-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Нотариат соҳаси: халққа янада қулай шароит яратилмоқда

12.06.2018

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 майдаги “Низоларнинг олдини олишга қаратилган институт сифатида нотариат тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори фуқароларга қулай ҳуқуқий хизмат кўрсатишнинг сифати, унинг очиқлигини таъминлашга қаратилган муҳим норматив ҳужжат бўлди.

Қарор билан нотариатнинг фаол модели доирасида нотариуслар томонидан битимларни тасдиқлашда “ягона дарча” тамо­йили бўйича амалга ошириладиган 6 та ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар рўйхати тасдиқланди ва 2019 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилиши белгиланди. Нотариал идораларда “ягона дарча” тамойили бўйича иш тутиш нотариал ҳаракат томонлари қатор қулайликларни яратади, бир давлат органидан иккинчисига ҳужжат ташишнинг олдини олади, улар ишининг бир жойда ҳал бўлишини таъминлайди.

2019 йил 1 январдан бошлаб ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартибини ўрнатиш орқали кўчмас мулкни ижарага бериш ва текин фойдаланиш шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш бўйича талаб бекор қилинди.

Амалиётда кўчмас мулкни ижарага бериш ва текин фойдаланиш шартномалари кўп учрайдиган шартнома турига киради. Масалан, жорий йилнинг 1-чораги якунларига кўра, Тошкент шаҳар давлат нотариал идораларида жами нотариал ҳаракатларнинг 4 фоиздан ортиқроғини айнан шу турдаги шартномалар ташкил этди.

 

Сир эмас, айрим ҳолларда фуқароларнинг нотариал идораларда давлат божи, техник тусдаги хизмат учун пуллик тўловлардан қочиш мақсадида, ёки нотариал идорага боришни эп кўрмай ўзаро оғзаки тарзда фуқаролар ўртасида кўчмас мулкни ижарага бериш ва текин фойдаланиш шартномалари тузиш ҳоллари ҳам йўқ эмас эди.

Мазкур тартибнинг ўрнатилиши билан бу борада фуқаролар ёки юридик шахс вакилининг нотариал идорага бориши, кези келганда навбат кутиши, вақт сарфлашига ҳожат қолмайди, фуқаро учун яна бир қулай томони ушбу шартнома учун давлат божи тўловларини амалга оширмайди.

Қарорга асосан Васиятномаларни имзолаш жараёни, шунингдек Ўзбекистон Респеубликасининг “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 34-моддаси иккинчи қисмида (Агар фуқаро жисмоний нуқсони, касаллиги туфайли ёки қандайдир бошқа сабабларга кўра битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаса, битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни унинг топшириғига кўра унинг ўзи ва нотариус ҳозирлигида бошқа фуқаро имзолаши мумкин, бунда нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқаронинг ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаганлиги сабаблари ёзиб қўйилиши лозим.) назарда тутилган ҳолларда битим, ариза ва бошқа ҳужжатларни имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видео қайд этилиши лозимлиги, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахсларнинг шахсини аниқлаш бармоқ изларини сканер қилиш ва уларни паспортдаги (фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжатидаги) биометрик маълумотлар билан солиштириш орқали амалга оширилиши, мурожаат этувчиларнинг нотариал ҳаракатлар бажарганлигини тасдиқлаш нотариал тасдиқланаётган ҳужжатларга улар томонидан имзо қўйиш ва махсус мосламаларда уларнинг бармоқ изларини сканер қилиш йўли билан амалга оширилиши 2019 йил 1 январдан бошлаб амалиётга киритилиши белгиланди.

Суд-тергов амалиётида нотариал битимлар билан боғлиқ низоларни кўриб чиқишда кўплаб муаммолар мавжуд. Хусусан, нотариал ҳаракат томонининг ҳужжатларни нотариал тасдиқлашда қатнашмаганлигини билдириши, имзо қўймаганликни важ қилиб келтириш, тасдиқланган нотариат битим мазмуни билан танишмаганлик каби ҳолатлар учрайди.

Низоли ишлар бўйича нотариал битим тарафларининг имзо қўйганлиги фактини аниқлаш тергов органларида ва судларда ишнинг давомийлигини келтириб чиқаради. Эндиликда шундай тартибнинг амалиётга киритилиши орқали, шу каби низоларнинг олди олинади, фуқаронинг ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари таъминланишига, тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги кўчмас мулк билан боғлиқ битимлар ва улар ўртасида ўзаро ишончли шерикчилик, қулай бизнес юритишга ишончли кафолат бўлиб хизмат қилади.

 

Файруз МИРЗАЕВ,

Тошкент шаҳар адлия

бошқармаси бошлиғи ўринбосари