-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Оила — муқаддас даргоҳ

29.06.2018

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази мамлакатимизда “Соғлом оила — соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини амалга оширишга масъул этиб белгиланган.

Марказ, ўз фаолиятининг устувор йўналишлари қаторида, нотинч ва муаммоли оилаларни аниқлаш, уларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, оиладаги ажрашишларнинг туб сабабларини ўрганиш, бу масалаларнинг ижобий ечимини топиш мақсадида ҳудудларда илмий-амалий тадқиқот ишларини ҳам изчил амалга ошириб келмоқда.

 “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан “Сирдарё вилоятида оилаларни мустаҳкамлаш, ажрашишлар ҳолати бўйича тадқиқот ва таҳлил натижалари” мавзуида ташкил қилинган тадбирда Сирдарё вилоятида олиб борилган тадқиқотнинг якуний натижалари, ишлаб чиқилган чора-тадбирлар хусусида атрофлича маълумотлар берилди.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, бу борада “Оила” марказининг етакчи олимлари, ҳуқуқшунослар, социологлар, психологлар, бошқа турли соҳалар экспертларини жалб қилган ҳолда ишчи гуруҳи ташкил этилиб, комплекс тадқиқот ишлари амалга оширилди.

Мутахассисларнинг берган маълумотига кўра, 2017 йилда вилоятда 1095 та никоҳдан ажрашиш расмий қад этилган бўлиб, бу 2016 йилга нисбатан (908) 21 фоиз кўпдир. Ушбу кўрсаткич Ўзбекистон миқёсида ҳам энг юқори ҳисобланиб, 2012-2016 йилларда республика бўйича ажрашишлар сонининг ўсиши 58 фоизни ташкил қилган бўлса, Сирдарё вилоятида бу кўрсаткич 83 фоизга етган.

Марказ томонидан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, ажрашишларнинг 14,5 фоизи моддий қийинчиликлар ва бунинг натижасида юзага келадиган иқтисодий шарт-шароитлар оқибатида рўй бермоқда, хусусан, эрнинг ишсизлиги сабабли оилада доимий моддий қийинчиликларнинг мавжудлиги, эрнинг оиласини моддий жиҳатдан таъминлаш учун зиммасидаги вазифаларини бажара олмаётгани, эр ёки хотиннинг ишлаш учун хорижга кетгани ва оиласи билан алоқани йўқотгани, тўй ўтказиш учун катта маблағ сарфлаш натижасида оилада қарздорликнинг юзага келиши муаммоларнинг келиб чиқишида асосий омиллардан эканлиги кузатилган.

Мадина ҲАМДАМОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири