-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Юрагингда қуёш порласин! Қалб кўзи очиқ, руҳи чароғон ёшлар йўлдан адашмайди

14.06.2016

ИНСОН — заминда азиз ва муқаддас қилиб яратилган мавжудот. У бутун борлиқнинг гултожи. Бошқа бирон-бир жонзотга насиб этмаган имтиёзлар, имкониятлар унга раво кўрилган. Бироқ илоҳий битикларда ҳам, дунё­вий ҳуқуқий меъёрларда ҳам инсон кўпдан-кўп ҳуқуқ ва эркинликлар эгаси экани билан бир қаторда, муайян мажбуриятлар соҳиби экани ҳам белгилаб қўйилган. Бурч даражасига кўтарилган мана шундай мажбуриятлардан бири, бу — унинг мулки борлиққа масъул экани, тинчлик ва осойишталикка посбон этиб белгиланганидир. Аммо айрим кимсалар ана шу бурчларини унутиб, ҳар доим ғавғо кўтариш иштиёқи билан яшайдилар. Ўзгалар ҳаловатига рахна солиб, тинчлик ва осойишталикни таҳдид остида қолдирадилар. Дунёга гегемонлик қилиш, моддий бойликларни қўлга киритиш иштиёқи уларни ҳамиша ўзгалар мулкига тажовуз қилишга ундаб келган. Аммо улар ўз ға­разли ниятларини ҳар доим муқаддас тушунчалар, эзгу амаллар билан ниқоблаб келишади. Масалан, XI асрда француз католик черковининг ундови билан Шарққа томон юриш бошлаган салбчилар ҳаракати ҳам аслида Қуддусни қутқариш, насронийлар манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида бошланган бўлса-да, аслида эса динидан, ирқидан қатъи назар барчани қириш, Қуддус аҳлининг мол-мулк­ларини, бойликларини талон-торож қилишдан иборат эди. Башарти, бугунги кунда дунёнинг турли минтақа ва ҳудудларида авж олаётган қарама-қаршиликлар, жумладан, Яқин Шарқда, Ироқ ва Сурия мамлакатларида бўлаётган қонли тўқнашувлар, мусулмон дунёсидаги турли мазҳаб ва оқимлар ўртасида кучайиб бораётган ўзаро низо ва зиддиятлар, бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлаётгани барчамизни ташвиш ва хавотирга солмай қўймайди. Сабаби, Сурия ёки Ироқдаги қусурнинг бизга алоқаси йўқ дейишлик ғирт соддалик ёки сиёсий саводсизликдан бўлак нарса эмас.

Шу ўринда тарихий бир факт устида тўхталиб ўтмоқ жоиз. Яъни, Юртбоши­миз ҳали Америкада 11 сентябрь воқеалари, осмонўпар икки эгизак бино портлатилмасидан 7-8 йил муқаддам, БМТ минбаридан туриб, бутунжаҳон аҳлини терроризм хавфидан огоҳ этган эди. Бироқ жаҳоннинг манаман деган сиёсатдонлари ҳам ўша кез бу балойи офатнинг биргина минтақага тааллуқли эмаслигини, унинг қамрови кенга­йиб бутун дунёга хавф солиши мумкинлигини тасаввур қила олмаган  эди. Ва бу ғафлат онлари Америкада қўпорувчилик ҳаракати амалга оширилгунга қадар давом этди. Дунёнинг ўша пайтдаги номдор сиёсатчилари шу асно чўчиб, кўзларини очишди, аммо ғишт қо­липдан кўчган — жин шишани тарк этган эди.

ИШИД каллакесарлари эса шу қисқа вақт ичида кўплаб мусулмонлар ва ўзга дин вакилларини қатл этишди. ўайридинлардан омон қолишлари бадалига киши бошига 250 доллар миқдорида солиқ тў­лаш талаб этганлари ҳам исломнинг бағрикенглик тамойилларига зиддир. Зотан, Пайғамбаримиз (с.а.в) Маккани забт этиб, ҳокимиятни қўлга киритган чоғ, мушриклар ва ўзга дин вакиллари муқаррар жазони кутиб турган палла, барчага омонлик, эътиқод эркинлиги ва молу мулкига дахлсизлик эълон қилган эдилар. ИШИДнинг халифалик давлатини барпо этишга бўлган даъволари асоссиз ва пуч экани, Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг: “Мендан сўнг яна ўттиз йил халифалик давом этади. Ундан сўнг яна подшоликлар, амирликлар вужудга келади”, деган сўзлардан ҳам рўйирост англашилиб туради. Абу Бакр Сиддиқ, Умар Ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб (р.а)лар даврида суд, молия, таълим ва бошқа ишлар халифа ваколатидан ажратилиб, дунёвий масалалар қаторига ўтиб боргани ҳам шу фикрни тасдиқлайди.

ИШИД ўзининг жирканч қадами билан фақатгина бир минтақа эмас, балки бутун дунёга хавф сола бошлади. У энг хавфли тер­рорчи гуруҳга айланди. Унинг сафларида аксари хориж фуқаролари бўл­миш юз мингга яқин жангарилар борлиги ҳақидаги маълумотлар тарқатилмоқда. Ўзини ислом учун жанг қилаётган жиҳодчилар, деб талқин этаётган бу кимсалар ўтган шу қис­қа вақт мобайнида минглаб бегуноҳ мусулмонларнинг ёстиғини қуритди, болалар, аёллар ва қария­ларнинг умрига зомин бўлди.

Шунингдек, интернет орқали қўлбола бомбалар ясаш, ўзини ўзи ўлдириш, кўпчиликка талафот етказиш услублари муттасил ўргатиб борилмоқда. Қўл­ланмалар видео, аудио ва электрон китоб тарзида интернетга жойлаштирилмоқда. Интернет ахборот хуружлари, психологик кураш воситасига ҳам айланиб бормоқда. Террорчилар интернет орқали муайян ҳукуматларга тазйиқ ўтказиб, мазкур мамлакатларнинг манфаатларини назар-писанд қилмай, уларнинг айрим қарорларини бекор қилишни талаб этади, акс ҳолда мазкур ҳудудда тартибсизликлар келтириб чиқаришни писанда қилиб қўрқитмоқчи бўлади.

Ўз сафларига иродаси суст, билими ҳаминқадар ёшларни жалб этишда улар ижтимоий сайтлардан унумли фойдаланадилар. Мазкур сайтларга кўп кирадиган одамларни кузатишади ва улар билан алоқа боғлайдилар.

Олдига қўйилган нарсани ейиш ҳайвонликдир, оғзига келган гапни қайтармаслик нодонликдир. Дин ниқоби остида юртимизга тажовузкор тиғини санчишни режа қилган айрим сиёсий кучлар, иродаси суст, саводи паст ёшларни ўз томонига оғдириб, уларни ҳайвонлик ва нодонлик қилишга ундайдилар. Уларнинг онгини ёлғон ва уйдирмадан иборат “вирус” билан заҳарлайдилар. Оқибатда, улар нафақат заҳарланади, балки “вирус” ташувчиларга айланишади. Бу эса жуда хавфли.   

Ҳа, бунинг каби алдовларга учмаслик, бузғунчи таълимотларнинг асл моҳиятини англаш ҳар бир кишидан чуқур билим ва юксак маънавий салоҳият эгаси бўлишни талаб этади. Зотан, бугун фақат қал­би сўқир, миясини пўпанак босган кимсагина мамлакатимизда мустақиллик йиллари амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларини кўр­маслиги, ислоҳотлар замирида инсон манфаати ётганлигини фаҳмламаслиги мумкин.  Зотан, Мисрдаги нуфузли “Дорул ифто”, яъни “Фатво ҳайъати” ўзларини Ислом давлати деб атаган, Ироқ ва Суриядаги жангариларни “Ислом давлати”, деган ном билан атамасликка даъват қилиб чиқди. 2014 йилнинг
3 июли “Дунё мусулмон уламолар кенгаши”нинг очиқ хати худди шундай чақириқ билан интернет тар­ғиботини бошлади. Бу гуруҳни Ироқ ва Суриядаги “ал-Қоида” бузғунчилари”, деб атади. Саудия Ара­бис­тони бош муфтийси Шайх Абдул азиз Оли Шайх, Ироқ ва Суриядаги ислом давлати номини ниқоб қилган бузғунчилар аслида исломнинг душманлари эканини таъкидлади.

Қўшнинг уйида чироқ ёнса қувон, сабаби шуъласи сенинг уйингни ҳам ёритади, дейди халқимиз. Башарти, девор-дармиён хонадонда ўт чиқса, зарари бутун маҳаллага татийди. Бинобарин, бугун мамлакатимиз ҳудудини тарк этиб, ИШИД сафларида бемақсад санғиб, саргардон бўлиб юрган кимсалар, эртага ўз юртига қайтиб ўша номаъқулчиликларни ўз уйида такрорлаш ҳаракатида бўлади. Тинчлик ва осо­йишталигимизга рахна солишга ҳаракат қилиши турган гап. Башарти, жамиятда тинчлик ва барқарорликни издан чиқаришга, ўзаро адоват ва тўқнашувларга сабаб бўладиган бундай хатарларнинг олдини олишнинг битта йўли бор: ёшларимизни мустақил фикрлайдиган, оқни қорадан, дўст­ни душмандан ажратишга қодир бўлган, бизнинг қандай бой тарих ва меросга эга эканимизни англаб яшайдиган, имон-эътиқодли, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбия топган инсонлар этиб вояга етказишимиз, бу масалани ҳеч қачон иккинчи даражали вазифа деб билмаслигимиз керак.

 

Худоёр МАМАТОВ,

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи