-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Адлия тадбирлари мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёймоқда

08.05.2018

ЮРТИМИЗДА янги ташаббуслар, янги ғоялар нафақат шаҳару марказлар, балки олис ва чекка ҳудудларни ҳам қамраб олаётганлигига гувоҳмиз. Ўзбекистон Респуб­ликаси Адлия вазирлиги ташаббуси билан жойларда ­“Одилона қонунларни қабул қилиш, жамиятда қонунга ҳурмат руҳини қарор топтириш — демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир”, деган концептуал ғояни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳуқуқий тарғибот ва маърифат тадбирлари ўтказилаётганлиги фикримизнинг ёрқин далилидир.

Ана шундай “Ҳуқуқий ахборот кунлари” тадбирлари “Фуқаролар давлат органларига эмас, давлат органлари фуқароларга хизмат қилиши керак!” шиори остида Навоий вилоят ҳокимининг фармойишига асосан вилоят адлия бошқармаси ва вилоятдаги барча давлат органлари ҳамда ташкилотлари ҳамкорлигида 2-4 май кунлари Хатирчи туманида ўтказилди.

Уч кун давом этган тадбир давомида тумандаги 68 та маҳаллада масъул идора вакилларидан ташкил топган 9 та тарғибот гуруҳи томонидан 4000 дан ортиқ фуқаро билан учрашув ўтказилди.

 

“Ҳуқуқий ахборот кунлари” тадбирлари доирасида ҳуқуқий мавзудаги 10500 та буклет, флаер, чўнтак китобчалари ва бошқа турли шакллардаги тарқатма материаллар тарқатилди, “Ҳар бир оилага — бир китоб” лойиҳаси доирасида аҳолига 600 та ҳуқуқий ва бадиий адабиётлар берилди. Шунингдек, адлия бошқармаси ва давлат хизматлари агентлигининг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан хонадонма-хонадон юрилиб, янги қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти тушунтирилди, 250 дан ортиқ мурожаат қабул қилиниб, уларнинг аксарияти жойида ҳал этилди.

Тадбирлар давомида давлат нотариал идоралари нотариуслари томонидан жами 27 та сайёр нотариал ҳаракат амалга оширилди. Давлат хизматлари марказлари томонидан 125 та сайёр давлат хизмати кўрсатилди, ФҲДЁ бўлими ходимлари томонидан жами 19 та ҳаракат амалга оширилди. Адлия бошқармаси ва бир қатор ташкилотлар томонидан 800 дан ортиқ ҳуқуқий масала бўйича аҳолига тушунтириш берилди. Адвокатлар томонидан 200 дан ортиқ фуқаро ва тадбиркорлик субъектига бепул ҳуқуқий ёрдам ва маслаҳатлар берилди.

Шунингдек, тадбирда иштирок этган ташкилотлар томонидан аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотлар давомида ҳуқуқий, оилавий, уй-жой, кадастр, кредит олиш ва бошқа 600 дан ортиқ масала жойида ҳал қилиниб, уларга ташкилотлар томонидан тегишли ­амалий ва ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилди.

Тумандаги “Мустақиллик”, “Боғишамол”, “Саховат”, “Хонақо”, “Самарқанд” маҳал­ла­ларида ҳар бир ҳуқуқбузарликнинг салбий оқибати борлигини халққа кўрсатиш ва аҳолини қонунга итоаткорлик руҳида тарбиялаш, ҳозирда кўп учраётган оилавий ажримлар, мулкий низо, ер масаласи, фирибгарлик ва ўғирлик, транспортда йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш, транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан маст ҳолда бошқариш каби ҳолатлардаги жиноий, маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича 8 та очиқ сайёр суд мажлиси ўтказилди.

Хусусан, тумандаги 5-мактабгача таълим муассасасидан сабабсиз ишдан бўшатилган А.Шириновнинг манфаатини кўзлаб, Хатирчи туман аҳоли бандликка кўмаклашувчи маркази томонидан киритилган даъво ари­заси фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг Самарқанд ма­ҳал­ласида ўтказилган сайёр йиғилишида кўриб чиқилди ва сайёр суд қарори билан уч ойдан буён сарсон-саргардон бўлиб юрган А.Ширинов ишга қайта тикланди.

“Ҳуқуқий ахборот кунлари”нинг учинчи куни байрамона руҳда давом этди. Тумандаги истироҳат боғи ва марказий стадионда эрта тонгдан карнай-сурнайлар садолари барчани Адлия сайлига чорлади.

Истироҳат боғи чинакам ҳуқуқий билимлар ва тарғибот маконига айланди. Вилоят прокуратураси, ички ишлар, мудофаа, фавқулодда вазиятлар, солиқ, божхона, соғлиқни сақлаш бошқармалари, касаба уюшмалари федерациялари, банклардан иборат жами 53 та ташкилот “Ҳуқуқий ахборот бурчаклари” билан иштирок этди.

Мазкур тадбир 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни арафасида ўтказилаётганлиги боис иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига алоҳида эҳтиром кўрсатилди.

Инсон қадру қиммати юксакка кўта­ри­лаётган бугунги даврнинг энг муҳим ва хайрли амалларидан бири кексаларни, бахтимиз учун курашган, Иккинчи жаҳон урушида жон олиб, жон берган матонатли, жасоратли табаррук инсонларнинг ҳурматини жойига қўйиш, уларни қадрлашдек юксак вазифани зиммамизга юклайди. Тумандаги 9 нафар уруш иштирокчиси хонадонларига борилиб, улар ҳолидан хабар олинди, эсдалик совғалари топширилди. Маданият ва истироҳат боғидаги Адлия сайлига ҳам ана шундай табаррук отахонлардан 98 ёшли Бекназар ота Қораев, 96 ёшли Иброҳим Гадоев, 93 ёшли Турсун Муротов ва Аъзам Муҳаммадиевлар таклиф қилиниб, уларга Президентимизнинг қимматбаҳо сов­ғалари топширилди. “Оқ-олтин” маҳал­ла­сида истиқомат қилаётган Бекназар ота қўлига тақилган Президентимизнинг шахсий совғаси — олтин соатга фахр билан боқаркан, Юртбошимизга эҳтиром ва эъзозлар учун чексиз ташаккур билдирди: “Биз учун Юртбошимиз яратаётган имкониятлар, имтиёзлардан жуда мамнунмиз. Ўтган йили муборак Ҳаж сафарида бўлгандим. Бу йил уруш фахрийлари учун хоҳласак Кисло­водс­кий,­ хоҳласак Тошкентдаги санаторийлар­да бепул дам олишимиз тўғрисидаги янгиликларни эшитиб, бошимиз кўкка етди. Минг шукрким, шундай дориломон кунларга етиб келдик. Урушнинг номи ўчсин. Бугунги тинч­ликни нондек, жондек авайланг, она Ватанимизга, Юртбошимизга садоқатли ва муносиб бўлинг азизларим, дейман”.

— Юртимиздаги ҳар бир тадбир замирида, албатта, меҳр-мурувват, хайр-саховат амали бор, — дейди Навоий шаҳридаги “Меҳрибонлик уйи” директори Дилбар Орзиева. — 80 нафар болажонимизнинг Адлия сайлига таклиф қилиниши, уларга китоблар ва ўқув қуроллари совға қилиниши ҳам ана шу бағрикенглик ва меҳрибонликдан далолатдир. — Тарбияланувчиларимиз юртимизнинг адолатли ҳуқуқий давлат қурувчилари эканликларини ҳис этишларига ёрдам берадиган бундай тадбирлар ҳаётга теранроқ қарашга имкон яратиши табиий.

Сайилнинг яна бир муҳим тадбирларидан бири ёшларга фуқаролик паспортининг топширилиши бўлди. Туман паспорт бўлими томонидан 10 нафар ёшларга тантанали равишда фуқаролик паспортлари топширилди.

Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорларни қўллаб-қув­ватлаш борасидаги кенг кўламли ишларга ҳамоҳанг тарзда тегишли банклар томонидан 19 нафар фуқарога имтиёзли кредит ажратилиб, уларнинг сертификатлари тадбирда тантанали равишда топширилганлиги ҳам юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси, деб айтишимиз мумкин.

Сертификатни қўлга киритган тадбиркорлардан бири узумчилик соҳаси билан шуғулланаётан “Чавандоз” хусусий корхонаси раҳбари Юсуфбой Қуролов оладиган кредитига Германиядан майизни қадоқлайдиган ускуна олиб келиш истагини билдирди. Натижада, 20 та янги ишчи ўрни яратилади.

Аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида Адлия сайлида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида 74 нафар киши иш билан таъминланганлиги иш ўрнига эга бўлган фуқароларнинг оилаларига ажойиб совға бўлди.

— Тўрт йилдан буён иш излаб юргандим, — дейди Зокир Бойназаров. — Адлия сайлида ташкил этилган ярмарка сабаб тумандаги 65-умумий ўрта таълим мактабига электрик бўлиб, иш бошлайдиган бўлдим.

Яна бир муҳим тадбир — маҳаллаларда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам ва камчиқим ўтказиш юзасидан юртимизда олиб борилаётган янгича тартибни, кайфиятни хатирчилик ёшлар ҳаётида ҳам кўриб қувондик.

Самарқанд маҳалласида истиқомат қи­лувчи Орифжон Ҳасанов ҳамда Эъзоза­хон Жонузоқоваларнинг никоҳи айнан сайл­ ўтказилаётган боғда тантанали қайд қилинди. Уларга никоҳ гувоҳномасини Хатирчи туман ҳокими Ғофур Алиев топширди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Фахриддин Солиев ёшларга Алишер Навоийнинг тўрт томлик Девонини эсдалик сифатида совға қилди.

Адлия сайлида “Навоийхонлик” ғазал мусобақаси ҳам ўрин олиб, Навоий асарларининг билимдонларига ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди.

Истироҳат боғида 4000 мингдан ортиқ турли ҳуқуқий ва бадиий китобни ўзида жамлаган “Китоблар олами” савдо растаси ташкил қилиниб, иштирокчилар ўзлари қизиққан ва севган китобларни харид қилиш имконига эга бўлди.

Хатирчи туманида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришга ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳуқуқий тарғибот ва маърифат тадбири — ҳақиқий маънода ҳуқуқ байрамига айланди ва барчага манзур бўлди. Ҳуқуқий ахборот тарқатишнинг бундай янгича шакли демократик давлат қуриш йўлидаги яна бир муҳим қадамдир.

 

Маруса ҲОСИЛОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири