-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Моҳир таржимон — зийрак ва фасоҳатли мутахассис

05.04.2016

ИЛМ ва ижод бир-биридан фарқ­ли иккита турлича соҳадир. Илм бу — билим, фан, назария. Янада содда қилиб айтганда, “илм” тушунчаси ўқиш ва ўрганиш, тадқиқ ва таҳлил этиш орқали эришиладиган кўникма ва маълумотлар, деганидир. “Ижод” сўзи эса яратиш, кашф этиш, вужудга келтириш, деган луғавий маъноларни англатади. Яъни, ижод — бадиий, илмий, санъатга оид асар ёки моддий бойлик яратиш, таъбир жоиз бўлса,  яратувчанлик фаолияти, демакдир.

Ўз навбатида, ижоднинг ҳам турлари кўп. Таржима ана шу турлар орасида ўзига хослиги ҳамда долзарб ижтимоий-сиёсий ва маданий-маърифий аҳамияти билан ажралиб туради. Ўзига хослиги шундаки, таржима бу — ҳам ижод, ҳам илм, ҳам санъатдир.

Таржимонликнинг долзарблиги масаласига келсак, таржимасиз бирон-бир халқ ва миллат маданияти ўз-ўзидан тараққий топмаган ва топмаслиги муқаррар. Бинобарин, таржима назарияси ва амалиёти соҳасининг йирик намояндаларидан бири, атоқли олим ўайбуллоҳ ас-Салом таъбири билан айтганда, “Таржима санъатисиз халқлар бир-бирлари учун соқов бўлиб қоладилар, бир-бирларини тушуна олмайдилар”.

Маълумки, истиқлол йиллари мамлакатимизда ўарб ва Шарқ тилларини ўрганиш қарийб омма­вий тус олди. Бошқача айтганда, бирон-бир чет тилини билиш эндиликда замон талабига айланиб бормоқда. Айниқса, юртимизда таржимоннинг хорижий тилни пухта эгаллаган бўлиши ва муайян асарни бевосита аслиятдан ўзбек тилига ёхуд ўзбек тилидан бошқа бир чет тилига тўғридан-тўғри таржима қилиш салоҳияти юксак қадрланади.

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг инглиз тили бўйича муҳаррири Қосим Маъмуров шу соҳада узоқ йиллардан буён илмий-ижодий фаолият юритиб келаётган зиёлиларимиздан бири ҳисобланади.

Эътиборли жиҳати шундаки, Қосим ака таржимонлик ишининг энг ибратли фазилатларини ўзида мужассам этган малакали мутахассис, жонкуяр устоз. У киши инглиз тили ўқитувчиси сифатида узоқ йиллар давомида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Тошкент давлат юридик университети талабаларига сабоқ берган.

Таржималарнинг сўзма-сўз (таглама) таржима, бадиий таржима, синхрон таржима каби турлари кўп. Шу маънода, Қосим аканинг таржимонлик фаолиятини бир неча йўналишга бўлиб тавсифлаш мумкин.

Биринчи йўналиш — бадиий таржима соҳасидаги фаолият. Бу борада, авваламбор, Қ.Маъмуров мумтоз адабиётимиз намояндаларидан Алишер Навоий ғазаллари ва ҳикматларини, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазалларини инглиз тилига таржима қилганини таъкидлаш лозим. Бундан ташқари, заҳматкаш таржимон ҳозирги замон ўзбек шоирлари ижодидан ҳам айрим намуналарни инглиз тилига ўгирган.

Иккинчи йўналиш — ўзбек халқ ижодиёти намуналарини таржима ва тарғиб этиш соҳасидаги фаолият. Гап шундаки, “Алпомиш” достони, лапарлар сингари ўзбек халқ ижодиётига мансуб ёрқин асарлар билан жаҳон жамоатчилигини таништиришда Қосим аканинг муносиб ҳиссаси бор. У киши 2009 йилда Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейига бағишлаб нашр этилган китоб-альбомнинг таржимони саналади.

Учинчи йўналиш — ҳуқуқий ҳужжатлар таржимаси билан боғлиқ фаолият. Шу ўринда Қ.Маъмуров кўплаб қонун лойиҳалари, эксперт хулосалари ва илмий-ҳуқуқий мақолаларни таржима қилганини айтиб ўтиш даркор. У киши Олий Мажлис томонидан ўтказиладиган  муҳим мажлис ва анжуманлар ҳамда халқаро конференцияларнинг синхрон таржимони ҳамдир.

Шу билан бир қаторда, Қосим ака “Қонун ижодкорлигида жамоатчилик фикридан фойдаланиш”, “Қонунлар устидан парламент назорати”, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишни такомиллаштириш” каби ўнлаб номдаги илмий-оммабоп тўпламлар нашр этилишида таржимон ва масъул муҳаррир сифатида иштирок этган.

Қ.Маъмуровнинг халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар таржимаси билан боғлиқ фаолияти ҳам эътиборга моликдир. Хусусан, у БМТнинг инсон ҳуқуқи таълимига оид ҳужжатларини ўзбек тилига таржима қилганини алоҳида қайд этиш зарур.

Айни ўринда Қосим аканинг яна бир жиҳати, у ҳам бўлса, ўзбек тилини теран ҳис этиши хусусида тўхталиш керак бўлади. Чунки таржимачилик ишида аслият тилини пухта эгаллаш бошқа, бу жараёнда она тили имкониятларидан оқилона фойдалана билиш бошқа масаладир. Она тилининг барча фазилатларини чуқур англаб етмаган одам, ҳар қанча уринмасин, яхши таржимон бўлиши мушкул.

Қолаверса, фақат хорижий тил(лар)ни билиш, афсуски, бу ҳали таржимон бўлди, дегани эмас. Таржимон — бир вақтнинг ўзида олим, адиб, жуда зийрак ва фасоҳатли мутахассис бўлиши, айни вақтда таржима жараёнида она тилининг ранг-баранг шаклий жилоси ҳамда маъно товланишларини юксак лаёқат билан қўллай билиши тақозо этилади.

Қосим ака наинки таржимон, балки кўплаб ўқишли ва таъсирчан мақолалар муаллифи экани ҳам у кишининг айни шундай хусусиятларга эгалигидан далолатдир.

Мухтасар айтганда, шу кунларда қутлуғ 60 ёшни қарши олган Қосим ака Маъмуров юртимиз маданий ҳаёти юксалиши билан бир қаторда халқаро адабий алоқалар ва таржима соҳаси ривожига ҳам беқиёс улуш қўшиб келмоқда. Бундай улушнинг туб аҳамияти эса Президентимиз Ислом Каримовнинг “Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор” китобида аниқ-равшан баён этилган: “Қайси мамлакатда бизнинг адабиётимиз, маданиятимиз, қадриятларимизга ҳурмат билан қарашади, хориждан биз нималарни ўрганишимиз мумкин ва, ўз навбатида, уларга нималарни тақдим этишимиз мумкин — бугун бу масалалар хал­қаро майдонда ўзлигимизни намоён этишда катта аҳамиятга эга эканини доимо ёдда тутишимиз лозим”.

 

Акмал САИДОВ,

юридик фанлар доктори, профессор