-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Юнусобод янада обод!

12.06.2018

ЮНУСОБОД ТУМАНИ:

“Маҳалла халқ билан давлат ўртасидаги кўприк бўлиши керак. Одамларнинг қувончу ташвишидан доимо хабардор бў´лиш маµалланинг асосий вазифасидир”.

Шавкат МИРЗИЁЕВ.

Юнусобод янада обод!

БУГУН юртимизда маҳаллаларни обод­ қилиш, у ерда истиқомат қилаётган фуқароларнинг бугунги кунидан рози бўлиб яшашлари учун шароит яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланди. Буни юртимиз қишлоқ, овул ва маҳаллаларида амалга оширилаётган бун­ёдкорлик, янгиланиш ва ўзгаришларда ҳам яққол кўриш мумкин.

Айниқса, бу борада Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дас­тури тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори дастуриламал бўлмоқда.

Пойтахтимизнинг Юнусобод тума­ни­да­ ҳам “Обод маҳалла” дастури ижроси бў­йича Адлия вазири Русланбек Давлетов раҳбарлигида ишчи гуруҳлари ташкил этилди. Ҳозирда мазкур ишчи гуруҳлар томонидан тумандаги мавжуд 63 та маҳалладаги 6.870 та хонадон ва 85 та ижтимоий объектда 1.048 та муаммо ҳамда уй-жойга ўта муҳтож бўлган 16 нафар фуқаро аниқланган.

Ишчи гуруҳлар вакиллари берган юқо­ридаги маълумотларни келтириб ўтиш осон. Биз ҳам бу билан қониқмадик. Мазкур тумандаги маҳаллаларда қандай ўз­га­ришлар бўлаяпти? Буни билиш учун маҳалла фаоллари ва у ерда истиқомат қилаётган фуқароларнинг ўзидан эшитишни, ўзимиз ҳам кўриб гувоҳ бўлишни касбимиз тақозоси, деб билдик.

 

Одамлар рози бўлишмоқда!

Чунки ҳар бир кунда

битта муаммо ўрганилмоқда

 

Равшан ЮСУПОВ,

Тумандаги Мирзо Улуғбек

МФЙ раиси:

— Одатдаги иш кунларимизнинг бирида туман ҳокимлигига йиғилишга чақириб қолишди. Йиғилишни олиб борган ҳоким туманда ишчи гуруҳ тузилганлиги, унинг аъзолари, уларнинг вазифалари ҳамда ишчи гуруҳ раҳбари билан таништирди. Англадикки, мақсад битта, “Обод маҳалла” дастури доирасида тумандаги маҳаллаларни обод қилиш, боғ-роғлар яратиш, кўчаларни замонавий қиёфага келтириш, бир сўз билан айтганда, туманда истиқомат қилаётган фуқароларнинг бугунги кунидан рози бўлиб яшашларини таъминлаш.

Ишчи гуруҳ ўз ишини ўша куниёқ бошлади. Гуруҳ аъзолари тумандаги маҳаллаларга бўлиниб, маҳалла фаоллари билан биргаликда, энг аввало, дастлабки ишни маҳалладаги кексалар холидан хабар олиш, моддий ёрдамга эҳтиёжманд оилаларга ёрдам қўлини чўзиш, фуқароларнинг муаммоларини ўрганишдан бошлади.

Тўғрисини айтганда, маҳалла оқ­со­қоли сифатида ҳар доим хонадонлар­га кириб, фуқароларимизнинг муаммоларини ўрганиб, имкон қадар ёрдам бериб келамиз. Лекин бир нарсани аниқ айтиш керакки, айрим муаммоларни ҳал қилишга қийналамиз. Аниқроқ айтганда, сўзимиз ўтмай қолади. Маҳалламизда ишчи гуруҳнинг иш бошлаганига кўп бўлмаган бўлмаса-да, бир-икки кун ичида унга узоқ йиллардан буён муаммо бўлиб келаётган масалаларни ҳал қилдик. Масалан, маҳалладаги хусусий гаражлар бу ерда истиқомат қилаётган фуқаролар учун кўплаб ноқулайликлар туғдирарди. Биринчидан, маҳалладаги ички кўча­ларнинг қиёфасини бузиб турарди, иккинчидан, айрим фуқароларимиз томонидан гаражларнинг орасига ёки орқасига ҳар хил чиқиндилар ташлаб кетиларди, учинчидан, маҳаллага ўт ўчирувчи ва тез тиббий ёрдам машиналарининг кириб чиқишига халақит берарди. Буни фуқароларимизга қанчалик тушунтирмайлик, бир неча йилдирки унинг уддасидан чиқолмай келаётган эдик. Бугун ишчи гуруҳ аъзоларининг ёрдами билан фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар олиб бориш самараси ўлароқ гаражлар олиниб, ички йўллар кенгайтирилди.

Ишчи гуруҳнинг яна бир қувонарли ҳаракати шундаки, улар ҳар бир кунни одамларнинг алоҳида битта муаммосини ўрганишга бағишламоқда.

 

Ҳар ким ўз ишини билиб қилса яхши-да!

 

Фатҳулла ТОШПЎЛАТОВ,

Тумандаги Буюк турон

МФЙ раиси:

— Бизнинг маҳалламизда тўрт минг тўрт юз нафар фуқаро истиқомат қилади. Маҳалламизга ишчи гуруҳ вакиллари келганидан хурсанд бўлдик. Энг аввало, фуқароларимиздаги айрим камчилик, деймизми ёки нуқсонми дейлик, ҳар куни хонадонлардан чиқа­рилган чиқиндиларни олиб кетиш учун Махсустранс автомашинаси келади. Ҳар куни деярли бир вақтда келадиган Махсустранс автомашинаси келиб кетгандан сўнг айрим фуқароларимиз чиқиндиларини олиб чиқиб қўйишади. Бу одамларимизда маданиятимизнинг­ пастлигиданми ҳайрон қоламан. Бун­дан ташқари, маҳалла томонидан қарз­дорликлар бўйича рўйхат шакллантирилган. Ушбу рўйхат асосида қарздорлар нимадан қарзи бўлса огоҳлантирилади, кўпчилиги шундан сўнг қарзларни тўлаб қўйишади, аммо шундай фуқароларимиз ҳам борки, уларнинг номи рўйхатда ҳар сафар ўқилса ҳам таъсир қилмайди, яъни қарзини тўламасдан келади.

Яна шу нарсани ҳам айтиб ўтиш жоизки, маҳалламизда долзарб бўлиб турган муаммоларнинг кўпчилиги ободонлаштириш бўлими, электр корхонаси ва уй-жой ширкати билан боғлиқ. Мазкур корхона ва идоралар масъуллари ўз ишига совуққонлик билан ёндашганлиги боис ҳам маҳалламизда айрим муаммолар анча вақтдан буён ўз ечимини топмай келмоқда. Бу ишчи гуруҳ билан маҳалладаги, хонадонлардаги муаммолар ўрганилганда ҳам ўз исботини топмоқда. Агар ҳар ким ўз ишини билиб қилганда эди, муаммоларга ўрин қолмасди. Нима бўлганда ҳам ишчи гуруҳ вакиллари ҳаракатидан сўнг маҳалламизда ҳам, хонадонларда ҳам ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Улар томонидан фуқароларнинг муаммолари ўрганилиб, амалий кўмак ва ҳуқуқий тушунтиришлар берилмоқда.

Ишчи гуруҳнинг ўзига хослиги шундаки, улар айнан фуқароларнинг кундалик ҳаётида дуч келадиган муаммоларга ­ечим топадиган вазирлик, идора, корхона ва ташкилотлардан тузилганлигидир.

 

Ҳар бир соҳанинг ўз

одами бўлади

 

Дилшод СИДДИҚОВ,

Тумандаги Матонат

МФЙ раиси:

— Туманимизда Адлия вазири раҳ­­барлигидаги ишчи гуруҳ ташкил ­этил­ган куни уларнинг вазифалари маҳаллаларни ободонлаштириш, у ерда истиқомат қилаётган фуқароларнинг дардини тинглаш ва уларга амалий ёрдам кўрсатишда маҳалла фаолларига кўмак бериш эканлигини эшитиб тўғриси, кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Ўша куннинг ўзидаёқ маҳалладаги таъмирга муҳтож кўчалар, қурилиши лозим бўлган, аммо амалга оширилмай келинаётган болалар майдончалари, моддий, тиббий ёрдамга муҳтож фуқаролар, оилавий шароити оғир хонадонлар, хуллас, маҳалла ва фуқароларнинг мавжуд барча муаммоларини рўйхат қилдигу ишчи гуруҳнинг қўлига тутқазиб, ана шу масалаларни ҳал этишда амалий ёрдам беришини сўрадик.

Шундан сўнг, ишчи гуруҳ вакиллари билан бирга, маҳалламизда истиқомат қилаётган тиббий кўрикка ва моддий ёрдамга муҳтож фуқароларнинг уйларига бирма-бир кириб, уларни рўйхатга олиб чиқдик. Кўпчилик фуқароларнинг муаммолари жойида ҳал этилди. Айримларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Нима бўлганида ҳам ҳар бир соҳанинг ўз одами бўлади-да, биз муаммосини ҳал этолмаган ёки ҳуқуқий тушунтириш беролмаган фуқароларимизга адлия, ички ишлар, солиқ, мудофаа органларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари асосли ва натижали тушунтиришлар беришди.

Куни кеча ишчи гуруҳ вакиллари билан биргаликда маҳалламиздаги кам таъминланган 15 та хонадонга Рамазон ойи муносабати билан моддий ёрдам кўрсатилиб, уларга совға-саломлар улашилди. Бундан ташқари, идорамизга саховатпеша тадбиркорларимиз ҳам моддий ёрдамга муҳтож оилаларни сўраб келишмоқда.

Ёрбек ИСКАНДАРОВ,

“Инсон ва қонун” мухбири,

Гулҳаё НУРМЕТОВА

олган суратлар.