-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Ким айбдор?

16.03.2016

“Қачон технологиялар ҳақиқий дийдор ўрнини босса авлодларнинг энг ақлсизига эришган бўламиз” деган эди Алберт Эйнштейн. Афсуски, физика доҳийси айтган ўша ақлсизлик сари ўз хоҳишимиз билан олға югураяпмиз. Меҳримизни инсонларга эмас технологияларга бераяпмиз. Табиийки, оқибат ўзимиз ҳам меҳрни инсонларнинг интернетдаги қиёфаларидан қидираяпмиз. Ахир қандай қилиб инсондан қизғанган меҳрни қандайдир темир-терсакларга кўрсатиш мумкин?!

Президентимиз таъкидлагани каби “Бугунги кунда мафкура полигонлари ядро полигонларидан-да хавфлироқдир”.

Дарҳақиқат, ядро полигонлари фақатгина мўлжаллаб отилган маълум бир ҳудуднигина яксон қилади. Мафкура полигонларининг эса мўлжалланган чегараси йўқ. У ёшларнинг вакуум ҳолатида бўлган онгини касаллик каби емириб боради. Касалликка қарши курашда бизга иммунитет аталмиш ҳалоскор ёрдамга келади. Ёт мафкураларга қарши туришда-чи? Бунда биз нимага суянамиз? Нимага ишониб бунга қарши турамиз? Албатта, алла ила қалбимизга, руҳиятимизга сингган ўзлигимизга. Бувимиз айтиб берган эртаклардаги эзгуликка. Бобомиздан эшитган ҳикматлардан олган улгуга. Отамизнинг берган тарбиясига. Бу ўринда аждодларимиздан ўрнак олган яхши фазилатларимиз бизни қалқон каби ҳимоя этади.

Бироқ оналар алла айтмай қўйса, бувилар эртак сўзламаса, боболаримиздан ҳикматлар эшитмасак, оталаримиздан етарлича тарбия ололмасак унда нима бўлади? Иммунитетимиз заифлашиб осонгина дардга таслим бўлмаймизми? Қўлимиздаги қалқонсиз, душмандан қай тариқа ҳимояланамиз?

— Бугунги кунда ростдан ҳам интернетнинг салбий ва ижобий томонлари мавжуд. Устоз сифатида айтишим мумкин-ки, ҳақиқатан ҳам интернет олтиндан-да қимматли вақтимизни ўғирламоқда. Лекин ёшларда маълумот олишга қизиқиш жуда кучли. Улар ҳар бир имкониятдан фойдаланишга ҳаракат қилишади. Ижтимоий тармоқлардан фойдаланганда ўзлари учун суҳбатдош топишади. Демак, улар ўша вақтда ўзларини ёлғиз ҳис қилишади. Бунинг олдини олиш учун эса ота-оналар болаларига кўпроқ вақт ва меҳр ажратишлари зарур. Мен ҳеч қачон ёшларга интернетдан фойдаланишни тақиқлаб қўймаган бўлардим. Албатта, дарсдан ташқари вақтда. Чунки бугунги кунда энг катта маълумот омбори интернет ҳисобланади. Бундан ташқари, интернет орқали узоқ жойдаги яқинларимиз ҳолидан хабар олишимиз мумкин. Бу эса ташвишимизни анча камайтиради”, — дейди ЎзДЖТУ инглиз тили ўқитувчиси Навруза Яхяева.

— Интернет инсоният яратган энг буюк кашфиёт. Ҳамма кашфиётлар сингари интернетнинг ҳам ўзига хос салбий ва ижобий томонлари бор. Интернетнинг ижобий томонларидан кўз юмиб, фақат салбий томонларини гапириш яхши эмас. Тўғри, интернетда ёшларимизга, уларнинг тарбиясига ёмон таъсир кўрсатадиган нарсалар жуда кўп тарқалган. Лекин интернетнинг эшиги йўқки унга қулф солиб бўлса. Бунинг бир ечими сифатида олимлар, устозларимиз аудитория, яъни одамларни интернетдан фойдаланиш маданиятини шакллантириш, деб билишади. Интернетни ёмонлаш, қоралаш, ундан воз кечишга чақиришдан кўра, ундан фойдаланишни самарали йўллари ҳақида кўпроқ гапириш керак. Медиа тарбияда, медиа таълимда ота-онанинг роли жуда катта. Аввало, ота-оналар ўзлари интернетдан қандай фойдаланишни, фарзандлари фойдаланаётганда қандай назорат қилишни билишлари керак. “Интернетга кирма”, дея тўсиқ қўйиш ёшларнинг интернетга нисбатан қизиқишларини янада кучайтириши мумкин, — дея таъкидлади журналист Саидазиз Аъзамов.

Ўзингизга савол бериб кўринг-чи? Интернетдан тўғри фойдаланиш йўлларини болаларингизга қачон ўргатгансиз? Шунчаки, интернетдан фойдаланишни чеклаб қўя қоламиз холос. Ўша ёт ғояларга қарши етарлича тарбия бера оляпмизми, ўйлаб кўрмаймиз. Ота — менинг вазифам пул топиш. Тарбия билан она шуғулланиши керак”, деса. Она эса “мен уй юмушларидан ортмасам. Аёл кишининг вазифаси уйни саранжом тутиш. Тарбия билан эса ота шуғулланиши керак, деб турса, бола тарбияни кимдан олсин? Йиллар ўтиб фарзанд бебош бўлиб ота-онасининг юзини шувут қилганда, айб шундоққина, биздан беминнат хизматларини аямайдиган техника-технологиялар бўйнига, “қилган беминнат хизматлари учун” медал сингари осиб қўйилади. Бола ўзимиз беришни истамайдиган меҳрни, тарбияни интернетдан излаши эса хаёлимизнинг бир четидан ҳам ўтмайди. Бу ҳақда Абдулла Авлоний шундай дейди: “Тарбия биз учун ё ҳаёт- ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир”. Тарбияни фақатгина қуруқ сўз билангина эмас, балки ўзимиз амалда исботлаб кўрсатмоғимиз керак. Зеро, халқимизда мавжуд “Минг бора эшитгандан бир бора кўрган афзал” ёки “Қуш инида кўрганини қилади” каби мақоллар бежиз эмас. Тарбия ва насиҳатда ҳам меъёрни билмоқ керак. Севимли ёзувчимиз Ўткир Ҳошимов “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” китобида шундай деб ёзади: “Насиҳат лимон мевасига ўхшайди. Бир-икки бўлаги одамга ҳуш ёқиб роҳат бахш этади. Кўпи эса кўнгилни беҳузур қилиб ўзидан бездиради”.

Инсоният доимо янги нарсаларни танқид чиғириғидан ўтказиб келган. Интернет ҳам бундан мустасно бўлиб қолаётгани йўқ, албатта. Ҳозирда биз учун қадрдон бўлган қоғоз янги ўйлаб топилган даврларни ёдга олайлик. Ўшанда қоғоз ҳамда қаламдан фақат яхшилик йўлида фойдаланилган деб айта олмаймиз. Шу оқ қоғозларга яхши сўзлар ҳам, ёмон сўзлар ҳам бирдек ёзилган. Ўшанда қоғозлар орқали ҳам инсоният учун зарар бўлган ғояларни тарқатишган. Интернетдан, нафақат интернет, балки бошқа ҳар қандай нарсадан ҳам тўғри фойдалана билган одамгина унинг яхши тарафларини кўра олиши мумкин. Шундай экан, бизга беминнат ёрдамчи бўлмиш интернетдан фойдаланиш этикасини аввал ўзимиз ўрганиб, сўнгра авлодларимизга ўргатмоғимиз лозим.

 

Азизжон ҚОДИРОВ,

ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети талабаси