-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Оила — жамият гултожи

07.06.2016

Жорий йилнинг Президентимиз томонидан “Соғлом она ва бола йили”, деб эълон қилиниши ҳам бежиз эмас.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, мухбиримиз Республика “Оила” илмий-амалий маркази раҳбари Ҳафиза ­Мамадалиева билан “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури юзасидан амалга оширилаётган ишлар борасида суҳбатлашди.

— Ҳафиза Холдоровна, аввало, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш борасида Марказ томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўт­сангиз.

— Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб юртимизда оила мақоми, соғлом она ва бола масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар жаҳон миқёсида ҳам эътироф этилмоқда. “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури асосида “Оила” илмий-амалий маркази томонидан ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Оиланинг жамият барқарорлиги ва тараққиётидаги ўрни, оила институти ривожланишининг хорижий ва миллий тенденциялари, тажриба ва муаммоларини ўрганиш соҳасида БМТнинг Аҳолишунослик фонди (ЮНФПА)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳамкорлик доирасида “Оила шаклланиши ва мустаҳкамлигининг асосий омиллари”, “Оила тараққиётининг демографик ва иқтисодий ҳо­латга боғлиқлик хусусиятлари”, “Оила сиёсати: халқаро ва миллий тажриба” каби семинарлар ва илмий-амалий конференциялар ўтказилди.

15 май — “Халқаро оила куни”ни кенг нишонлаш мақсадида Марказ ходимлари ҳудудий бўлимлар билан ҳамкорликда республиканинг барча вилоятларида “Ўзбекистон оилалари. Кеча ва бугун” мавзуида оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик иштирокида анжуманлар ўтказилди. Республика Хотин-қизлар қўмитаси томонидан “Оилам бахту саодатим манбаи” мавзуи­га бағишланган видео мулоқотда фаол иштирок этди.

Марказнинг ҳудудий бў­лимлари фаолиятини мувофиқлаштириш, улардаги мавжуд ҳолатни ўрганиш ва амалий-методик ёрдам кўр­сатиш мақсадида ишчи гуруҳлар тузилди. Ишчи гуруҳлар ёрдамида ҳудудий марказлар фаолияти ўрганилиб, улардаги мавжуд ҳолат таҳлил қилинди.

Марказ олимлари томонидан касб-ҳунар коллежи ҳамда академик лицей ва олий таълим муассасаларининг талабалари ўртасида оилавий ҳаётга тайёрлаш мақсадида “Ёшлар психологияси”, “Ўзбекистонда эрта турмуш муаммолари ва оқибатлари”, “Нега мени ҳеч ким тушунмайди?”, “Ота-она ўзини ўсмир фарзандлари олдида қандай тутиши керак?” мавзуларда давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилди. “Оилада маънавий- ахлоқий тарбия” мавзуида рисола ҳам чоп этилди.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази билан “Аёллар ва болаларнинг ҳуқуқий кафолатларини таъминлаш” борасида меморандум ҳам имзоланди.

Оилада соғлом маънавий муҳитни, ўзаро ҳурмат-эҳтиром руҳини яратиш, юксак ахлоқий ва маънавий қадриятларни сақлаб қолиш, ёшларга соғлом турмуш тарзини сингдириш мақсадида Марказ томонидан ўсмир ёшдаги қизларни маънавий, ахлоқий ва жисмоний тар­бия­лашга кў­маклашувчи “Қизлар энциклопедияси”ни, “Хотин-қизларнинг оилада маънавий муҳитни шакллантиришда ҳамда ёш авлодни тарбиялашдаги ролини оширишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни” номли оммабоп рисола тайёрланди ва чоп этилди.

“Оилада маънавий муҳитни соғломлаштиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органларида фаолият юритаётган маҳалла маслаҳатчилари учун” оммабоп рисола тайёрланди.

— Марказ томонидан ФҲДЁ идоралари, маҳалла ва “Камолот” ЁИҲ билан ҳамкорликда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Республика “Оила” илмий-амалий маркази белгиланган вазифаларни амалга оширишда қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади. Жумладан, “Камолот” ЁИҲ қошида ташкил этилган “Ёш оила марказлари”ни ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар амалга оширилди.

Ёшлар ўртасида оила қадрияти ва маданиятини тар­ғиб қилиш, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва ёш оилаларни ижтимоий-маънавий қўллаб-қувватлашда ўзаро ҳамкорликни такомиллаштириш борасида ёшларни никоҳгача тиббий кўрикдан ўтказиш зарурлиги, 18 ёшга тўлмай туриб никоҳ қуриш, ижтимоий, тиббий нуқтаи назардан салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлиги тўғрисида тушунтириш ишлари олиб бориш мақсадида “Соғлом фарзандларни тарбиялашда барчамиз бирдек масъулмиз”, “Соғлом оила — соғ­лом авлод — соғлом келажак”, “Соғлом танда — соғ ақл”, “Тоза қўллар” мавзуида ёшлар билан очиқ мулоқот, давра суҳбатлари ўтказилди.

“Оила барқарор ривожланишининг демографик омиллари” мавзуида ижтимоий сўровнома Андижон, Самарқанд, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларидаги 8 та туманнинг 40 та маҳалласида маҳаллардаги демографик ҳолатни, оилавий бизнесни ривожлантириш потенциали, мавжуд муаммолари, меҳнат миграциясининг оилага таъсири, оилалардаги авлодлар орасидаги муносабатларни ўрганиш мақсадида ўтказилди.

Оила — жамиятнинг гултожи. Унинг фаровонлигини таъминлаш ҳар биримизнинг муҳим вазифамиз, қатъий тилагимиз бўлиб қолади.

 

“Инсон ва қонун” мухбири

Мадина ҲАМДАМОВА суҳбатлашди.