-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Суд тадбиркорни оқлади

12.06.2018

Бош Қомусимизнинг 26-моддасида “Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади”, дея қайд этилган. Мазкур конституциявий қоида эса бугун мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотларида ёрқин ифодасини топмоқда.

Жумладан, жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг Қўқон шаҳ­ридаги “Шоҳруҳ Мирза Заринабону барокати” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Дилмурод Рўзиқуловга Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-­қисмининг “а” банди билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан 2018 йил 10 ­апрель куни бўлиб ўтган суд мажлиси ҳамда жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг 2018 йил 10 майдаги апелляция суди мажлиси фикримизга мисол бўла олади.

Аввало, жиноят иши тафсилотларига эътибор қаратсак. Маълум бўлишича, Дилмурод Рўзиқулов 2016 йил ёз ойларида таниши Воҳиджон Ғаниев билан учрашиб қолади. Шунда Воҳиджон ўзининг Данғара шаҳарчасида жойлашган “Муҳаммад Яҳё файз” номли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасини сотмоқчилигини айтади. Натижада Дилмурод АЁҚШни сотиб олиш мақсадида 112.000 АҚШ долларига баҳолашади. Шундан сўнг Д.Рўзиқулов 3 ой мобайнида В.Ғаниевга 55.500 АҚШ долларини ҳамда ўзининг “Trust power” хусусий фирмасига қарашли “Жентра” русумли автомашинасини 10.000 АҚШ доллари баҳосида беради. Қолган 46.500 АҚШ долларини эса кейинроқ ҳисоб-китоб қилишга келишишади. Шунга қарамай, В.Ғаниев Данғара туман давлат нотариал идорасида 2016 йил 17 ноябрда тасдиқланиб, реестрга 2-6046-рақам билан қайд этилган олди-сотди шартномасига асосан шохобчани Дилмуроднинг укаси Элмурод Рўзиқулов номига расмийлаштириб беради. Аммо олди-сотди шартномасида АЁҚШ баҳоси 70 миллион сўм миқдорида белгиланади.

Шундан кейин 2016 йил 25 ноябрь куни томонлар ўртасида “топшириш-қабул қилиш” далолатномаси ва келишув битими тузилади. Лекин 2017 йил баҳорига келиб, Воҳиджон Дилмуроднинг келишилган пулнинг қолган қисмини бермаётганлигини билдирган ҳолда туман ИИБга ариза билан мурожаат қилади. Бинобарин, туман ИИБ профилактика инспектори Б.Бердиев томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, 2017 йил 18 майда Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ва тилга олинган низоли масалада фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат этиш лозимлиги ҳақида қарор қабул қилинади. Бироқ туман прокуратураси 2017 йил 16 июлда мазкур қарорни бекор қилиб, қўшимча суриштирув ҳа­ракатларини ўтказиш учун яна туман ИИБга юборади. Пировардида туман ИИБ суриштирувчиси Б.Асқаров томонидан қўшимча суриштирув ҳаракатлари ўтказилиб, юқоридаги ҳолат судда ҳал этилиши лозим деган хулоса билан 2017 йил 8 августда яна жиноят ­иши қўзғатиш рад қилинади. Аммо­ 2017 йил 14 сентябр­да вилоят прокуратураси томонидан туман ИИБнинг қарори бекор қилиниб, Д.Рўзиқуловга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан жиноят ­иши қўзғатилган. Натижада Дилмурод туман ИИБ тергов гуруҳи раҳбари томонидан айбланувчи тариқасида ишга жалб этилган.

Жиноят-процессуал кодексининг 22-­моддасида суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шартлиги, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши кераклиги, ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозимлиги белгиланган. Бинобарин, жиноят ишидаги ҳар бир ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилди, айбланувчи, жабр­ланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувлари чуқур таҳлил қилинди.

Бундан ташқари, Воҳиджон Ғаниев ўзининг 2017 йил 16 октябрь куни ёзган ва жиноят ишига илова қилинган тилхатида айбланувчидан АЁҚШнинг қолган пулларини олганлиги ва унга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини баён этган. Ана шу асосларга таянган суд Дилмурод Рўзиқуловни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисмининг “а” банди билан айбсиз деб топиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1 ва 2-бандларига асосан оқлов ҳукми чиқарди. Лекин В.Ғаниев мазкур ҳукмдан норози бўлиб, апелляция шикоятини берди. Яъни, у Д.Рўзиқуловнинг қонуний жазога тортилишини истаган ҳолда туман судининг ҳукмини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун бошқа судга юборишни сўради. Шунингдек, Фарғона туман прокуратураси томонидан ҳам суднинг оқлов ҳукмига нисбатан протест келтирилди. Бироқ ЖИБ Фарғона вилоят судининг ажримига биноан апелляция шикояти ва прокуратура протести қаноатлантирмасдан қолдирилди.

Дарҳақиқат, айни пайтда судлар томонидан бундай оқлов ҳукмларининг чиқарилиши юртимизда кечаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари самарасидир. Зеро, қонун устуворлиги таъминланган жамиятимизда инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадриятдир.

 

Тожиддин ВАҲОБОВ, жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди судьяси.

Худоберди ҲОЛИҚОВ, жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди судьяси.