-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Саодат ошиёни орзу-умидлар остонаси

07.06.2016

САБР, қаноат хусусида кўп эшитамиз, кўп гапирамизу, аммо ҳар доим ҳам амал қилмаймиз... Сабрсизлик, қаноатсизлик, шошқалоқлик туфайли айрим оилалар бузилиб кетаяпти. Бунинг натижасида оиладаги норасида гўдакларнинг кўнгли ярим бўлиб қолаётир. Тўғри, сабр-қаноатли бўлиш ниҳоятда мураккаб иш. Қаноат — эҳтиёжсизлик негизидир, иззат ва шараф тантанасидир, — деб ёзганлар Ҳазрат Алишер Навоий. — Қаноатли камбағал давлатманддир, унинг шоҳу гадога иши тушмайди. Қаноатли кишини ноёб донишманд деб ҳам иззат қиладилар. Қаноат инсонга берилган туганмас неъматдир.

Ҳар кеча сўнгида нури зиё бор,

Ҳар бардош сўнгида завқу сафо бор, деб ёзади Низомий ҳазратлари.

Сабрли одам ҳеч маҳал умидсиз бўлмайди. Умидсиз одам-бир қоп эт. Умид — парвозга шайланган лочиндир.

Сабр, қаноат тўғрисида ёзяпман-у, кўз ўнгимда қишлоғимизда ўша мен билган, ҳамма ҳурмат қиладиган Фароғат опа гавдаланяпти. Гоҳида бу аёлга қанчалар кўп сабр-тоқат берилганини, ҳаётидаги мушкул вазиятларни фақат қаноат, умид билан енгиб келаётганини ўйлаб, уни аввалгидан ҳам кўпроқ яхши кўриб кетаман.

Фароғат опанинг турмуш ўртоғи ичкиликка ружу қўйиб, унинг тузоғидан чиқолмаётганига анча йил бўлди. Фарзанди бор. Афсуски, унинг ҳам тўрт мучаси соғ эмас. Аммо опанинг бирор марта ҳаётидан нолиганини, ўксиганини кўрмаганман. Оиламга дарз кетмасин, болаларимга ҳам ота, ҳам она керак, дея кеча-ю кундуз қўлидаги ҳунари билан қишлоқдошларига хизмат қилади.

Дарҳақиқат, оила улуғ ва муқаддас макон. У саодат ошиёни, эзгу орзу-умидлар остонаси, бахт ва муҳаббат қўрғони. Барча эзгу қадриятлар, хайр­ли анъаналар оила орқали авлодлардан-авлодларга ўтади, сайқал топади.

Мамлакатимизда Истиқлолнинг даст­лабки йилларидан бошлаб оила қадриятини англаш, уни ижтимоий муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлигини таъминлаш борасида мақтанишга арзигулик ишлар амалга ошириб келинмоқда. Юртбошимиз томонидан оилани қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор Фармон ва қарорлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ қилинаётганлиги оила институтини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланганлигидан далолат беради.

Аммо юртимизда оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган барча саъй-ҳаракатларга қарамасдан, оила жамиятнинг бир бўғини эканлигини унутиб, ўз шахсий манфаатлари учун уни бузишга йўл қўяётган шахсларнинг камаймаётганлиги ачинарли, албатта. Оила барбод бўлганда, вояга етмаган ўғил-қизларнинг тарбиясида катта муаммолар пайдо бўлиши муқаррар. Қаровсизлик, эътиборсизлик, моддий етишмовчиликлар болаларни эгри йўллардан юришга, айрим ҳолларда ўсмир қизларни ёмон йўлларга кириб қолишга ҳам мажбур қилади. Тўғри, мамлакатимиздаги мавжуд қонунлар ҳар бир болага эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишни назарда тутган бўлиб, уларнинг амалдаги ижроси назорат қилинмоқда. Аммо... фарзанд учун энг меҳрли ва ишончли ошиён — бу ОИЛА...

Хизмат юзасидан келаётган аризаларни таҳлил қиларканмиз, энг кўп мурожаат — алимент ундириш масаласида эканлигига шоҳид бўламиз. Алимент ундириш билан кошки оилани тиклаб бўлса экан! Шошқалоқ, сабрсиз аёлларга ажралиш сўнгги бекат эмаслигини, жовдираб турган қоракўз фарзандларига ҳам ота, ҳам она кераклигини, кўнгли ярим бола ҳеч қачон бахтиёр, баркамол бўлолмаслигини қандай тушунтириш тўғрисида кўп ўйлайман. Оила, деган муқаддас қўрғонни “характеримиз тўғри келмади”, “қайнонам яхши эмас” ва бошқа минг хил важларни қаторлаштириш билан бузаётганликлари жуда-жуда ачинарлидир. Алимент ундириш учун келаётган аёлларнинг бирортасидан “ўзимдан ҳам хатолик ўтди, оиладаги вазиятни тўғри баҳолай олмадим, шошқалоқлик, сабрсизлик қилдим”, деган сўзларни эшитмайсиз. Ахир бировга маъқул бўлиши учун инсоннинг ўзи манзур киши бўлиши керак эмасми?!

 Алимент ундириш бўйича биргина жорий йилнинг биринчи чорагида Навоий шаҳар суд ижрочиларига 118 та ариза келиб тушган. Бу қанчадан-қанча ўғил-қизларнинг ё ота, ё она меҳрига зор қолди, дегани эмасми? Болаларини ҳимоясиз, ёлғизлатиб, қўйиш ўзбекона қадриятларимизга мос келмайди, қолаверса, миллатимиз шаънига доғ туширади. Шундай экан, фарзандларимизнинг кўнгли ўксик, қатордан кам бўлиб ўсишларига йўл қўймаслик учун сабрли бўлайлик!

 

Нигора РЎЗИҚУЛОВА,

Навоий шаҳар суд ижрочилари департаменти иш юритувчиси