-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтига ўқишга кириш тартиби белгиланди

05.05.2018

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 4 майдаги қарори билан Давлат бошқаруви Академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтига тингловчиларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ институтга тингловчиларни ўқишга қабул қилиш қайта тайёрлаш (тўрт ойлик) ва малака ошириш (бир ойгача) шаклида амалга оширилади.

Институтнинг қайта тайёрлаш ўқув курсларига 30 ёшдан ошмаган Ўзбекистон фуқаролари, олий маълумотли ва олий таълим муассасасини тугатгандан кейин камида 2 йил иш стажига эга бўлган давлат органлари
ва бошқа ташкилотларнинг раҳбар ходимлари ва мутахассислари тест синови ва суҳбат орқали очиқ танлов асосида қабул қилинади.

Институтдаги ўқиш даврида тингловчиларнинг ўртача иш ҳақи сақланади. Институтнинг қайта тайёрлаш ўқув курсларига кириш синовлари тест ва суҳбат шаклида ўтказилади. Суҳбат жараёни видеотасвирга олинади. Кириш синовлари номзодларнинг танловига кўра икки тилда — давлат тилида ёки рус тилида ўтказилади.

Институтда Ёшлар иттифоқи буюртмаси асосида қуйидаги малака ошириш ўқув курслари ташкил этилади:

  • давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ёш истиқболли кадрлари малакасини ошириш;
  • Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилот етакчилари ҳамда Етакчилар Кенгаши раислари малакасини ошириш.

Институтнинг малака ошириш ўқув курслари тегишли ташкилотларининг буюртмасига биноан тўлов-контракт шартномаси асосида ташкил этилиши мумкин.

Шунингдек, мазкур Ҳукумат қарори билан Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтида ташкил этиладиган қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курсларига қўйиладиган давлат талаблари тасдиқланди.

Давлат талабларида кўрсатилишича қайта тайёрлаш ўқув курсларида ўқиш касбий фаолиятдан ажралган ҳолда, малака ошириш ўқув курсларида ўқиш касбий фаолиятдан ажралган ёки ажралмаган ҳолда, шунингдек масофавий таълим технологияларидан фойдаланиш асосида амалга оширилиши мумкин.

Қайта тайёрлаш ўқув курсини тўлиқ ўзлаштирган ҳамда малакавий амалиёт (стажировка)ни муваффақиятли ўтаган тингловчилар якуний аттестацияга киритилади.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курслари тингловчиларини аттестациядан ўтказиш бўйича Институт директорининг буйруғи билан аттестация комиссияси тузилади.

Аттестация комиссияси қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курслари тингловчиларини қуйидаги шаклларда аттестациядан ўтказади:

  • қайта тайёрлаш курслари тингловчилари учун битирув малакавий иши ҳимояси;
  • малака ошириш ўқув курслари тингловчилари учун курс иши ҳимояси.