-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Фермер хурсанд! Чунки унга ери қайтариб берилди

12.06.2018

Бўстонлиқ туман адлия бўлимида!

ШАРИФ Абубакиров Бўстонлиқ туман ҳокимининг қарори билан 2015 йилда Паргос маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган захира ерлар таркибидан боғдорчиликка ихтисослашган деҳқон хўжалигини юритиш учун 40 гектар ер олади. Ушбу ҳудуд 2007 йилдан буён ташландиқ ва қаровсиз ҳолда ётган эди. Қаҳрамонимиз бинолари харобага айланган, эски чўчқахона ва товуқхона фермалари бўлган мазкур жойда 500 туп мевали дарахт ва 3500 туп терак экади. Қарабсизки, ушбу маскан қисқа фурсатда обод, яқин уч-тўрт йил ичида серҳосил боғ бўлиши мумкин бўлган масканга айланади.

Лекин 2017 йил 28 октябрда Бўстонлиқ туман ҳокими томонидан “Бўстонлиқ туман ҳокимининг 2015 йил 3 декабрдаги 1802-сонли қарорини бекор қилиш тўғрисида” қарор қабул қилинади. Мазкур қарорга кўра Шариф Абубакировдан деҳқон хўжалигига айлантирилган ер олиб қўйилиши керак. Фуқаро, албатта, бундан норози бўлди. Тошкент вилоят ҳокимининг қабулига мурожаат йўллади. Унинг муаммоси тегишлилиги бўйича Бўстонлиқ туман адлия бўлимига келиб тушди.

Адлия бўлими томонидан тезкорлик билан ҳолат ўрганиб чиқилди. Маълум бўлишича, Шариф Абубакировга 2016 йилда ер участкасини топшириш ва қабул қилиш далолатномаси расмийлаштирилган, ер майдони чегаралари аниқланган ҳамда туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри томонидан гувоҳнома берилиб, давлат рўйхатидан ўтказилган. Демак, фуқарода мазкур ер участкасига бўлган эгалик ҳуқуқи вужудга келган. Ўзбекистон Республикаси Ер кодексида эса қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун бериб қўйилган ердан бир йил мобайнида фойдаланилмаган тақдирда ер участкасига бўлган эгалик ҳуқуқи бекор қилиниши белгиланган. Аммо фуқаро Шариф Абубакиров ушбу ер майдонидан айнан қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун фойдалангани кундек равшан.

Бўстонлиқ туман адлия бўлими Шариф Абубакировдан ер участкасини олиб қўйиш учун ҳеч қандай қонуний асослар мавжуд эмаслигини аниқлади. Бўлим томонидан Бўстонлиқ туман ҳокимлигига тақдимнома киритилди. Қонунбузилиш бартараф этилди. Энди ўзи барпо этган боғда қаҳрамонимиз яна деҳқончилик ишларини бошлаб юборади.

Одил ХОЛИҚОВ,

Бўстонлиқ туман адлия бўлими бошлиғи