-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Бугун адлия бўлимлари жамиятда нима ўзгариш қилаяпти? Жойларда одамлар улар фаолиятидан розими?

05.06.2018

Мақсадимиз одамлар оғирини енгил қилиш, уларга муносиб шароитлар яратишга ҳисса қўшиш

ПРЕЗИДЕНТИМИЗНИНГ “Давлат ҳуқу­қий сиёсатини амалга оширишда ад­лия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва “Адлия вазирлиги фаолиятини тубдан такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳуқуқий ислоҳотларнинг янги поғонага кўтарилишига асос бўлди.

Мазкур Фармон ва Қарорга асосан адлия органларининг туман, шаҳарлар бўйича бўлимлари ташкил этилиши мамлакатимизнинг ҳуқуқий сиёсатини жойларда, айниқса, чекка ва олис туманларга тўлақонли етказиш ва энг муҳими, ҳаётга татбиқ этиш имконини яратганлигини алоҳида эътироф этиш мумкин.

Шундай экан, бугунги кунда жойларда ташкил этилган адлия бўлимлари ўз фаолиятини жонлантиришга мослашиб олдиларми? Уларни одамлар тушунишаяптими, англашаяптими? Энг муҳими, уларга ишониб мурожаат қилишаяптими? Бу мурожаатларнинг самараси нечоғлик? Бундан кейин ҳар ойда бир марта жойлардаги адлия бўлимлари иш фаолиятини ёритиб боришга ҳаракат қиламиз ва ҳудудий адлия бошқармалари раҳбарларини ҳам бу ишга жиддий қарашларини ва таҳририят билан мунтазам алоқа ўрнатишига умид қиламиз. Бугун адлия тизимидаги ҳар бир муассаса ёхуд бошқармалар ўз ишига жамиятда менинг ўрним қандай аҳамиятга эга, деб қарашини ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда. Шундай экан бу саволга жавоб топиш учун туман адлия бўлимлари фаолиятини кенг талқин қилиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз.

Қуйида айрим туман адлия бўлимлари фаолиятига назар ташладик.

Ҳуқуқий сиёсат ҳақиқий сиёсатга айланмоқда

Ҳудуди кенглиги жиҳатидан респуб­ликамизда Қорақалпоғистондан кейин иккинчи ўринда турадиган Навоий вилоятида ҳам 2 та шаҳар ҳамда 8 та туманда адлия бўлими ташкил этилди. Бўлимларда малакали, тажрибали кадрларнинг фаолият юритаётганлиги қабул қилинаётган қонун ва қарорларни халқнинг барча қатламларига етиб боришини таъминлаш билан бир қаторда халқнинг дардини эшитиш, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этишга имкон бераётганлиги аниқ. Фуқаролар ўзларини қийнаётган барча муаммолар юзасидан адлия бўлимларига мурожаат қилаётганлигини биргина Конимех тумани мисолида кўришимиз мумкин.

Элбек ФАЙЗУЛЛАЕВ, Конимех туман адлия бўлими бошлиғи:

— Салкам 30 000 аҳоли истиқомат қилаётган кўп миллатли туманнинг Учтепа, Гулистон маҳалла фуқаролар йиғинлари ва Бешқудуқ аҳоли пункти туман марказидан 250 километр, вилоят марказидан эса 280 километр олисда жойлашган. Аҳоли яшаш пунктлари оралиғидаги масофаларнинг кенглиги фуқаролар учун барча соҳаларда қийинчиликлар туғдираётганлиги табиий эди. Адлия бўлимларининг ташкил этилиши, албатта, халқ манфаати учун, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун хизмат қилади.

Бўлимимиз ташкил этилганидан буён тумандаги корхона, ташкилотлар, коллежлар, мактаблар, мактабгача таълим муассасаларида 18 маротаба тарғибот тадбири ташкил этилди ва уларда 1350 нафар фуқаро иштирок этиб, ўзларини ўйлантириб келаётган саволларига ҳуқуқий жавоб олдилар.

Бирлик, Наврўз, Шодибек, Гулистон, Янги ғазғон овул фуқаролар йиғинларида сайёр тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, фуқароларнинг оғзаки мурожаатларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, қисқа муддатда 4 та ариза тушган бўлиб, уларнинг ечимини топишга алоҳида эътибор қаратилди.

Нарбек ТАШПУЛАТОВ, мурожаат муаллифи:

— Туман савдо-саноат палатасида­ ишлаган 3.400.000 сўм ойлик иш ҳақимни бир неча йиллардан буён Навоий вилоят савдо-саноат палатасидан ололмай қийналиб, сарсон-саргардон бўлиб юргандим. Туман адлия бўлими ташкил этилиб, улар томонидан жойларда ўтказилаётган тарғибот тадбирлари орқали муаммолар ечим топаётганлигини эшитиб, бўлимга мурожаат қилдим. Туман адлия бўлими томонидан фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судига даъво аризаси киритилиб, ойлик маошимни ундириб бериш чоралари кўрилди.

Адолат йўлида хизмат қилаётган ад­лия идоралари ҳамиша халқнинг оғи­рини енгил, мушкулини осон қи­лаётганлигидан хурсандмиз.

Дарҳақиқат, Юртбошимиз халқи­миз­нинг адолат устувор бўлган давлатда яшаши учун барча чора-тадбирларни кўрмоқда. Хуқуқий сиёсатни ҳақиқий сиёсат даражасига кўтариш борасидаги кенг кўламли ислоҳотлар юртимиз тинчлиги, ҳалқимиз фаровонлиги учун хизмат қилмоқда. Зеро, адолат қанот ва ҳамроҳ бўлган жойда, албатта, ҳақиқат қарор топади, ҳақиқат қарор топган жойда эса шикоятга ҳам, норозиликка ҳам асло ўрин қолмайди.

Иброҳим ХАТАМОВ, Нурафшон шаҳар адлия бўлими бошлиғи:

Ҳокимлик ва давлат ташкилотлари ходимларига ҳуқуқий маслаҳатлар берилмоқда

— Нурафшон шаҳар адлия бўли­мининг қисқа муддатли фаолияти давомида 12 маротаба ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди. Ушбу тадбирларда иштирок этган давлат органлари ва ташкилотларининг 20 нафардан ортиқ масъул ходимларига, қабул қилинган 16 та янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг мазмун-моҳияти тушунтириб ўтилди.

Шунингдек, бўлим томонидан ҳо­ким­ларга ҳамда давлат органлари ва ташкилот раҳбарларига 6 та нор­матив-ҳуқуқий ҳужжатни амалиёт­да қўллаш масалалари бўйича маслаҳатлар берилди.

Аҳолининг ҳуқуқий муаммоларини­ аниқлаш бўйича 7 маротаба жамоат­чилик сўрови ўтказилган бўлиб, аниқ­ланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли ташкилотларга так­лифлар киритилди.

Иззатжон ЮСУБЖОНОВ, Тошкент туман адлия бўлими бошлиғи:

Ижрочилар учун ҳуқуқий тарғибот олиб борилмоқда

— Тошкент туман адлия бўлимининг қисқа муддатли фаолияти давомида қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг маз­мун­-моҳияти ва аҳамиятини туманлар тузилмаларидаги ижрочиларга етказиш, “республика — вилоят — туман — маҳалла” принципи ва аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида мунтазам равишда ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилиб келинмоқда. Ушбу ҳуқуқий тарғибот тадбирларида аҳолига янги қабул қилинган қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Шунингдек, бўлимга фуқаролардан қонунда белгиланган ҳуқуқларидан фойдаланиш, бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан келиб тушган 11 та мурожаатда келтирилган ҳар бир ҳолат батафсил ўрганиб чиқилиб, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилмоқда.

Бундан ташқари, бўлим томонидан ўтказилган сайёр қабуллар давомида фуқароларга ҳуқуқий тушунтириш берилиб, айрим муаммоли масалалар жойида ҳал қилинмоқда.

Бўлим томонидан аҳолининг ҳуқуқий муаммоларини аниқлаш бўйича 11 маротаба жамоатчилик сўрови ўтказилган бўлиб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли ташкилотларга таклифлар киритилди.

Махмуджон ЯКУБОВ, Чиноз туман адлия бўлими бошлиғи:

Янги қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти аҳолига етказилмоқда

— Бизнинг олдимизда турган биринчи масала, бу одамларнинг ўз ҳуқуқларини англаб етишига кўмаклашишдан иборат. Бўлимга фуқаролардан қонунда белгиланган ҳуқуқларни, эркинликларни ва қонуний манфаатларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиш, ҳимоя қилиш тўғрисида келиб тушаётган мурожаатлардаги ҳар бир ҳолат бўлим ходимлари томонидан батафсил ўрганилиб чиқилмоқда.

Ўтган давр мобайнида бўлим томонидан фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида 9 маротаба сайёр қабуллар ўтказилди. Ўтказилган сайёр қабул давомида фуқароларга ҳуқуқий тушунтириш берилиб, айрим муаммоли масалалари тегишлича жойида ҳал қилиш чоралари кўрилди.

Абдуқаҳҳор САТТАРОВ, Қибрай туман адлия бўлими бошлиғи:

Муаммолар ўз жойида ҳал этилмоқда

— Қибрай туман адлия бўлими томонидан ҳам ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Энг муҳими, одамларга енгиллик яратиш, улар билан самимий мулоқотни йўлга қўйиш асосий вазифамиздир. Ушбу тадбирларда иштирок этган давлат органлари ва ташкилотларининг масъул ходимларига, қабул қилинган 31 та янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг мазмун-моҳияти тушунтириб ўтилди.

Бўлим томонидан ҳокимга ҳамда давлат органлари ва ташкилот раҳ­барларига 6 та норматив-ҳуқуқий ҳуж­жатни қўллаш масалалари бўйича маслаҳатлар берилди.

Бундан ташқари, аҳолининг ҳуқуқий муаммоларини аниқлаш бўйича жамоатчилик сўрови ўтказилиб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Фазилат ХАИТБОЕВА:

— Мен 2-гуруҳ ногирониман. Қизим Собирова Хуршида 2016 йилда Янгийўл тиббиёт коллежини битирган. Ўзимизга яқин ҳудудда касби бўйича иш тополмагани учун “Текс­тиль Файз” хусусий корхонасида ишлаб келаётган эди. Жорий йилнинг февраль ойида Нурафшон шаҳар адлия бўлими томонидан ўтказилган сайёр қабулда бўлиб, қизимни ўз касби бўйича ишга жойлаштиришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Мурожаатим бўйича Хуршида шаҳардаги оилавий поликлиникага ҳамшира лавозимига ишга жойлаштирилди. Мен оила аъзоларим номидан давлатимизга ва адлия ходимларига миннатдорлик билдираман.

Жўра ЭРНАЗАРОВ, 78 ёш, меҳнат фахрийси:

— Оиламиз катта. 4 нафар фарзандим, 6 нафар неварам бор. 2 нафар ўғлим оиласи ва фарзандларим, ҳаммамиз бир хонадонда яшаймиз. Ҳар бир ўзбек болам, деб яшайди. Қолган ўғилларимни ҳам уй-жойли қилиш ниятида бир неча йиллардан бери ер сўраб ҳокимиятга кўп бора мурожаат қилдим. Натижа бўлмади. Шу йил бошида Тошкент вилоят адлия бошқармаси томонидан бошқа тегишли ташкилотлар ва вилоят ҳокимияти билан биргаликда ўтказилган сайёр қабуллардан бирида арзимни айтдим. Янги қурилаётган намунавий уйлардан бир эмас, 2 нафар ўғлимга ҳам уй-жой берадиган бўлишди. Олдинлари қоғоз кўтариб идорама-идора юрардик. Ҳозир амалдорлар ўзлари олдимизга келиб, арзи-ҳолимизни тинглаб, муаммоларимизни тезда ҳал қилиб беришмоқда. Эндиликда биз кексаларнинг халқпарвар дав­латимиз раҳбарини дуо­ қи­лишдан бўлак юмуши­миз қолмади. Адлия тизимида ишнинг яхши йўлга қўйилганлиги, оддий инсонлар билан елкама-елка туриб, муаммоларимизга ­ечим топишаётгани барчани  қу­вонтиради.

“Инсон ва қонун” мухбирлари Фарида ҚОРАҚУЛОВА, Маруса ҲОСИЛОВАлар тайёрлади.