-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Халқ тинчлиги ва фаровонлиги учун янги қонунлар имзоланди

12.07.2018

Ўтган ҳафта давомида мамлакатимизда бир қатор қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ушбу қарорларнинг муµимлиги шундаки, улар айни дамда республикамиз ҳаётида энг долзарб ҳисобланган масалаларни қамраб олди. Қонунчилик ҳужжатларининг моҳияти ижтимоий ҳаётда юз бериши мумкин бўлган турли воқеа-ҳодисалар, салбий оқибатларнинг олдини олишга қаратилди:

2018 йил 2 июль. “Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оила­вий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғ­рисида”ги Президент Қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш бўйича амалий чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Ушбу қарор қабул қилинишидан асосий мақсад шуки, оғир аҳволдаги, руҳий ёки жисмоний зўриқишдан азобланган, оилавий муаммолар гирдобида қолган, муаммоларига ечим тополмаётган ва турмушда зўрлик ишлатилишига дуч келган шахсларга, асосан аёлларга кўмак беришдир. Оилавий қийинчиликлар ёки бошқа масалаларда ўз шахсиятини бошқара олмаган, натижада, руҳий азобда қолган ёки ўз жонига қасд қилган аёллар ҳақида баъзан эшитиб қоламиз. Давлатимиз шу каби аёлларни жамиятга қайтариш, уларга меҳр, ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатишни мақсад қилди. Табиий савол туғилади, бу ёрдам қандай бўлади? Бугунгача Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида ва Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳарларида “Умид” номли аёллар мослашув марказлари ташкил қилинган эди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятларида ҳам бугунги кунда шундай марказлар ташкил қилинмоқда. Эндиликда босқичма-босқич мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика марказлари ташкил этилади.

Таҳлилларга кўра, ҳозирда бундай марказларга аёлларнинг мурожаат қилиши кам кузатилмоқда. Марказ ходимлари эса уйма-уй юриб, муаммоси бор хонадонларни ўрганиб чиқишмоқда. Ҳудудларда баннерларда мослашув марказлари телефон рақамлари кўрсатилган. Айни дамда ушбу реабилитация марказларининг қисқа 1146 рақами ташкил қилиниши устида иш олиб борилмоқда.

Реабилитация марказларида оғир муаммоларга дуч келган, оиласида зўрлик ишлатилган шахсларга аноним тарзда шошилинч тиббий, руҳий, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдамлар кўрсатилади.

Кенг жамоатчиликнинг фикрига кўра, ушбу қарор вақтида қабул қилинди ва бу аёлларнинг жамиятга мослашуви, ўз руҳиятини бошқара олиши, муҳим хулосалар чиқаришида, ижтимоий ҳуқуқий билими ва дунёқарашининг ошишида муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Мазкур қарорга асосан, Адлия вазирлигига “Маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси юкланди.

2018 йил 3 июль. Президентимиз томонидан “Медиация тўғрисида”ги Қонун имзоланди.

Қонуннинг мақсади давлат органлари, турли ташкилотларда меҳнат низолари ва бошқа масалаларда келиб чиқадиган низоларни судгача боришига йўл қўймай тарафларни яраштиришдир. Қонунга биноан бу вазифани медиатр бажаради. Медиатр иккала томонга мақбул йўлни танлаб, тарафларни яраштиради. Оилавий, иш берувчи ва ишчи ўртасидаги низолар ва бошқа турли келишмовчиликларга ечим топади.

Бундай усул ривожланган мамлакатлар тажрибасида кенг қўлланилган бўлиб, қонун мамлакатимизда суд органларининг юкламасини камайтириш, керак-кераксиз, арзимас муаммолар билан ишни судгача олиб келиш ҳолатларига барҳам беришга қаратилди.

2018 йил 2 июль. Давлатимиз раҳбари томонидан “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида”ги Қонун имзоланди.

Қонунга кўра, чилим ва электрон сигареталарни қуйидаги жамоат жойларида чекиш тақиқланди:

  • кинотеатрларда, театрларда, циркларда, концерт, кўрик ва кўргазма залларида ҳамда оммавий дам олиш учун мўлжалланган бошқа ёпиқ иншоотларда;
  • клубларда, дискотекаларда, компьютер залларида, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш бўйича хизмат кўрсатиш учун жиҳозланган хоналарда ёхуд бошқа кўнгилочар жойларда.

Қонун билан чилим ва электрон сигареталар чекишни реклама қилиш ҳам тақиқланди. Қонунинг мақсади жамоат жойларида тартиб-интизомни сақлаш, аҳоли соғлиги ва хавфсизлигини таъминлашдир.

2018 йил 2 июль. “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармон билан 2018 йилнинг 15 июлидан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ўрта ҳисобда ­
1, 07­ бараварга оширилди. Республикамиз аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини ошириш, фуқароларга ижтимоий мададни кучайтириш мақсадида ушбу Фармон қабул қилинди.

Шунга мувофиқ 15 июлдан бошлаб Ўзбекистонда:

  • Энг кам иш ҳақи ойига — 184 300 сўм;
  • Энг кам ёшга доир пенсиялар ойига — 360 460 сўм
  • Болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа — 360 460 сўм;
  • Зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа — 221 190 сўм миқдорида белгиланди.

 Мадҳия АВАЗОВА ,

“Инсон ва қонун” мухбири

Сўнгги янгиликлар: