-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Болаларни ҳимоялаш қилиш бўйича халқаро лойиҳа ишга туширилди

10.07.2018

Дунёда бола чеҳраси ва кулгусидан беғубор қувонч бўлмаса керак. Шу боис ҳам ҳимояга ёки алоҳида ғамхўрликка муҳтож ушбу табақа вакиллари ҳаётини ташвишлардан ҳоли этиш давлатимизнинг энг муҳим вазифаларидан бири бўлиб келган. БМТнинг халқаро болалар жамғармаси — ЮНИСЕФ ва қатор халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар ана шу навқирон авлодни турли офатлардан асраш, ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда. Жаҳон ҳамжамиятининг қашшоқлик ва очликни тугатиш, саводсизликка барҳам бериш, қочоқлар муаммосини ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлар шубҳасиз болалар тўғрисидаги ғамхўрлик ифодасидир. Зеро, юқорида тилга олинган иллатлар, аввало, жаҳон болаларининг ҳаётини издан чиқараётгани айни ҳақиқат.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва ЮНИСЕФ, Европа Иттифоқи кўмагида ташкил этилган тадбирда таъкидланганидек, баъзи оила вакиллари, яъни, ота-оналар иқтисодий аҳволни янада яхшилаш мақсадида чет элларга ишлашга кетади. Ўша оилада тарбияланаётган боланинг тақдири кўп ҳолларда маҳалла-кўй, қавм-қариндошлар қўлида қолиб кетади. Ачинарлиси, уларнинг моддий ва маънавий ҳимоясини ҳеч ким ўз зиммасига олмайди. Шу жиҳатдан мамлакатимиз бир қатор халқаро ташкилотлар билан бирга ижтимоий ҳимоя соҳасида халқаро лойиҳани амалга оширишга киришди.

Мақсад, миграция таъсир кўрсатган оилалар, болаларга васийлик ва ҳомийлик органлари, Хотин-қизлар қўмитаси, оилавий марказлар ва ноҳукумат ташкилотлари, шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бўлинмалари томонидан вилоят ва туман даражасида ёрдам кўрсатилади.

Энг катта улуш Марказий Осиёга тўғри келади

Саша Грауманн,

ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:

— ЮНИСЕФнинг берган ҳисоботига кўра, дунёнинг бошқа минтақаларига нисбатан миграция таъсир кўрсатган болаларнинг энг катта улуши Марказий Осиёга тўғри келади. Европа Иттифоқи кўмагида ЮНИСЕФ ота-оналари томонидан ташлаб кетилган ҳамда транзит жараёнида ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ҳимоясини янада яхшироқ таъминлашни ўз олдига мақсад қилиб олган. Ҳукумат ва халқаро ташкилотлар ҳамкорликда ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлайди, деган умиддаман. Бу лойиҳанинг аҳамияти шундан иборатки, болаларни зўравонлик ва эксплуатациядан ҳимоялаш, соғлиқни сақлаш ва таълим сингари асосий хизматлардан фойдаланиш имкониятини, шунингдек, уларнинг қонуний мақомини таъминлаш учун хизмат қилади.

Вазият таҳлил қилинди

Эдуардс Стипрайс,

Элчи, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари:

— Миграция муаммоси нафақат Марказий Осиёда, балки бутун дунёда глобал характерга эга. Бунинг оқибатида тобора кўпроқ одамлар яхши ҳаёт ва даромад қидириб, ўз оиласини тарк этмоқда. Бироқ иқтисодий манфаатлардан ташқари миграция бошқа жиддий оқибатларга ҳам олиб келаётганини яққол кўриб турибмиз. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун Европа Иттифоқи “Жанубий, Жануби-Шарқий ва Марказий Осиёда миграция таъсиридан болаларни ҳимоялаш” лойиҳаси доирасида мультиминтақавий ташаббусни қўллаб-қувватлашга қарор қилди. Ушбу лойиҳа Марказий Осиё мамлакатларида амалга оширилади ҳамда муҳожирларни қабул қилувчи асосий мамлакат бўлган Қозоғистон ва Россиядаги вазият таҳлилини ўз ичига олади.

Тадқиқот ўтказилади

Танзила Норбоева,

Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси:

— Биз ушбу лойиҳа муҳожир оилаларнинг болаларини ҳимоя қилиш ва уларга моддий-маънавий кўмак беришда барқарор сиёсатни биргаликда таъминлашимизга ишонамиз. Бундан ташқари, лойиҳани амалга ошириш БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг тавсияларини бажаришга имкон беради ҳамда Ўзбекистонда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциянинг бажарилишини ташкил этиш масалалари бўйича идоралараро мувофиқлаштирувчи кенгаш ишининг самарали бўлишига кўмаклашади. 2020 йилнинг охиригача — Бухоро, Фарғона, Сурхондарё ва Хоразм сингари тўртта вилоятда мазкур лойиҳа бўйича тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилаяпти. Ушбу лойиҳа доирасида муҳожирларнинг оилалари ва фарзандларининг эҳтиёжларини аниқлашга йўналтирилган тадқиқот ҳам ўтказилади.

Маълумот ўрнида

ЮНИСЕФ ҳар бир боланинг ҳуқуқ ва фаровонлигини таъминлаш учун фаолият олиб боради. Дунёнинг 190 мамлакати ва ҳудудларида барча болаларнинг хусусан, яккалаб қўйилган, алоҳида эътибор ва ёрдамга муҳтож болаларнинг манфаатлари йўлида иш олиб боради.

Европа Иттифоқи — 28 та аъзо давлатлардан ташкил топган бўлиб, дунёдаги энг йирик расмий донор ташкилот ҳисобланади. 2014-2020 йилларда Ўзбекистонга 168 миллион еврога тенг икки томонлама ёрдам кўрсатилиши режалаштирилган. Шунингдек, Ўзбекистонга чегара назорати ва наркотикларга қарши кураш, таълим, демократия ва инсон ҳуқуқлари, энергетика, транспорт, кичик ва ўрта корхоналарни ривожлантириш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, сув ресурслари ва табиатни муҳофаза қилиш ва ядровий хавфсизлик соҳаларида ҳам минтақавий ва тематик ёрдам кўрсатилмоқда. Европа Иттифоқи Ўзбекистонда 1996 йилдан бери фаолият юритмоқда ва ривожланиш мақсадлари учун йилига тахминан 24 миллион евро маблағ ажратмоқда.

Мадина ҲАМДАМОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири