-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни нега айнан 1 июнда нишонланади?

01.06.2018

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни 1949 йил Парижда бўлиб ўтган Аёллар халқаро демократик федерациясининг конгрессида таъсис этилган бўлиб, 1950 йилдан бошлаб нишонланиб келмоқда.

Нега шунчаки болалар куни эмас, болаларни ҳимоя қилиш куни деб аталган? Болаларни айнан нималардан ҳимоя қилиш керак? Ўша пайтлар – Иккинчи жаҳон уруши эндигина тугаган йиллари – болаларнинг ҳаёти, саломатлиги ва хотиржамлигини асраш, улар учун нормал турмуш шароитларини яратиб бериш масаласи жуда долзарб эди. Аммо турли таҳдидлар, экологик, сиёсий ва ижтимоий муаммолар билан яшаётган замонавий дунёда ҳам болалар ҳимояга муҳтож.

Нега айнан 1 июнь? 1949 йилги Аёллар конгрессининг айнан шу куни чақирилишида ўзига яраша рамзий маъно бор.

1925 йил 1 июнь куни Женевада болаларнинг фаровон турмуш кечириши масалаларига бағишланган халқаро конференция ўтказилган бўлиб, бу инсоният тарихида болалар масалаларига бағишланган илк халқаро тадбир эди.

Байрамнинг ўз символикаси бор. Ўсиш, ривожланиш, янгилик, уйғунлик ва ҳосилдорлик рамзи бўлган яшил фонда Ер курраси акс этган. Курранинг атрофида қизил, сариқ, кўк, оқ ва қора рангли болалар жойлаштирилган. Бу ранг-баранглик ва тоқатлилик рамзидир. Марказдаги Ер шари эса бизнинг умумий уйимизни англатади.

Болаларни ҳимоя қилиш куни фақат кичкинтойлар ўйнаб-кулиб, хурсандчилик қиладиган байрам эмас. Бутун дунёда шу куни жамиятга болалар муаммолари эслатилади, уларнинг ҳимояси ва баркамол авлод бўлиб етишиши учун катталар зиммасига юклатилган масъулиятлар таъкидланади.