-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

“Муртазо акага қўнғироқ қилинг...”.

18.04.2017

ИНСОН умри давомида турли воқеа-ҳодисаларга, хуш-нохуш ҳолатларга гувоҳ бўлади, устозлардан сабоқ олиб, уларнинг назаридан ўтади, онг-шуурига бу донишманд дунёнинг битмас-туганмас ҳақиқатлари, илм-маърифати, ҳикматлари, ёзилган-ёзилмаган қоидалари, сўнг­сиз-саноқсиз сабоқлари мавжланиб оқаётган шифобахш ирмоқдай сингиб бораверади. Ҳар бир авлод ўзидан аввалги авлоддан нималарнидир ўрганади, нималаргадир ҳавас қилади, эътиқод қўяди ва, аксинча, нималардандир воз кечади.

Гапни жуда узоқдан бошладим. Аслида, соддагина қилиб, “Хўш, бугун табаррук 80 ёшини қаршилаётган Муртазо Султоновдан, умрининг шу босқичига етиб келган бошқа устозлардан ёшлар нимани ўрганишлари, қай-
си фазилатларини ўзларига синг­диришлари мумкин?”, деб қўя қолсам бўларди. Оддийликдан кўра мураккабликни ихтиёр қилганимнинг боиси бор, албатта.

Муртазо Султонов Ўзбе­кис­тон Ҳакамлик судлари Ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари. Ҳакамлик судларида фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи низолар, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келувчи хўжалик низолари кўрилади. Эътиборли жиҳати, ҳакамлик судида ишлар тезкорлик билан ҳал этилади ҳамда тарафлар ўртасидаги ҳамкорлик сақлаб қолинади. Босиқ ва вазмин, катта ҳаётий тажрибага эга Муртазо ака бугун ана шу жабҳада фаолият юритмоқда.

Қаҳрамонимизнинг меҳнат фаолияти собиқ тузумнинг  “гуллаган” даврига тўғри келганини ўзи ҳам инкор этмайди. Кимнинг аравасига тушсанг, шунга қараб йўрғалайсан, деган гап бор. Бугун “Мен фалон ҳолатда ундоқ деганман, бундоқ деганман, боплаганман, қарши чиққанман”, дея кўкрагига ураётганлар оз эмас. Майли, виждонни овутишнинг бир йўли-да бу ҳам. Аммо қизил мафкура қиличи қайралиб, ура-урачилик, қарсакбозлик, ялпи даҳрийлик, дўппи деса бошни тушуниш урф бўлиб турган бир шароитда ўзлигидан бутунлай воз кечмаган, виждонига хилоф иш қилмаган одамлар ҳам кўп бўлган. Буни алоҳида эътироф этиш керак. Биринчи Президентимиз ­Ислом Каримов “Адабиётга эътибор  келажакка, маънавиятга эътибор” рисоласида ижодкор зиёлиларнинг кўп­чилиги оиласи, шахсий ҳаёти, ижоди деб собиқ тузум мафкураси билан келишишга мажбур бўлгани, аммо улар ич-ичидан бу тузумнинг ғайриахлоқий ақидаларини, халқ манфаатларига зид сиёсатини қўлламагани ҳақида ёзганида, айни шундай кишиларни кўзда тутган эди.

М.Султонов ўша йиллари республика халқ таълими вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаган. Партия қарорлари ва кўрсатмаларини бажаришда фаол иштирок этган, юқоридан келадиган топшириқларни ошириб-тошириб бажариб, обрў-эътибор қозонган. Бу “ошириб-тошириш” нима эди? Мана шу саволга жавоб топайлик. Бу — коммунистчасига от солиш эмас, иттифоқ вазирлигидан Ўзбекистон улушини қўшимчаси билан ундириш, мактабларни ўқув қуроллари, зарур жиҳозлар, техник воситалар билан таъминлаш, янги иншоотларни ишга тушириш, шу мақсадда ойига камида бир марта катта жомадонларни керакли нарсалар билан тўлдириб, Москвага бориш, керакли кишиларга йўл топиб, ишни кўнгилдагидай бажариб қайтиш эди. Кимдир бошқача тушуниши мумкин, аммо Муртазо ака бу ишни ўша пайтда мамлакат мактаблари қандай аҳволда экани, нимага муҳтожлиги, аҳволни ўнглаш, ҳеч бўлмаганда, қишлоқдаги вазиятни бироз юмшатиш учун нима қилиш, Москва балан қайси тилда гаплашиш зарурлигини, мақсадга эришишнинг “жомадон”сиз бошқа йўли йўқлигини яхши билгани учун қилгани аниқ. Бошқалар қатори ишга шунчаки келиб-кетаверишни, “Нима, битта мен югуришим керакми?”, дейишни ўзига эп кўрмаган. Халқимиз далада шунча меҳнат қилса-ю, иттифоқ хирмонига шунча хомашё етказиб берса-ю, нега энди болаларимиз зах, майиб-мажруҳ иморатларда совуқдан қалтираб, бир партада учтадан-тўрттадан ўтириб ўқиши керак, деган савол виждонини қийнаган. Истиқлол боисгина улар барҳам топди. Аммо ўша йиллари битта ўзбекистонликнинг марказ идораларига қатнаши, елиб-югуриши, керак жойда гапнинг бошига дўппи, белига белбоғ кийдириши ҳам изсиз кетмаган. Гап мана шунда!

Муртазо Султонов асли қурувчи муҳандис. Аммо у қурувчи ёки муҳандислар орасида эмас, ижодкор зиёлилар: таниқли ёзувчилар, фаол журналистлар, театр санъати вакиллари, хонандалар орасида кўпроқ машҳур. Бошқасини қўя турайлик, бу инсон ке­йинги қирқ йил ичида ўзини матбуотимизнинг чинакам жонкуяри, чарчамас газетхон, ёш мухбирлар, муҳаррирлар, наш­риёт ходимларининг яқин дўсти, беминнат ҳомийси сифатида намоён этаётгани ҳавас қилса арзигуликдир. Бу гапга шубҳа билан қараган кишига маслаҳатим: яхши, ўқиладиган мақола ёзинг ва уни бирор нашрда эълон қилдиринг — ўша куни ёки кечи билан эртасига эрталаб телефонингиз тўйқус жиринглайди. Гўшакни кўтариб “Лаббай” дейишингиз билан Муртазо Султонов жаноблари сизни шахсан табриклаб турибди-да. Бундай қилиш учун кунига камида ўн-ўн бешта газета, тўрт-бешта журнални варақлаб чиқиш керак. Бу ғаройиб инсон айни шундай қилади: бундан-да кўп газета-журналларни олиб ўқийди. Қулоғингизга шипшитиб қўяй: баъзи муаллифлар мақоламни чиқар деб, муҳаррирларнинг ёқасидан олишади, аммо ўзлари мақолалари босиладиган газетага обуна бўлишмайди — Муртазо Султоновдан бир кун — ярим кунга сўраб олиб ўқишади. Кимдир “Ўтган ҳафта фалон газетада зўр мақола чиққан экан, тополмай юрибман” деса, бош­қа кимдир: “Муртазо акага қўнғироқ қилинг, ўша кишида бўлади”, дейди.

Муртазо ака мана шундай одам. Ижодий йиғинларда, янги китоб тақдимотларида, янги спектакль премьераларида, таниқли хонандаларнинг ҳисобот концертларида олдинги қаторда савлат тўкиб ўтирадиган, кутилмаганда ёнингизга келиб, бир қучоқ гул ва шахсий ташриф қоғо­зининг “қайта ишланган ва тўлдирилган” навбатдаги наш­ри  билан самимий табрик­лай­диган, таваллуд кунингизни ёдингизга солиб, меҳрибон отадай дил сўзларини изҳор қиладиган одам шу киши.

 

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ