-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Палатага аъзо бўлмаган тадбиркор ҳуқуқий ҳимоядан мустасноми?

03.05.2018

ҲАҚ эвазига хизмат кўрсатиш шарт­номасининг ўзига хос хусусиятлари шуки, хизмат кўрсатишнинг хусусиятига қараб, алоқа хизмати, тиббий хизмат, ветеринария хизмати, аудиторлик хизмати, ҳуқуқий хизмат, маслаҳат хизмати ва шунга ўхшаш бошқа хизмат турларини ижрочининг шахсан ўзи томонидан бажарилиши билан эътироф этилади.

Хусусан, ушбу хизматнинг ҳуқуқий хизмат тури оммалашиб бормоқда.

2018 йил “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш” йили бўлганлиги ­учун ушбу ҳуқуқий хизмат кўпроқ тадбиркорлик субъектларига нисбатан тат­биқ қилинмоқда.

Лекин шуни ҳам унутмаслигимиз керакки, ҳуқуқий хизматнинг бу йў­на­лишидаги айрим муаммоларни ҳам келтириб ўтиш жоиз. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятига бевосита таянч ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳақида мавзуимизга доир қис­қача таҳлилни келтириб ўтсак. Палатанинг расмий www.chamber.uz сайтида палатани ташкил этишнинг ­асосий мақсади ва вазифалари қаторида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш келтириб ўтилган. Лекин тадбиркорлик субъектлари палатага ­аъзо бўлишлари ва аъзолик бадалларини ихтиёрий тартибда тўлаб боришлари шарт, деб белгиланган. Шу ўринда савол туғилади: палатага аъзо бўлмаган тадбиркорлик субъектлари ушбу қоидадан мустасноми? Афсуски, шундай ҳолат содир бўлмоқда. Шунинг учун ушбу фаолиятни олиб борувчи ва асосий орган ҳисобланган Савдо-саноат палатасининг фаолияти ва унинг жамиятдаги ўрнини ошириш мақсадида қуйидаги тавсиявий характерга эга бўлган тадбирларни амалга ошириш керак деб ҳисоблаймиз.

Биринчидан, палатанинг бугунги кунда “камнамо” эканлигини ҳисобга олган ҳолда унинг реклама фаолиятини йўлга қўйиш керак;

иккинчидан, палатанинг тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш функцияси ҳисобланган қарздорликни бартараф қилиш билан боғлиқ кафиллик функциясини шакллантириш керак, бунда палата қарздор субъектлар олдидаги кафиллиги эвазига кўпгина ишбилармонларнинг касод бўлиши ва жамиятда тадбиркорлик субъектларининг камайиб кетишининг олди олинар эди;

учинчидан, тадбиркорлик субъектлари томонидан четга экспорт қилинадиган товарлар ва уларнинг нархлари, шунингдек, унга кўрсатиладиган хизматлар ҳақидаги экспорт каталогини яратиш керак.

Палата ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси тузган тадбиркорга палата томонидан кўрсатилаётган ёрдамлардан баҳраманд этса, тадбиркорларнинг, биринчи навбатда, ташкилотга бўлган ишончини орттирган бўлар эди.

Бобурмирзо МУҲАММАДИЕВ,

Тошкент давлат юридик университети 4-босқич талабаси