-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Тозалик бор жойда файзу барака бўлади

11.04.2017

ДУНЁ аҳолиси сонининг ўсиши ва илмий техниканинг тез суръатларда ривожланиши инсоният олдига яна бир янги муаммо — чиқиндилар муаммосини келтириб чиқармоқда. Ва у энг долзарб экологик масалалардан бирига айланиб, экологик барқарорликка салбий таъсир кўрсатмоқда.

Тарихдан маълумки, маиший ва ­бошқа чиқиндиларга қайта ишлов беришни илк бор қадимги юнонистонликлар бошлаб берган.

Айниқса, эрамиздан 500 йил муқаддам Афинада турли кўринишдаги чиқиндиларни шаҳар кўчаларига ташлашни тақиқловчи ҳамда кўчаларни тозаловчи фаррошларга чиқиндиларни шаҳардан узоқроқ, махсус ажратилган жойларга олиб бориш мажбуриятини юкловчи фармон қабул қилинган. Лекин вақт ўтиши билан ўрта асрларда мазкур юнон тажрибаси унутилди ва шаҳар аҳолиси ахлатларни кўчага улоқтирар, ювиндиларни деразалардан таш­қарига сепар эдилар, бу эса, ўз навбатида, шаҳарда вабо касалини тарқатувчи — каламуш, сичқонларнинг кўпайишига олиб келган. Кўп асрлар давомида чиқиндилардан нотўғри фойдаланиш ва бошқариш табиий ресурсларнинг ҳамда табиатнинг кутилмаган ўзгаришларига сабаб бўлган.

Шаҳарлар ролининг ортиб бориши ва товар ишлаб чиқаришнинг ўсиши чиқиндилар миқдорининг янада кўпайишига олиб келди. Бироқ ўша вақтларда мавжуд бўлган ресурсларнинг қимматлиги тадбиркорларни қайта ишлашга яроқли бўлган барча чиқиндиларни утилизациялаш, яъни фойдали равишда ишлатишга мажбур этарди. Шу билан бир вақтда чиқинди тўпланадиган ҳудудлар борган сари кенгайиб бораверган. Мазкур муаммо ҳукумат даражасидаги кенг қамровли ечимни тақозо этган ва ниҳоят, 1874 йилга келиб, Буюк Британиянинг Ноттингем шаҳрида экологик тараққиётнинг ўзига хос рамзи бўлмиш дунёдаги биринчи чиқинди ёқиладиган завод қурилган.

Ташвишли томони ҳам шундаки, дунёнинг деярли барча мамлакатларида қаттиқ маиший чиқиндилар аҳоли жон бошига ҳар йили 1 фоизга ошмоқда. Ҳозирги кунда чиқиндиларнинг 800 дан ортиқ тури қайд этилган бўлиб, уларнинг келгусида янада ортиши башорат қилинмоқда. Энергетика, рангли ва қора металлургия, кимё саноати ва қурилиш индустрияси объектлари чиқинди ҳосил қилувчи, атроф-муҳитни ифлослантирувчи асосий манбалар ҳисобланади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, маиший чиқиндилар бутун дунёда арзон хомашё ҳисобланади. Ривожланган мамлакатлар тажрибаси унинг 85 фоизини қайта ишлаш мумкинлигини кўрсатмоқда. Шимолий Европа мамлакатларида аллақачон чиқиндиларни алоҳида йиғиш йўлга қўйилган. Натижада, қоғоз, пластик, алюминий каби ­хом­аш­ёнинг катта қисми қайта ишлашга юборилиб, бу жараённинг экология ва атроф-муҳитга ижобий таъсири жуда катта бўлади. Шунингдек, чиқиндиларни қайта ишлаш энергия ва хомашёни сезиларли даражада тежайди. Статистик маълумотларга кўра, Японияда резина ва кабель буюмларининг 34 фоизи, шиша буюмларнинг 43 фоизи, қоғоз ва картоннинг 54 фоизи чиқиндини қайта ишлаш эвазига олинаркан. Айниқса, бу борада Хитой тажрибаси ўта ҳайратланарлидир. Улар алюминий, темир, мис каби металлардан ясалган буюмларнинг 33 фоизини, жун, ипак, чарм-атторлик буюмларининг 34 фоизини турли чиқиндиларни қайта ишлашдан олишар экан.

Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда республикамизда йилига 100 миллион тоннадан ортиқ саноат чиқиндиси (унинг 14 фоизи токсик чиқиндилар тоифасига мансуб), 35 миллион тоннага яқин маиший чиқинди ҳосил бўлади. Чиқиндихоналар ва чиқинди сақлаш омборхоналарида 2 миллиард тоннага яқин саноат, қурилиш ва маиший чиқинди сақланаётгани ҳамда улар 12 минг гектар майдонни эгаллаб турганини инобатга олсак, чиқиндиларнинг салбий таъсирини тасаввур этиш қийин эмас. Айтиш жоизки, атроф-муҳитни ишлаб чиқариш ва истеъмол чиқиндиларидан муҳофаза қилиш табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда экологик тоза технологияларни амалиётга татбиқ этиш муаммолари билан узвий боғлиқдир.

Бугунги кунда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини ҳимоялаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик хавфсизликни таъминлашга йўналтирилган изчил экологик сиёсат юритилмоқда. Ишлаб чиқариш соҳаларини замонавий технологиялар билан жиҳозлаш ва қайта жиҳозлаш натижасида атмосферага чиқарилаётган зарарли моддаларнинг миқдори 2,1 мартага, оқава сувларнинг ташланиши 2 мартага камайди. “Ўзбекистонда барқарор тоза ишлаб чиқариш Дастурини ишлаб чиқиш ва тоза ишлаб чиқаришни татбиқ этиш” ҳамда “Ўзбекистон Республикасида чиқиндиларни бошқариш бўйича Миллий стратегия ва “Ҳаракат режаси” амалга оширилди. БМТнинг Тараққиёт Дастури ҳамкорлигида чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги давлат сиёсатини ва ҳаракатлар самарадорлигини оширишга қаратилган “Ўзбекистон Республикасида чиқиндиларни бошқариш бўйича Миллий стратегия ва Ҳаракатлар режаси” ишлаб чиқилди. Мазкур ҳужжат чиқиндилар бўйича муаммоларни ҳал этишда амалга ошириладиган ишларнинг стратегик йўналиши ва мувофиқлаштиришнинг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар негизида экологик муаммоларнинг замонавий ечимини топиш ва мавжуд чиқиндилардан замон талаби асосида оқилона фойдаланиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Давлатимиз раҳбарининг: “Қаттиқ маиший чиқиндиларни санитария йўли билан тозалаш ва утилизация қилишни янада яхшилаш дастури шаҳарларимиз ва қишлоқ аҳоли пунктларининг тозалиги ва гўзаллигини ошириш, атроф-муҳитни заҳарлайдиган ва аҳоли саломатлиги учун хавф туғдирадиган, ноқонуний пайдо бўлган 1,5 мингта чиқиндихонани йўқ қилиш имконини беради.

Айни вақтда маиший чиқиндилар учун, жумладан, барча вилоятлар марказларида ҳамда йирик шаҳарларда 168 та полигон барпо этилади. Чиқиндиларни тозалаш билан шуғулланадиган ташкилотлар қўшимча равишда 405 та замонавий махсус техника билан таъминланади”, деган фикрлари муҳим аҳамиятга эга бўлиб, чиқиндилардан хавфсиз ва оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор беришни тақозо этади.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йиллар даврида чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Чиқиндилар билан боғлиқ ишлар бўйича давлат назоратини янада кучайтириш чораларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорлари лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилганлиги муҳим аҳамиятга эгадир.

Чиқиндилар ва хавфли ашёлар билан муомала қилишни ҳуқуқий тартибга солиш, радиациявий хавфсизликни таъминлаш, радиоактив чиқиндилар билан хавфсиз муносабатда бўлиш, шунингдек, уларни сақлаш, қайта ишлаш ва кўмиб ташлашга нисбатан бўлган талаблар “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Радиациявий хавфсизлик тўғрисида”ги, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги, “Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осо­йишталиги тўғрисида”ги қонунларида, чиқиндилар билан боғлиқ масалалар эса, Ўзбекистон Республикасининг “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунида ўз ифодасини топган.

Жумладан, “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонуннинг мақсади чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, унинг асосий вазифалари чиқиндиларнинг фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига, атроф-муҳитга зарарли таъсирининг олдини олиш, чиқиндилар ҳосил бўлишини камайтириш ва улардан хўжалик фаолиятида оқилона фойдаланилишини таъминлашдан иборатдир.

Зеро, бу масалада “2013-2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар Дастури” мамлакатимизда чиқиндиларни бошқариш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатини таъминлаш борасида катта аҳамиятга эга бўлган тарихий ҳужжат бўлиб, унда бу соҳада амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларнинг асосий йўналишлари белгиланди.

Жумладан, дастурга мувофиқ қуйидагилар атроф-муҳит ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолияти чиқиндилари билан ифлосланишининг олдини олиш соҳасидаги асосий вазифалар ҳисобланади:

 ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолияти чиқиндиларининг атроф-муҳитга зарарли таъсирининг олдини олиш ва уни бартараф этиш; бузилган ерларни рекультивациялаш; заҳарли чиқиндили кўмилма ва полигонларни реабилитация­лаш; собиқ уран конларидаги экологик вазиятни соғломлаштириш.

Шунингдек, ушбу дастурнинг юқорида кўрсатилган асосий вазифаларини бажариш учун қуйидаги асосий тадбирларни амалга ошириш назарда тутилади:

Наманган ва Тошкент вилоятларининг собиқ уран конлари ҳудудларидаги экологик вазиятни соғломлаштириш; кон-металлургия тармоғи объектларидаги заҳарли чиқиндилар сақлагичларини реабилитациялаш; Навоий ва Бухоро вилоятларидаги кон-металлургия тармоғи объектларидаги бузилган ерларни рекультивациялаш ва улардан фойдаланиш; махсус полигонларда заҳарли кимёвий ва токсик моддалар кўмилган жойлардаги ерларни рекультивациялаш орқали экологик вазиятни соғломлаштириш; иссиқлик электр станцияларида ҳосил бўладиган кул-шлакли чиқиндиларни утиллаштириш технологиясини ишлаб чиқиш; таркибида симоб моддаси бўлган лампа ва асбобларни демеркуризациялаш.

Эътиборли томони шундаки, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 6 ноябрдаги “Республиканинг иссиқлик ва сув таъминоти ташкилотларини молиявий соғломлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ қабул қилинган “Ўзкоммунхизмат” агентлиги бош директорининг 2016 йил 15 июндаги 73-сон буйруғига асосан “Қаттиқ маиший чиқиндилар полигонларини лойиҳалаштириш ва улардан фойдаланиш бўйича йўриқнома” тасдиқланди.

Мазкур йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 6 ноябрдаги “Республиканинг иссиқлик ва сув таъминоти ташкилотларини молиявий соғломлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2014 йил 15 июлдаги “Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ қаттиқ маиший чиқиндилар полигонларини лойиҳалаштириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

Чиқиндиларни аҳоли яшаш жойларида, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреацион ва тарихий-маданий аҳамиятга эга бўлган ерларда, сувни ҳимоя қилиш зоналари ва сув объектларининг санитария-қўриқлаш зоналари чегараларида, шунингдек, фуқаролар ҳаёти ва саломатлиги учун хавф вужудга келиши мумкин бўлган бош­қа жойларда ҳамда табиати махсус қўриқланадиган ҳудудларда ва объектларда сақлаш ва кўмиш тақиқланади. Шу муносабат билан чиқиндилар ва уларнинг айрим турлари ҳолатига эътибор қаратсак.

1. Саноат чиқиндилари: Ўзбекистонда ҳар йили 100 миллион тоннадан ортиқ саноат чиқиндилари ҳосил бўлади. Улардан ўн тўрт фоизи атрофидагиси токсик (заҳарли) тоифага мансуб ҳисобланади. Чиқиндиларнинг кўп қисми тоғ-кон қазиб олиш ва тоғ-кон қайта ишлаш саноат корхоналари жойлашган Навоий, Тошкент ва Фарғона вилоятларида ҳосил бўлади. Ҳосил бўладиган қаттиқ саноат чиқиндиларининг жами 0,2 фоизигина иккиламчи хомашё сифатида фойдаланилади. Қолган қисми чиқинди тўпланадиган жойларга йиғилади. Республикада саноат чиқиндилари тўпланадиган чиқиндихоналар 10 минг гектарга яқин ерни банд қилган. Чиқинди ҳосил бўладиган корхоналар устидан давлат назоратини “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси амалга оширади.

2. Заҳарли чиқиндилар: заҳарли чиқиндиларга таркибида мишяк, оғир металл, аҳоли ўртасида ўткир ёки узоқ муддат давом этадиган касалликларни келтириб чиқарадиган пестицидлар, тез аланга оладиган моддалар, хусусан, органик ва суюқ ёғли эритувчи моддалар, шунингдек, бўёқ қолдиқлари бўладиган чиқиндилар; коррозия ҳаракати (рН 2 дан кам, 12,5 дан юқори) билан металл контейнерлар ва жонли тўқималарнинг бузилишига олиб келадиган чиқиндилар киради. Кимёвий фаол чиқиндиларга муддати тугаган препаратлар ва кислоталар кириб, мазкур препарат ва кислоталар ҳаво ва сувдаги мавжуд моддалар билан бирга кимёвий реакцияга киришиб портлаш ёки заҳарли моддаларнинг ҳосил бўлишига сабаб бўлади.

 Шунингдек, радиоактив ёки патоген микроорганизмлар билан зарарланган касалхона чиқиндилари аҳоли саломатлигига жиддий хавф солаётганлиги туфайли сўнгги йилларда мазкур муаммога алоҳида эътибор қаратилмоқда. Заҳарли чиқиндиларни қайта ишлаш экологик асосий муаммолардан бирига айланмоқда.

3. Заҳарли химикатларни кўмиш ҳолати: 1988-1989 йилларда қишлоқ хўжалик аэродромлари ва пахта далаларидан 2,7 минг тонна атрофида пестицидлар, минерал ўғитлар ҳамда 200 минг дона заҳарли моддалар идишлари мавжудлиги аниқланган. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг саъй-ҳаракатлари билан бугунги кунда мазкур пестицидлар ва заҳарли химикатлар жойлардаги 13 та заҳарли химикатлар қабристонида сақланади. Заҳарли моддалар кўмиш жойлари устидан давлат кадастри олиб борилади. Республика бўйича заҳарли моддалар кўмиш жойларида утилизация қилиш масалалари ҳал этилмаган 14,3 минг тонна тақиқланган ва фойдаланиш муддати тугаган заҳарли химикатлар, 176,2 минг дона заҳарли модда идишлари сақланади.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган ифлослантирувчи манбалар мониторинги Дастурига асосан заҳарли кимёвий моддалар кўмиш жойлари ва қишлоқ хўжалик аэродромлари атрофида доимий мониторинг олиб борилади.

4. Тиббиёт чиқиндилари: Тиббиёт чиқиндилари атроф-муҳит ва унинг деярли барча элементлари — сув, ҳаво, тупроқ, озиқ-овқат маҳсулотларининг ифлосланиши сабабли аҳоли орасида нафақат тўғридан-тўғри, балки билвосита инфекцион ва ноинфекцион касалликларнинг тарқалиши хавфини туғдиради. Шунинг учун мазкур муаммога жиддий ёндашиш тақозо этилмоқда. Таъкидлаш жоизки, бу чиқиндиларнинг 80 фоизини органик моддалар ташкил қилади ва уларни қайта ишлаш натижасида катта миқдордаги энергия ва энергия ташувчиларни ишлаб чиқариш мумкин.

Тиббиёт чиқиндилари ўзидан қатор жиддий муаммоларни келтириб чиқаради. Мазкур чиқиндиларнинг ҳажми йирик бўлмаса-да, (2005 йилда тахминан 21,4 минг тоннага яқин чиқиндилар ҳосил бўлган, аммо инфекцияларнинг тез тарқалишига, эпидемиологик ҳолатнинг ёмонлашувига, ўз навбатида, атроф-муҳитнинг ифлосланишига сабаб бўладиган жиддий хавф-хатарни юзага келтиради. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 1979 йилнинг ўзидаёқ тиббиёт чиқиндиларини хавфли чиқиндилар гуруҳига киритиб, уларни қайта ишлаш учун махсус хизматлар ташкил этиш заруриятини кун тартибига қўйди. 1992 йилдаги Базель конвенциясига мувофиқ ўзидан яна клиник чиқиндилар рўйхатини келтириб чиқарадиган 45 турдаги хавфли чиқиндилар ажратилган.

Умуман олганда, мамлакатнинг барқарор тараққиётини таъминлаш чиқиндилар билан боғлиқ масалаларни ижобий ҳал этишда модернизация қилишга эътибор бериш, экологик тоза технологик базани такомиллаштириш ва жалб қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза этишни таъминлаб чиқиндилардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида бу соҳадаги илмий тадқиқотлар ва амалиёт тажрибаларини ўрганиш асосида қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:

 — “Барқарор ривожланиш” қоидаларига қатъий амал қилиш, чиқиндилардан фойдаланиш ва уни қайта ишлашнинг экологик тоза ҳамда илмий асосланган тизимига ўтиш;

— чиқиндилардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида улардан фойдаланишнинг тежамли усулларини ишлаб чиқиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишда такомиллашган янги чиқиндисиз технологияларни қўллаш ҳамда уларнинг самарадорлигини ошириш;

— мавжуд табиий захиралардан оқилона фойдаланишни бошқариш ва уларни қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш;

— янги чиқиндисиз технологияларни қўллаш ва экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқишда табиий жараёнлардан, яъни қуёшли сув иситгич, шамол генератори, муқобил қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенгроқ фойдаланиш;

— мамлакатимизнинг чиқиндилардан оқилона фойдаланиш ва қайта ишлаш сиёсатини мустаҳкамловчи чиқиндилар соҳасига оид қонунчиликни аҳоли ўртасида кенгроқ тарғиб қилиш, айниқса, бу масалада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокини янада кучайтириш;

— иқтисодиётни диверсификация ва модернизация қилиш, саноатнинг жадал ривожланиши, нефть-газ ва бош­қа хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш бўйича энг илғор технологиялар билан жиҳозланган замонавий ҳамда қудратли газ-кимё комплексининг шаклланганлигини таъкидлаш лозим. Демак, уни амалга оширишда мавжуд таълим-тарбия олиб бориш тизимини босқичма-босқич ривожлантириш, жумладан, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги билимларни тарғиб қилиш, жумладан, “Энергетика ҳуқуқи”, “Экология ҳуқуқи”, “Табиий ресурслар ҳуқуқи”, “Аграр ҳуқуқи” фанларини ўқитишни хорижий тажрибалар асосида такомиллаштириб бориш, чиқиндилардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта ишлаш соҳасидаги маданиятни янада ошириш;

— аҳоли ва ёшлар билан экологик-ҳуқуқий таълим-тарбия олиб бориш жараёнида чиқиндилардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта ишлаш мақсадида бу соҳадаги халқаро ҳуқуқий нормаларнинг ҳуқуқий аҳамиятини кенгроқ тушунтириш;

— ваҳоланки, чиқиндилардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта ишлаш, экологик тоза технологияларни қўллашда ўта самарадорлик билан илмий асосланган тарз­да фойдаланиш, айниқса, бу соҳада Хитой, Малайзия, АҚШ, Англия, Германия, Швейцария, Япония, Канада, Корея, Россия, Финляндия, Франция каби мамлакатлар тажрибасидан кенгроқ фойдаланиш ва уларни амалиётда қўллаш мақсадга мувофиқ бўлиб, келажакда ижобий натижа беришига ишончимиз комил.

 

Жуманазар ХОЛМЎМИНОВ,

ТДЮУ профессори,

 юридик фанлар доктори