-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Ҳаёт — оила билан гўзал усиз маъно ҳам, мантиқ ҳам йўқ

17.11.2015

ОИЛА — муқаддас даргоҳ. Бу сўзни ҳар куни кўп бора эшитамиз. Сабаби иш фаолиятимиз бевосита оилалар тақдири билан боғлиқ. Тарихга назар соладиган бўлсак, шарқда оила шаъни эр йигитлар қаддидек юксак бўлган.

Ибн Сино, Алишер Навоий, Беруний сингари буюк алломаларимиз асарларида оилада фарзанд тарбиясида ҳар бир ота-она масъулиятли бўлишлиги ҳақида кўплаб фикрлар юритилган. Биргина Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асари қаҳрамонларининг оилага ҳурмати борасида фикрлари ҳақида соатлаб мулоҳаза юритиш мумкин. Мустақиллик йилларида юртимизда оилалар мустаҳкамлиги, уларнинг соғлиғи, маънавияти, фарзанд тарбияси давлат сиё­сати даражасига кўтарилди.

Президентимизнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида таъкидланганидек, “Оила соғлом экан — жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан — мамлакат барқарордир”.

Соғлом ва мустаҳкам оилаларни қарор топтиришда Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорининг роли ва аҳамияти катта бўлмоқда.

Мазкур қарор фуқаролигидан қатъи назар Ўзбекистон Республикаси ФҲДЁ органлари томонидан ўтказиладиган барча никоҳларга жорий этилади. Эътиборлиси, юртимизда никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтишлари бепул йўлга қўйилган.

Ёшларимизда Ватанимиз тақдирига, мамлакатимизда кечаётган демократик ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси ҳам тобора ошиб бормоқда.

Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш асосий масалалардан бири бўлгани боис бу борада қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. “Таъ­лим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори, Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури, Вазирлар Маҳкамасининг “Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар фао­лия­тини такомиллаштириш ҳақи­да”ги қарори шулар жумласидандир. Шунингдек, “Вояга етмаганлар ўр­тасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қо­нунларнинг қабул қилинганлиги, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига вояга етмаган шахс­нинг кўнгил очиш (дам олиш) жойларида тунги вақтда бўлишига йўл қўйганлик учун, никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун, болаларнинг мажбурий умумтаълим, ўрта махсус касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилинганлиги учун жавобгарлик нормаларининг белгиланганлиги ҳам ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарлик йўлига ўтишининг олдини олиш уларнинг соғлом ва баркамол бўлиб улғайишининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Ангрен шаҳар маҳаллаларида “Бир болага етти қўшни ота-она”, “Биз — Ўзбекистон фарзандларимиз!”, “Озод ва обод Ватанда бахт­ли яшаш — ўз қўлимизда” каби мавзуларда маданий-маърифий тадбирлар, акциялар, спорт мусобақалари ўтказиб борилмоқда.

Энди бевосита фаолиятимиз борасида тўхталадиган бўлсам, касб-ҳунар коллежларида, маҳаллаларда “Оила дорилфунуни”, “Бўлажак қудалар мактаби”, “Муқаддас қўрғон остонасида” каби юзма-юз мулоқотлар мунтазам йўлга қўйилган. Тадбирлар, суҳбат ва учрашувларга шифокорлар, катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган нуронийларимизни таклиф этаяпмиз. Никоҳланувчиларга “Бўлажак келин-куёвга эслатма”, “Буни билишингиз зарур” каби буклетлар тақдим этаяпмиз. Бундан кўзланган мақсад ҳам ФҲДЁ бўлимига келган ҳар бир келин-куёв келажакда бахтли яшасин.

 

Умида ЭРГАШЕВА,

Ангрен шаҳар 2-сон ФҲДЁ бўлими мудираси

2015 йил, 45-сон.