-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Келажак тақдири бирзум бўлса-да, эътибордан четда қолган эмас

14.06.2016

 

МЕҲНАТ инсонни улуғлаши борасида донишманд халқимиздан турли-туман ҳикматлар минг йиллар оша бизгача етиб келган. Бу эса она-диёримизда меҳнат муносабатлари қадимдан алоҳида аҳамият касб этиб келганлигига ёрқин далилдир. Истиқлол йилларида эса республикамизда тарихан чуқур илдизга эга бўлган меҳнат муносабатларини янада оқиллик, одиллик билан қайта тартибга солишга, аввалги даврларда йўл қўйилган камчиликларга чек қўйишга имкон яратилди. Айниқса, меҳнат муносабатларини тартибга солиш соҳасида амалга оширилган салмоқли ислоҳотларда болалар меҳнати масаласига алоҳида эътибор қаратилганлиги муҳим аҳамият касб этади. Бундай оқилона сиёсатни халқнинг нафақат бугунги бахтиёр ҳаёти, балки порлоқ келажаги учун қўйилаётган мустаҳкам пойдевор, десак, асло муболаға бўлмайди.

Таъкидлаш жоизки, дунё мамлакатларида инсон меҳнатига муносабат ҳамма даврларда ҳам бирдек адолатли бўлмаган. Айниқса, кейинги даврда “болалар меҳнати” масаласининг кун тартибидан алоҳида жой олганлиги ҳар бир ҳур фикрли инсонни сергакликка чорлайди. “Болалар меҳнати” янги пайдо бўлган тушунча эмас, албатта. Бироқ XX асрнинг сўнгги чорагига келибгина ушбу масалага жаҳон ҳамжамиятида алоҳида эътибор қаратилди. Бунинг натижаси ўлароқ, бутун дунёда ўн миллионлаб болалар оғир меҳнат шароитларида ишлаётганлиги тўғрисидаги статистик маълумотлар аниқланди. Шу муносабат билан болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларига барҳам бериш, болаларни ўз оилалари эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда қайта тикланиши ва жамиятга мослашишига кўмаклашиш халқаро ҳамкорлик ва халқаро ёрдамнинг устувор тамойилига айланди. 1999 йилнинг 17 июнида эса Халқаро Меҳнат Ташкилоти томонидан “Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари тўғрисида”ги 182-конвенция қабул қилинди. Дунё ҳамжамиятида 12 июнь бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни сифатида эътироф этилди.

Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенция республикамизда 2008 йилда ратификация қилинган бўл­са-да, ушбу масалага юртимизда истиқлолнинг илк дамлариданоқ эътибор қаратилганлигини қайд этиб ўтишимиз мақсадга мувофиқ.

Мустақиллиқ йилларида болалар манфаатлари ҳимояси, улар саломатлигини муҳофаза қилиш, баркамол авлод тарбияси масалалари давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Жумладан, БМТ­нинг Бола ҳуқуқлари тўғ­рисидаги конвенциясини ратификация қилгандан сўнг бола ҳуқуқлари ҳамда болалар меҳнати масаласида республикамизда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бутун бир тизими яратилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 7 январдаги “Бола ҳу­қуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунида болалар меҳнатига оид устувор қоидалар белгиланди. Хусусан, ҳар бир бола ўзининг ёши, соғлиғининг ҳолати ва касбий тайёргарлигига мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат қилиш, фаолият турини ва касбни эркин танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқига эгалиги, ишга қабул қилишга ўн олти ёшдан йўл қўйилиши, уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ўн беш ёшга тўлганидан кейин ишга қабул қи­лишга йўл қўйилиши, шунингдек, давлат томонидан ўн саккиз ёшга тўл­маган ишловчи шахсларга ишни таълим билан қў­шиб олиб бориш учун зарур шароитлар яратиб бериш, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа чораларни кўриш орқали боланинг меҳнат қилиш ҳуқуқи таъминланишининг кафолатланганлигини қайд этиб ўтиш лозим.

Ҳозирда мамлакатимизда сўз ва иш бирлиги намунаси ўлароқ болалар меҳнатини тартибга солиш, уларни муҳофаза қилиш соҳасида бутун бир механизм ишлаб турибди. Айниқса, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Рес­публикаси томонидан ратификация қилинган ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги конвенцияни ҳамда болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарори ҳамда ушбу қарор билан Миллий ҳаракатлар режасининг тасдиқланганлиги алоҳида эътиборга молик.

Мазкур режага мувофиқ болалар меҳнати билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар хатловдан ўтказилиб мунтазам такомиллаштирилиб келинмоқда, 18 ёшга етмаган шахсларга нисбатан меҳнат қонунчилигини бузганлик учун хўжалик юритувчи субъект­лар ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, ота-оналарнинг жавобгарлиги янада кучайтирилмоқда. Бундан ташқари, болалар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик, шунингдек, унинг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилиш масалалари вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар мажлисларида кў­риб чиқилиб тегишли чоралар қўлланилмоқда.

Республикамизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва болалар меҳнатининг оғир шаклларига йўл қўймаслик масалалари бўйича меҳнат ва аҳо­лини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари, халқ таълими бўлимлари, ҳуқуқ­ни муҳофаза қилиш органлари ходимлари учун, шу билан бирга болалар ҳу­қуқларини таъминлаш ва болалар меҳнати муаммоларини ёритадиган оммавий ахборот воситалари журналистлари ва муҳаррирлари, касаба уюшмалари ташкилотлари раҳбарлари учун туркум семинарлар ташкил этиб келинмоқда. Айни вақтда мамлакатимизда болалар меҳнати соҳасида амалга оширилаётган оқилона ислоҳотларни мувофиқлаштириб бориш мақсадида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси қо­шида ташкил қилинган Ўзбекистон Республикасида болалар меҳнати масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи Кенгаш ҳам самарали фаолият олиб бормоқда.

Бу борада амалга оширилаётган тизимли ишлар натижасида эришилаётган ютуқ ва муваффақиятларимиз жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Жумладан, БМТнинг Болалар фонди, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилотларининг мутасадди вакиллари Ўзбекистонда болалар манфаатларини ҳимоя қилиш доирасида улкан ижобий натижаларга эришилганлигини қайд этмоқда.

Бир сўз билан айтганда, истиқлол йилларида рес­публикамизда болаларга эътибор бирзум бўл­са-да, назардан четда қолмади. Бунинг ёрқин намунаси сифатида Юртбоши­миз томонидан ҳар бир йилга ном берилиши, бундан келиб чиққан ҳолда давлат дастурлари ишлаб чиқилиши ва амалга ошириб келинаётганлигини қайд этиб ўтишимиз жоиз. Хусусан, 2016 йил “Соғлом она ва бола йили”, деб эълон қилинганлиги мамлакатимизда болаларнинг баркамол авлод сифатида вояга етишларига қай даражада эътибор қаратилаётганлигини кўрсатиб турибди.

 

Аҳмад ИСМАИЛОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари