-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Адлия органлари тарихи музейи очилди

08.05.2018

МУЗЕЙЛАР халқимизнинг бой ўтмишини бугунги замон билан боғловчи кўприкдир. Музейларга ташриф буюрганлар ўтмишда яшаб ўтган тарихий шахслар, халқимиз томонидан яратилган бетакрор маданий-маънавий мерос ҳақида кенг тасаввурга эга бўлади, миллатимиз тарихига алоқадор шонли, унутилмас воқеалардан фахрланади, бугунги фаровон турмушимизга шукрона келтиради, уларнинг кайфиятида миллий қаҳрамонларимиз хотирасига чуқур ҳурмат ва хайрихоҳлик ифодаси акс этади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ҳам унинг тарихида илк маротаба Адлия органлари тарихи музейи ташкил этилди. Мазкур музейда Адлия вазирлигининг шаклланиш, ривожланиш эволюцияси ўз аксини топган. Музей 6 бўлимдан иборат. Мазкур экспонатларда Адлия вазирлигининг ривожланиш тарихи ва бугуни архив фотосуратлари асосида акс этган. Вазирликда фидойилик билан меҳнат қилган раҳбар фахрийлар стенди эса уларга бўлган эҳтиром ва эъзознинг ёрқин ифодасини билдиради.

Музейда 1917 йилдан бугунги кунга қадар қабул қилинган қонун ҳужжатлари архиви, никоҳ, туғилиш ёки ўлимни қайд этиш билан боғлиқ ҳолатлар ХХ асрдан то бугунги кунга қадар қандай расмийлаштирилганлиги ҳақидаги архив фотосуратлари, яъни асл материалларда акс эттирилган. Музейдан ўрин олган экспонатларнинг барчаси махсус экспертлар гуруҳи томонидан ўрганилиб, тадқиқ этилди.

Шунингдек, музейда мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг илк қабул қилинган Мустақиллик дек­ларацияси ҳамда Адлия вазирлиги ташкил топиши билан боғлиқ қонун ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар ҳам ўрин олган.

Бундан ташқари, бу ерда адлия органлари ва муассасалари фаолиятига оид тарихий ҳужжатлар ва материалларни ҳам кўриш мумкин.

Яна бир маълумот. Музейда, нафақат, вазирликнинг тарихи, балки бугунги кунда мазкур жабҳада олиб борилаётган жўшқин иш фаолияти билан ҳам танишиш мумкин. Хусусан, экспонатлардан ўрин олган хорижий ҳамкорлик бўлимида вазирликнинг халқаро миқёсдаги келишувлари, анжуманлар, конференциялардаги му­ҳим жараёнлар кўзга ташланади.

Адлия органлари тарихи музейининг очилиш маросими бежизга 9 май — Хотира ва қадрлаш куни арафасида ўтказилмаяпти. Боиси, ушбу музей адлия органларида фаолият юритган фахрийларга ҳурмат рамзи сифатида ташкил этилган.

Музей келажагини адлия фаолияти билан боғлашга интилаётган, шунингдек, тарихдан сабоқ олиб, келажакка қадам қўйиш истагида бўлган инсонлар, талаба ва ўқувчиларга муҳим жонли манба бўлиб хизмат қилади.

 

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

 

 

Сўнгги янгиликлар: