-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Сифат ва самарадорлик ошмоқда

07.07.2015

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИДА давлат ва хўжалик бошқаруви, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари юридик хизматлари фаолиятини  янада такомиллаштириш масалаларига бағишланган анжуман ўтказилди.

Тадбир Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 4 июндаги “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари юридик хизматлари фаолиятининг янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифаларига бағишланди.

Анжуманда таъкидланганидек, бугунги кунда юридик хизмат  фаолиятини  бошқариш Вазирлар Маҳкамасининг бу соҳага оид тегишли қарорлари билан ҳуқуқий тартибга солиб келинмоқда. Мазкур ҳужжатларда юридик хизмат ходимларининг вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни аттестациядан ўтказиш, малакасини ошириш  тартиби белгилаб берилган. Шунингдек, ушбу хизмат фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратилишига масъул бўлган мансабдор шахсларнинг шахсан жавобгар эканлиги ҳам мустаҳкамланган. Ўз навбатида, Адлия вазирлигига ушбу хизмат ходимларини тегишли тартибда аттестациядан ўтказиш, малакасини ошириш вазифаси юклатилган.

Эндиликда, юридик хизматлар фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан амалдаги тартиб-таомилларга бир қатор ўзгартиришлар киритилмоқда. Хусусан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидаги юрист­ларнинг штат бирликларини қисқартириш ёхуд бошқа таркибий бўлинмаларга қайта тақсимлашга йўл қўйилмайди. Ушбу хизмат ходими лавозимига биринчи марта тайинланган шахслар белгиланган тартибда адлия органларида стажировкадан ўтадилар. Шунингдек, ҳукумат қарорида адлия органларининг корхоналарда ҳуқуқий ишларни мувофиқлаштириш, уларни яхшилашга доир методик тавсиялар ишлаб чиқиш, ҳар чоракда корхона ва ташкилотлардан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун келиб тушган норматив ҳужжатлар лойиҳаларини таҳлил қилиш, умумлаштириш ҳамда бу йўналишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан услубий  ёрдам кўрсатиш йўналишидаги фаолиятини янада кучайтириш, сифатини ошириш масалалари ўз аксини топган.

Таъкидлаш ўринлики, шу кунгача адлия органлари томонидан юридик хизматга услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида ўнлаб идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Мазкур тизим ходимларининг доимий равишда янгиланиб турадиган маълумотлар базаси яратилган. Соҳага дахлдор юридик адабиётлар кўп нусхада чоп этилиб, давлат органларига тарқатилди. “Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш  бўйича ҳужжатлар тўплами” тайёрланиб, нашр этилди. Фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида у электрон шаклда давлат органларига бепул тарқатилди. Юрист маслаҳатчиларни ўқитиш ва касбий билимлари даражасини аниқлаш борасида ҳам зарур тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, қарийб 850 нафар юристнинг малакаси оширилди, салкам 1000 нафарининг эса аттестациядан  ўтказилиши таъминланди.

Тадбир иштирокчилари юридик хизмат фаолиятини ташкил этиш, тизимни малакали кадрлар билан таъминлаш, ходимлар малакасини тизимли ошириш бўйича қарорда белгиланган қоидалар билан яқиндан танишдилар. Ўзаро мулоқотда ўртага ташланган саволларга мутахассислар ёрдамида ойдинлик киритилди.

 

Адлия вазирлиги Ахборот хизмати