-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Фермер хўжалиги юритиш учун ер ажратиш тартиби

12.05.2018

Фермер хўжалиги юритиш учун фуқароларга ер участкалари ажратиш тартиби Ер кодекси, Фермер ҳўжалиги тўғрисидаги қонун ва Ер участкаларини фермер хўжаликларига узоқ муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низоми асосида амалга оширилади.

Ер кодексида фермер хўжаликларига ер участкалари:

·        очиқ танлов асосида;

·        ўттиз йилдан эллик йилгача бўлган муддатга;

·        захира ерлари ёки қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан ажратилиши назарда тутилган.

Фермер хўжалиги юритиш учун ер участкасининг ўлчами ер участкасини берадиган орган томонидан ҳар бир муайян ҳолатда маҳаллий шароитларни, шунингдек фермер хўжалигида ишловчилар сонини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

Ер участкаларини фермер хўжаликларига узоқ муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, фермер хўжалиги юритиш учун ер участкасини олишда фермер хўжалиги ташкил этилаётган жойда яшовчи шахслар, шунингдек, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман (шаҳар) кенгашининг биргаликда берилган тавсиясига эга бўлган ёш фуқаролар бошқа тенг шароитларда устувор ҳуқуқдан фойдаланиши белгиланган.

Фермер ҳўжаликларига ер ажратиш фермер ҳўжалигининг маълум бир фаолият йўналишга ихтисослашганлигини инобатга олган ҳолда амалга оширилади. Хусусан, чорвачилик маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалиги хўжаликнинг бизнес-режасида назарда тутилган камида 30 шартли бош чорва молларини боқиш шартлари билан ташкил этилади. Бунда фермер хўжалигига бериладиган ер участкаларининг энг кам ўлчами ҳар бир шартли бош чорва молига ҳисобланганда:

Андижон, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларидаги суғориладиган ерларда – камида 0,30 гектарни (наслдор чорвачилик фермер хўжаликлари учун 0,5 гектарни);

Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Жиззах, Навоий, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларидаги суғориладиган ерларда – камида 0,45 гектарни (наслдор чорвачилик фермер хўжаликлари учун 0,6 гектарни);

суғорилмайдиган (лалмикор) ерларда – камида 2 гектарни ташкил этади.

Деҳқончилик маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашаётган фермер хўжаликларига ижарага бериладиган ер участкаларининг энг кам ўлчами, қуйидагича белгиланган:

пахтачилик ва ғаллачилик учун – камида 30 гектар;

ғаллачилик ва сабзавотчилик учун - камида 10 гектар

боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик ва бошқа экинлар етиштириш учун – камида 1 гектарни ҳамда кўпи билан 5 гектар.

Фермер хўжалиги юритиш учун ер участкалари ажратиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

1. Туман ҳокими юридик ва жисмоний шахсларга берилмаган қишлоқ хўжалиги мақсадидаги ерлардан ва (ёки) захирадаги ерлардан ер участкалари ажратиш тўғрисида, шунингдек ушбу ерларни фермер хўжаликларига бериш бўйича танлов ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади (эълонда ер участкасининг ўлчами, жойлашган жойи, сифати ва бошқа тавсифлари, ташкил этилаётган фермер хўжалигининг мўлжалланаётган ихтисослашуви, танловнинг ўтказилиш вақти ва жойи кўрсатилиши лозим).

2. Ер участкалари бериш тўғрисидаги ариза ташкил этилаётган хўжаликнинг бизнес-режаси ёки фаолият дастури илова қилинган ҳолда танлов эълон қилинган кундан бошлаб бир ой мобайнида туман ҳокимига берилади.

3. Туман ҳокими аризаларни туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига юборади. Кенгаш икки кун мобайнида аризаларни кўриб чиқади ва уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича хулоса чиқариб, хулосани аризалар билан биргаликда ер майдонларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман комиссиясига юборади. Хулоса асосида, комиссия фермер хўжалигига ер участкалари бериш бўйича танлов ўтказади.

4. Ер майдонларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман комиссиясининг қарори протокол билан расмийлаштирилади ва барча ҳужжатлар, шу жумладан туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг хулосаси билан биргаликда кўриб чиқиш учун халқ депутатлари туман Кенгашига юборилади.

5. Халқ депутатлари туман Кенгаши энг яқиндаги сессияда туман комиссияси томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади, ушбу қарор туман ҳокимига юборилади.

6. Туман ҳокими халқ депутатлари туман Кенгашининг ижобий қарори асосида уч кун мобайнида фермер хўжалиги юритиш учун ер участкаси бериш тўғрисида қарор чиқаради ва уч кун муддатда ушбу қарорни тасдиқлаш учун вилоят ҳокими бошчилик қиладиган ер майдонларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича вилоят комиссиясига юборади.

7. Вилоят ҳокими бошчилик қиладиган вилоят комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва туман ҳокимининг фермер хўжалиги юритиш учун ер участкаси бериш тўғрисидаги қарорини тасдиқлаш (ёки тасдиқлашни рад этиш) ҳақида қарор қабул қилади.

Тасдиқлашни рад этиш тўғрисидаги қарор икки ҳолатда қабул қилинади: танловни ўтказиш шартлари бузилган тақдирда ёки ер участкасини ижарага бериш тартибининг қўпол равишда бузилишлари аниқланган ҳолларда. Бошқа ҳолатлар тасдиқлашни рад этиш қарор қабул қилиниши учун асос бўла олмайди.

Туман ҳокимининг фермер хўжалиги юритиш учун ер участкаси беришни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан судга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга шикоят қилиниши мумкин.

Туман ҳокими томонидан фермер хўжалигига ижарага ер участкаси бериш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими томонидан беш кун муддатда намунавий шаклга мувофиқ ер участкасини ижарага бериш шартномаси тайёрланади. Ер участкасини ижарага олиш шартномаси фермер хўжалигининг бошлиғи ва туман ҳокими томонидан имзоланади.