-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Тадбиркорлик — тўкин ва фаровон ҳаёт асоси

07.07.2015

ЮРТИМИЗ мустақиллигининг илк даврларидан халқимиз учун обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш мақсадида эркин бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш асосий вазифалардан қилиб белгиланди.

Хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, иқтисодиётимизда давлат иштирокини камайтириш, ялпи ички маҳсулотда хусусий мулк, жумладан, чет эл капитали иштирокидаги улушни изчил ошириш мақсадида Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон билан хусусий мулк кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишнинг тўртта асосий йўналиш бўйича амалга ошириладиган ўттиз учта чора-тадбирларни кўзда тутувчи комплекс Дастур тасдиқланди.

Фармоннинг аҳамиятли томони шундаки, унда бир томондан тадбиркорлик фао­лиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортиш даражасига ошириш кўзда тутилган бўлса, иккинчи томондан хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиш, уларни ташкил этиш ва фао­лиятини йўлга қўйиш тартибини янада соддалаштириш, маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш ҳисобидан тадбиркорликка янада кенг эркинлик беришга алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, ушбу Фармон билан тасдиқланган чора-тадбирлар Дастурига мувофиқ Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Олий суд ва Олий хўжалик судига бошқа манфаатдор тузилмалар билан биргаликда тадбиркорлар фао­лиятига тўсқинлик қилгани ва ноқонуний аралашгани учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг жавобгарлигини кучайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва қабул қилиш топширилди.

2015 йилнинг август ойида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга (Тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган бошқа ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик) деб номланувчи алоҳида XVI1-боб билан тўлдирилиши кўзда тутилмоқда.

Унда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ва тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган бошқа ҳуқуқбузарликлар, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъектлар молия-хўжалик фаолиятини текшириш ва тафтиш қилишнинг тартибини бузганлик, давлат хизматларини кўрсатиш тартибини бузганлик, тадбиркорлик фаолияти субъектидан қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилганлик, хўжалик юритувчи субъектлар фаолия­тини ва (ёки) банк ҳисоб варақ операцияларини ноқонуний тўхтатганлик, хўжалик юритувчи субъектлар ҳисоб рақамларида пул маблағлари мавжудлиги тўғрисида маълумотларни асоссиз талаб қилганлик, хўжалик юритувчи субъектларни пул маблағларини ажратиш билан боғлиқ ҳайрия ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этганлик, рухсат бериш тартиб-тао­миллари тўғрисидаги қо­нунчилик талабларини бузганлик учун алоҳида маъмурий жарималарни назарда тутувчи маъмурий жавобгарликни ошириш ўз ифодасини топади.

Шунингдек, ушбу Кодекс­да тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган бинолар ва бошқа иншоотларни шу мулкнинг бозор қийматини қопламасдан бузиб ташлаганлик учун маъмурий жавобгарликни жорий этиш назарда тутилмоқда.

Назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва бошқа давлат органларининг тадбиркорлик фаолияти эркинлигини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликни кўп маротаба бузган мансабдор шахсларига нисбатан эса жиноий жавобгарлик чоралари қўлланилади.

Жиноят кодексига хўжалик юритувчи субъектлар мансабдор шахсларига нисбатан улар томонидан сохта банкротлик ва банкротликни яшириш орқали етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганда озодликдан маҳрум этиш шаклидаги жазо қўлланилмаслигини назарда тутувчи қўшимчалар киритиш кўзда тутилмоқда.

Савдо-сотиқ қоидалари, савдо ва воситачилик фаолияти соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни (Жиноят кодексининг 188-моддасида назарда тутилган савдо ёки воситачилик фаолияти билан қонунга хилоф равишда шуғулланиш, 189-моддасида назарда тутилган савдо ёки хизмат кўрсатиш қои­даларини бузиш) жиноий юрисдикциядан маъмурий юрисдик­ция­га ўтказиш назарда тутилмоқда. Жуда катта миқдорда зарар етказилишига олиб келган ҳуқуқбузарликлар бундан мустасно.

Тадбиркорлик тузилмалари ва бошқа нодавлат ташкилотларида маъмурий-тақсимот ҳамда маъмурий-хўжалик ваколатларини амалга оширувчи мансабдор шахслар жавобгарлигини юмшатиш чоралари белгиланади. Жумладан, Жиноят кодексига ноқонуний равишда моддий мукофот олганлик (тижорат пораси), ваколатларни суиистеъмол қилганлик ва бошқа ҳуқуқбузарликлар учун нисбатан юмшоқ жазо чораларини назарда тутувчи алоҳида моддалар киритилади. Юқорида кўрсатилган ҳуқуқ­бузарликлар натижасида етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганда озодликдан маҳ­рум этиш жазоси қўлланилмайди.

Шунингдек, илгари “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасига мувофиқ кичик тадбиркорлик субъект­лари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар, преференциялар, кафолатлар ва ҳуқуқлар улар томонидан ваколатли органлар ҳамда ташкилотларга кичик тадбиркорлик субъ­ектлари эканлиги ҳақида хабарнома тақдим этган ҳолда қилинган мурожаатлар асосида берилар эди.

Эндиликда қонунчиликда тадбиркорлик субъектлари учун кўзда тутилган имтиёз ва енгилликлардан фойдаланишда турли ёзма аризалар билан мурожаат қилишнинг ҳожати бўлмайди.

2015 йилнинг 1 июлидан якка тартибдаги тадбиркорларга фаолиятидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир ёлланган ишчи учун Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига энг кам ойлик иш ҳақи­нинг 50 фоизи миқдорида суғурта бадали ва якка тартибда иш берувчи тадбиркор учун белгиланган солиқ ставкасининг 30 фоизи миқдорида солиқ тўлаш шарти билан бир нафардан уч нафаргача ишчи ёллаш ҳуқуқи берилади.

Якка тадбиркорлар томонидан касб-ҳунар коллежи битирувчилари ишга ёлланган ҳолатда эса улар коллежни битиргандан бошлаб 12 ой мобайнида ёлланма ишчилар учун белгиланган солиқдан озод этилади.

Булардан ташқари, чора-тадбирлар дастурида хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишни янада тартибга солишга алоҳида эътибор қаратилган.

Жумладан, мазкур Дастурга мувофиқ 2015 йилнинг 1 июлидан бошлаб режали текширишлар ўтказишнинг ягона тартиби ва даврийлиги жорий этилади. Мазкур тартибга кўра, микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолияти бўйича барча текширувлар режали асосда тўрт йилда бир мартадан кўп бўлмаган, бошқа хўжалик субъектларининг текшириш уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган ва фақат Ўзбекистон Республикаси НҚОФМР Кенгашининг қарори билан амалга оширилади. Айни пайтда молиявий-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувларни амалга ошириш муддати 30 календарь кундан 10 кунгача қисқартирилмоқда.

Бунда назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида комплекс режали текширишлар белгиланишидан олдин ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш борасида олиб борилган ишлар, текшириш давомида йўл қўйилган хатоликларни тўғрилаш имконияти таклиф қилинганлиги, текшириш натижалари бўйича тадбиркорлик субъектларини тугатиш даражасига етказилишини бартараф этиш чораларининг кўрилганлиги улар ишини баҳолашнинг асосий мезонлари сифатида белгиланди.

Кичик тадбиркорлик субъ­ект­ларининг молия-хўжалик фао­лиятини солиқ текширувидан ўт­казишга қўлланиладиган мораторий мезонлари сони учдан иккига қисқартирилади.

Қўзғатилган жиноят ишлари дои­расида назорат қи­лувчи органлар томонидан хў­жалик юритувчи субъектлар фаолиятининг текширувлари хўжалик юритувчи субъ­ектлар томонидан жалб қилинган адвокатлар иштирокида амалга оширилишини назарда тутувчи тартиб жорий этилмоқда.

Дастурда юқорида қайд этилгандан ташқари, барча турдаги рўйхатга олиш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш, турли давлат хизматларидан фойдаланишни кенгайтириш борасида комплекс чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Эндиликда тадбиркорлик субъ­ектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйиш Ўзбекис­тон Республикаси интерфаол давлат хизматлари Ягона порталига интеграция қилинган интернет тармоғида автоматлаштирилган тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш ва ҳисобга қўйиш тизими орқали 24 соат узлуксиз амалга оширилади.

Давлат хизматларидан фой­даланишда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, аризачиларнинг хизмат кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилувчи мансабдор шахслар билан бевосита алоқасини истисно қилиш мақсадида бугунги кунда турли идоралар қошида фаолият юритаётган, алоҳида давлат хизматлари кўрсатаётган “бир дарча” хизматларининг ўрнига туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўй­хатга олиш инспекциялари негизида “бир дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш бўйича Ягона марказлар ташкил этилади. Ушбу марказларнинг фаолияти 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб йўлга қўйилиши режалаштирилган. Шу муддатдан бошлаб “бир дарча” марказлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар учун бошқа давлат ва хўжалик бошқарув органларига тадбиркорлик субъектларидан бевосита ҳужжатлар қабул қилиш тақиқланиши белгиланди.

Шунингдек, бошқарма томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда кенг жамоатчилик, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари, касб-ҳунар коллежларининг битирувчилари, қишлоқ жойларидаги фуқароларни жалб қилган ҳолда мунтазам равишда тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Келгусида мазкур Фармон ижроси хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириб, тадбиркорлик субъектларининг сони ортишига, янги иш ўринларининг яратилишига ва ҳаётимизнинг янада обод ва фаровон бўлишига хизмат қилади.

 

Илгизар САБИРОВ,

Хоразм вилоят адлия бошқармаси бошлиғи, 2015 йил.27-сон.