-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Қочсанг ўлим эмас, ҳаёт томон қоч!

07.07.2018

Сўнгги бир ой ичида аёллар билан боғлиқ бир неча мудҳиш ҳодисалар рўй берди. Буларнинг бари юртимизда ечилиши лозим бўлган қатор ўткир муаммолар мавжудлигини намоён қилди. Нафақат аёллар, умуман инсон шаъни ва қадр-қимматини юксалтириш учун ҳали кўп ишлар қилиниши керак экан.

Президентнинг зўравонликка учраган аёлларга ёрдам тизимини яратиш, оилавий-маиший зўравонликнинг олдини олиш ва унинг мудҳиш оқибатларига барҳам беришга қаратилган Қарори қабул қилинди. Яъни оилавий зўравонлик масаласига давлат миқёсида эътибор қаратилди. Бошқача бўлиши мумкин эмасди, чунки масала аллақачон оила қўрғони деворларидан ташқарига чиқиб, глобаллашиб, катта ижтимоий муаммога айланиб бораётир.

Қарор аёлларга нималар беради? Энди аёллар билан боғлиқ қандай ўзгаришлар рўй беришига умид қилиш мумкин?

  1. ПРОФИЛАКТИКА. Аёлни ўз жонига қасд қилишга олиб келадиган оилавий ва шахслараро низоларнинг, депрессив вазиятларнинг эрта олдини олишга қаратилган ишлар, яъни профилактика чора-тадбирлари кучайтирилади: маҳалла, хотин-қизлар қўмитаси, ички ишлар тизими ҳамкорлигида “хавф гуруҳи” аниқланади; тушунтириш, огоҳлантириш ва зарур бўлса, жазолаш чоралари қўлланади.
  2. РЕАБЛИТАЦИЯ ВА МОСЛАШУВ МАРКАЗЛАРИ. Зўравонликка учраган аёлга шошилинч ёрдам кўрсатиш ва уни ҳимоя қилиш учун РЕАБЛИТАЦИЯ ВА МОСЛАШУВ марказлари очилади: аввал ҳар вилоятда биттадан, кейин эса сони кўпайиб, туманларда ҳам. Аёллар кризис дамларида (эр уйидан чиқиб кетиб, ота уйига сиғмай қолганида, масалан), шу марказлардан паноҳ топишлари мумкин. Уларга маълум муддатга бошпана, ош-овқат, мутахассислар (врач, психолог ва ҳ.к.) ёрдами берилади, зарур бўлса, ички ишлар ходимлари чақирилади.
    Республика Хотин-қизлар қўмитаси вакили Муборак Асророванинг айтишича: “Ҳозирги кунда Наманган (Тўрақўрғон), Сирдарё (Янгиер), Сурхондарё, Хоразм ва Қорақалпоғистонда намунали режимда шундай марказлар очилган (суратларда у ердаги шарт-шароитлар акс этган). Ушбу марказлар ҳақида ўша ҳудудлардаги аёлларга маълум қилинган (уйма-уй юриб маълумот тарқатилган, баннерлар илинган). Аёллар мурожаат қилишяпти, бошпана топишяпти, муаммолари ҳал бўляпти”.
  3. ИШОНЧ ТЕЛЕФОНИ. Зўравонликка учраган аёллар мурожаат этиши учун бутун республика бўйлаб ягона “ишонч телефони” ишга туширилади. Аёллар ягона қисқа рақам орқали мурожаат қилиб, зўравонлик рўй бераётган дақиқаларда ёки чуқур руҳий тушкунликка, ўз жонига қасд қилар даражада депрессияга тушган пайтларида пичоққа ёки арқонга эмас, телефонга ёпишиб, шу рақамга қўнғироқ қилишлари мумкин. Муборак Асророванинг сўзларига кўра, “хотин-қизларни ўз вақтида қўллаб-қувватлаш ва мурожаатларига тезкор муносабат билдириш мақсадида 1046 рақами орқали тезкор алоқа тизим ташкил этилган”. Мен қўнғироқ қилиб кўрдим, Тошкент шаҳрида ҳозирча бу рақам ишламаяпти, тушунишимча, юқорида тилга олинган, яъни реаблитация марказлари очилган вилоятлар доирасида тест тизимида ишлаяпти.
  4. ЖАМОАТЧИЛИК ФИКРИ. Жамиятда оилавий-маиший тусдаги зўрлик ишлатишнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан, биринчи навбатда, яқин қариндошлар томонидан муросасиз муносабат муҳитини шакллантиришга ҳаракат қилинади. Яъни фуқароларни атрофдаги зўравонликларга бефарқ бўлмасликлари, муштумзўр эр, зулмкор қайнона ёки бошқа қариндошларга нисбатан тоқатсиз бўлишлари тарғиб қилинади.
  5. ҚОНУН. Оилавий-маиший зўравонлик ҳақида алоҳида қонун қабул қилинади. Оилавий ва шахслараро муносабатларда қонунийликни таъминлаш учун ҳам тизимли чоралар амалга оширилади. Биринчидан, оилавий-маиший зўравонлик нима деган саволга аниқ таъриф берилади. Эр-хотин муносабатларига учинчи шахсларнинг аралашуви, жисмоний ва руҳий босим ўтказиш, кишини ўз жонига қасд қилиш даражасига олиб келиш каби барча хатти-ҳаракатлар қонунда қамраб олинади ва уларга бериладиган жазолар белгилаб қўйилади.
  6. ЖАЗО. Оилавий-маиший зўравонликка жазо муқаррарлиги таъминланади: шу мазмунда ваколатли органларга келиб тушган ҳар бир мурожаатлар синчиклаб ўрганилади ва айбдорларга муқаррар жазо берилади.
  7. ХАБАРДОР ҚИЛИШ. Соғлиқни салаш вазирлиги тасарруфидаги барча муассасалар ҳар бир зўрлик ишлатилган ҳолат ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларини ва «Оила» марказини зудлик билан хабардор қилиши шарт.         

 

Энди аёл ўзи ва болаларининг жонига қасд қилмаслиги, қийин онларда бошпана ва мадад топиши, айбдорлар эса жазоланишига умид пайдо бўлди.

Аёллар, қочсангиз ўлим эмас, ҳаёт томон қочинг! Ҳамма нарсанинг чораси бор, ўлимдан бошқа...