар ўтказилганлиги аниқланиб, ушбу қонунбузилиш ҳолати бўйича, Самарқанд вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси бошлиғи номига киритилган тақдимномага асосан бир нафар мансабдор шахс эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди ҳамда ноқонуний равишда чиқарилган 16 та қарор бекор қилиниши таъминланди.

Жорий йилда бошқармага мурожаат этган, янгидан ташкил этилган 5 та хорижий инвестиция ва хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар давлат руйхатидан, 4 та шу каби корхоналарнинг таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар давлат рўйхатидан ўтказилди. 3 та хорижий инвестиция иштирокидаги  корхона реестрдан чиқарилиб биринчи чорак охирига келиб вилоятдаги хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар сони 188 тани ташкил қилди.

Бошқармамиз томонидан тадбиркорлик соҳасида ўтказилаётган ўрганишлар ва мониторинглар давомида энг асосий эътибор тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар фаолиятига ноқонуний аралашганлик, улар фаолия­тини ноқонуний текшириш, соҳада мавжуд бюрократик тўсиқ ва ғовларни аниқлаб уларни бартараф қилиш бўйича зарур чораларни кўриш, айниқса, улар фаолиятини суд орқали ишончли ҳимоя қилиш механизмидан кенг фойдаланиш борасида бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, 2014 йилда бошқарма ходимлари томонидан ушбу соҳада ўтказилган ўрганишлар давомида 70 га яқин ташкилотлар фаолия­ти ўрганиб чиқилиб, ўрганишлар давомида 679 та қонунбузилишга йўл қўйилганлиги аниқланди.

Ушбу қонунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиш ва уларга қайта йўл қўймаслик борасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви, шунингдек, назорат қилувчи идораларга 59 та тақдимнома, 33 та огоҳнома киритилиб, улар асосида 51 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди, шундан 1 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Судларга киритилган таклифлар асосида 7 нафар мансабдор шахс тегишли тартибда маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, суд қарорлари асосида мансабдор шахсларнинг ўзидан 3,8 миллион сўм миқдорда маънавий зарар ундирилди.

Тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар манфаатларини кўзлаб суд идораларига 147 миллион сўмдан ортиқ 82 та даъво аризаси киритилди.

 

Худоёр МАМАТОВ,

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи