-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Ҳаёсизлик жазосиз қолмас

16.03.2016

МИЛЛАТИМИЗГА хос тарбия, ибо ва ҳаё ҳамиша энг улуғвор фазилат, олий кўрк бўлиб келган. Шу боисдан ҳам ёшларимизнинг маънавий онггига мазкур хислатларни чуқур сингдириш, уларни беҳаё ва маънавиятимизга зид тушунчалардан асраш ҳамиша долзарб бўлиб келган.

Ахборот технологияларининг ҳаётимизга шиддат билан кириб келиши натижасида исталган ахборотни ҳеч қандай тўсиқларсиз қўлга киритиш имконияти ортиб бормоқда. Афсуски, мазкур қулайликдан жирканч мақсадларда фойдаланишга уринаётганлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, беҳаё мазмундаги фото ва видео материалларни ўз қўл телефонларига юклаб, ташиб юрувчиларни ҳам ана шундай кимсалар сафига қўшиш мумкин.

Беҳаё томошага мойиллик эса эс-ҳушини йиғиб олмаган айрим юртдошларимизнинг жавобгарликка тортилишига сабаб бўлмоқда. Бундай мазмундаги материалларнинг юртимиз ҳудудига олиб кирилишининг олдини олиш борасида республикамиз божхоначилари томонидан доимий чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Жумладан, “Олот” чегара божхона комплекси орқали кириб келган юк автотранспортининг ҳайдовчиси, эронлик Ж.Ҳолид (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) ўзининг уяли телефон аппарати хотирасида порнографик, хусусан, вояга етмаган шахслар иштирокидаги беҳаё мазмундаги 3651 дона фото сурат ва 45 дона видеолавҳани Ўзбекистон Республикасига олиб кираётган пайтда тўхтатиб қолинди.

Мазкур комплекс ходимлари туркманистонлик Ж.Исматжоновнинг ҳам қўл телефони хотирасида порнографик мазмундаги 18 дона фото ва 134 дона видеолавҳаларнинг олиб кирилишига чек қўйишди.

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Келес” темирйўл божхона пости ходимлари томонидан ҳам шу турдаги бир нечта қонунбузарлик ҳолатларининг олди олинди.

Жумладан, “Челябинск — Тошкент” йўналишидаги поезд йўловчиси Б.Асилов қўл юклари орасидаги “Lenovo” номли ноутбук хотирасида 372 дона беҳаё мазмундаги суратларни яширин тарзда олиб киришга урингани фош этилди.

Худди шу йўналишда кириб келган поезд­нинг яна бир йўловчиси, россиялик С.Петровнинг мобил телефони хотирасида эса фаҳш тасвирланган 626 дона фото ва 14 дона видео материаллар борлиги аниқланди.

“Тошкент — Москва” йўловчи поезди билан юртимизга кириб келган сурхондарёлик А.Хидировнинг қўл юклари орасидаги 2 Тб хотирага эга бўлган ташқи хотира қурилмасида (винчестр) 121 та порнографик мазмундаги фотосурат ва  видеороликлар борлиги маълум бўлди.

Ҳуқуқбузарлар орасида аёлларнинг ҳам борлиги ачинарли ҳолат. Жумладан, Андижон вилояти божхона бошқармасининг “Дўстлик” чегара божхона комплекси ходимлари томонидан Қирғизистон Республикасидан кириб келган фуқаро А.Зуфарованинг қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганда, унга тегишли бўлган планшет хотирасида 57 дона беҳаёликни тарғиб қилувчи видеолавҳа борлиги аниқланган.

Андижон аэропортида эса божхоначилар “Москва — Андижон” йўналиши бўйича учиб келган фуқаро К.Шодиевага тегишли мобил телефонни холислар иштирокида кўздан кечиришганида, телефон хотирасига беҳаёликни тарғиб этувчи видеороликлар жойланганлиги маълум бўлди.

“Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан “Моск­ва — Тошкент” рейси бўйича парвозини якунлаган Ф.Игорованинг қўл юклари божхона кўригидан ўтказилганда, унда йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган 1 дона смартфон яширинча олиб ўтилаётганлиги аниқланган. Смартфон холислар иштирокида кўздан кечирилганда эса унинг хотирасида 109 дона беҳаё мазмундаги видеолавҳа борлиги фош бўлди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона суриштирувлари олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, республикамиз божхоначилари томонидан ўтган 2015 йил давомида 6051 дона беҳаё мазмундаги материалларнинг олиб ўтилишига чек қўйилди.

 

Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати

11-сон, 2016 йил.