-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Тафаккур ва табиатдаги уйғониш уйғунлиги

29.03.2016

КЎКЛАМНИНГ илк кунларидан бири... Сафарим қариб, қуёшнинг тафт­ли нурларидан баҳраманд бўлаётган Қашқадарёдан пойтахтга йўл олдим. Табиатнинг беҳисоб рўшнолигидан дашту далаларга, қир-адирларга жон кирган. Кўм-кўк майсалар заминга зеб бериб, дов-дарахтлар гуллаган. Хуллас, табиатдаги ажиб бир уйғониш они...

Тошкент — Термиз автомагистралининг ёқасидаги Қамаши туманига қарашли Чим қишлоғидан ўтаётиб қишлоқ одамлари Йил боши қилишаётганлигининг гувоҳи бўлдик. Беш-олти чақирим ўтиб, Жонбўзсой қишлоғи келди. Қарангки, бу қишлоқ одамлари ҳам жамулжам бўлиб, катта-кичик барчаси тўпланиб Наврўзи оламни нишонламоқда. Ёшлар “чиллак”, “зувиллатар”, “оқ теракми, кўк терак”, “кес-кес”, арқон тортиш мусобақаларини ўтказишмоқда.

Йўлдошлар билан халқимизнинг ҳамжиҳатлиги, бирлигига, меҳр-оқибат кўрсатиб яшаши ҳақида суҳбатлашиб келдик. Ўзини деҳқонободлик мактаб ўқитувчиси деб таништирган Неъмат ака бизга — “бундай ҳамжиҳат, иноқ, бир-бирини қўллаб-қувватлайдиган халқда, албатта, барака бўлади-да”, дея гап бошлади. — Сизларга айт­сам бирликда, ҳамжиҳатликда гап кўп йигитлар. Президентимиз “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида бу муҳим масалани ҳаётий ҳақиқатлар билан таҳлил этади. Асарда азал-азалдан ота-боболаримиз бир маҳалла, бир жамоада бир-бирларига меҳр-оқибатли бўлиб яшаганликларини, давр қанчалик ўзгармасин, халқимиз мана шундай ўлмас қадриятларга содиқ қолиб келаётганликларини, жамулжам бўлиб яшаш туйғуси ҳаёт фалсафасига айланганлигини, маънавий илдизларимиз мана шундай эзгуликлар билан суғорилганлигини келтириб ўтади.

— Ҳақиқатан ҳам Неъмат домла диққатимизни халқимиз ҳаёт тарзининг моҳиятини белгилаб берадиган ниҳоятда жиддий масалага қаратди, — деди яна бир йўлдошимиз.

Минг йиллар давомида шаклланган ва бугунги кунда халқимиз тафаккур тарзининг ажралмас бир қисмига айланган меҳр-шафқат, оқибат, бир ёқадан бош чиқариб яшаш, меҳнат қилиш жамиятимиздаги тинчлик-осойишталикка, бунёдкорлик ишларига, бир сўз билан айт­ганда, мамлакатимиздаги барқарор тараққиётга мустаҳкам асос бўлиб келмоқда.

Бугунги мураккаб замонда дунёга бир қур эътибор қилинг-а? Жаҳон ҳамжамияти деярли ҳар куни шафқатсиз муаммолар, синов ва машаққатларга, глобал молиявий-иқтисодий инқирозларга дуч келаётган таҳликали ва мураккаб бир шароитда саноқли давлатлар қаторида Ўзбекистон иқтисодиёти қарийб 6 баробар, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар 9 баробардан зиёд ўсди.

Суҳбатимиз қизигандан қизиди:

— Сизларга айтсам, бугун дунёни ташвишга солаётган яна бир ўта муҳим масала бор, — деб давом этади Неъмат домла. — Бу ҳам бўлса, инсониятнинг яшаши ва ҳаёти билан бевосита боғлиқ бўлган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш муаммосидир. Тан олиш керак бу жуда жиддий муаммо. Куни кеча радиодан олимларимиздан бирининг гапларини эшитдим. Олимнинг айтишича, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда дунё­да 840 миллиондан ортиқ киши, яъни деярли ҳар саккиз одамнинг бири тўйиб овқатланмаяпти, сайёрамиз аҳолисининг 30 фоизидан зиёди тўлақонли равишда овқатланмаслик, энг асосий микроэлемент ва витаминлар етишмаслиги муаммосини бошидан кечирмоқда. Ана шундай сабаблар туфайли 160 миллиондан ортиқ бола бўйининг ўсиши, жисмоний ва интеллектуал ривожланишига доир камчиликлардан азият чекаётган экан. Бу гапларни эшитиб даҳшатга тушасиз. Радиони тинглар эканман, бундан бир неча йил олдин Президентимизнинг “Шундай вақтлар бўлганки, бир ҳафта-ўн кунлик унимиз қолган эди.

Бир тасаввур қилайлик, қайси давлат, қайси халқ буни ўз бошидан ўтказган? Ана шундай муаммолар қаршисида ёлғиз қолган пайтимизда ким бизни қутқарди? Биринчи нав­батда, ўзимиз. Чидадик, лекин ҳеч кимдан қарз бўлмадик.”, деган таъкиди ёдимга тушди, — дея фикрини якунлади домла.   

Дарҳақиқат, истиқлол йилларида Ўзбекистон ғалла мустақиллигига эришди. Натижада биргина 2015 йилнинг ўзида 7 миллион 500 минг тоннадан ортиқ ғалла етиштирилди. Фермерларимиз буғдойнинг гектаридан ўртача 55 центнер ҳосил олди, айрим илғор фермерларда эса бу кўрсаткич 60-70 центнерни ташкил этди. Гапимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида кетар экан, таъкидлаш жоиз, мамлакатимизда озиқ-овқат билан бевосита боғлиқ бўлган қишлоқ хўжалигининг мева-сабзавотчилик, боғдорчилик, узумчилик, чорвачилик, паррандачилик ҳамда балиқчилик каби тармоқлари ҳам жадал суръатларда ривожланиб бормоқда. Меҳнаткаш ва фидойи деҳ­қонларимиз томонидан ўтган 2015 йилда 12 миллион тоннадан ортиқ сабзавот ва картошка, қарийб 2 миллион тоннага яқин полиз маҳсулотлари, 1 ярим миллион тоннадан кўпроқ узум, 3 миллион тоннага яқин турли мевалар етиштирилди.

Шу зайлдаги суҳбатларимиз билан Самарқанддаги Нуробод туманининг бепоён кенгликларидаги Иброҳим ота қишлоғига етдик. Баланд тоғлар этагидаги қишлоқ ҳам автомагистрал бўйида жойлашган. Бу қишлоқда ҳам худди шу гўзал манзара. Қишлоқнинг ёшу қариси Наврўзи оламни нишонлаётган экан.

Иброҳим ота қишлоғининг анъаналари билан яқиндан танишиш мақсадида ҳамроҳларимиз билан келишиб, тушишга қарор қилдик.

Бизни қишлоқ оқсоқоли Раҳмонқул бобо ўзбекона самимият билан тўкин дастурхонга чорлади. Оқсоқол Ўзбекистонимиздаги тинчлик-хотиржамликка, тўкин-сочинликка шукрона айтиб, Яратгандан халққа, юртга яхшилик сўраб дуо қилди. Сўрашдик... Бобо ҳақиқатан ҳам қишлоқнинг гапга енгар отахони экан.

Раҳмонқул бобо дастлаб Иброҳим ота қишлоғи тарихини гапириб берди. Қишлоқнинг тарихи ҳам, бугуни ҳам ҳавас қиладиган даражада юксак экан.

— Юртбошимиз кўп бора ўзбек халқига тинчлик ва омонлик керак, деб таъкидлайди. Бу бежиз эмас. Тинч­лик ва хотиржамликнинг қадрига етиш керак. Ёшим саксон олтида. Урушнинг, нотинчликнинг нима эканлигини мен яхши биламан. Бошимдан ўтказганман, — дейди Раҳмонқул бобо.

Минг афсуски, бугун дунё бошидан нотинч ва таҳликали замонни ўтказаяпти. Хорижий мамлакатларда рўй бераётган воқеалар ҳар биримизни чуқур мулоҳазага чорлаши керак. Ким-кимни отиб ташлаган, ҳали бомба портлаган, ким кимни гаровга олган, ачинарлиси, бегуноҳ болалар Ватанини ташлаб бегона юртга жон сақлаш учун қочган. Даҳшатлиси, ўн гулидан бир гули ҳам очилмай туриб норасидалар бемаҳал ажалга дучор бўлишаяпти.

Биз йўлда давом этдик. Суҳбатимиз яна Юртимизнинг мустақиллик йилларида том маънода улкан бун­ёдкорлик майдонига айлангани хусусида борди. Бу ўринда Қорақалпоғистон Республикасида Жанубий Кореялик инвестор ва мутахассислар билан ҳамкорликда Сурғил кони негизида барпо этилган Устюрт газ-кимё мажмуасини алоҳида таъкидлаш жоиз. Умумий қиймати 4 миллиард доллардан ошадиган ушбу мажмуа дунёдаги энг замонавий, юқори технологиялар асосида ишлайдиган, йирик корхоналардан бири бўлди. Мажмуанинг ишга туширилиши йилига 83 минг тонна ноёб полипропилен маҳсулотини ишлаб чиқариш имконини беради.

Хоразм вилоятида “Женерал моторс — Ўзбекистон” акциядорлик жамиятида умумий қиймати қарийб 6 миллион долларлик лойиҳа асосида “Шевроле Лабо” кичик юк машинаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу ерда йилига фермерларимиз ва хусусий тадбиркорларимиз учун зарур бўлган 5 мингта ана шундай машина ишлаб чиқарилади.

Натижада, халқаро миқёсда катта нуфузга эга бўлган Жаҳон иқтисодий форуми рейтингига кўра, Ўзбекистон 2014-2015 йиллардаги ривожланиш якунлари ва 2016-2017 йилларда иқтисодий ўсиш прогнозлари бўйича —дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакат қаторидан жой олди.

2015 йилда мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотига аъзо давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Минг­йиллик ривожланиш мақсадларига эришгани учун бериладиган мукофотига сазовор бўлган 14 та давлатдан бири сифатида эътироф этилди. 

Суҳбатимиз айни шу қизғин нуқтага етганда пойтахтимизга кириб келдик. Бу маҳал Бобо қуёш уфққа ён­бошлаган, лекин шаҳри азимнинг чароғон ва кенг кўчалари худди кундуздагидай нурафшон эди. Кунбўйи, йўл­бўйи кўрганларимдан, ватандошларимдан эшитганларимдан хулоса қилдим. Бу юртдошларим тафаккуридаги ва юртим табиатидаги уйғониш уйғунлиги эди...

 

Арслон ЭШМУРОДОВ,

журналист

2016 йил, 12-сон.