-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Суғориладиган ерларни яхшилаш ва муҳофаза қилиш бўйича мажбуриятлар бажарилмаганлиги учун жарималар жорий қилинди

26.07.2018

24.07.2018 йилдаги ЎРҚ–487-сон Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 65-моддасига (ерлардан хўжасизларча фойдаланиш ёки уларни яроқсиз ҳолга тушириш) қўшимчалар киритилди. Тузатишлар эълон қилинган кундан 3 ой ўтгач кучга киради.

Ерга эгалик қилувчилар, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан суғориладиган ерларни яхшилаш ва муҳофаза қилиш, шу жумладан ерлардан мақсадли, оқилона фойдаланилишини, тупроқнинг қайта тикланиши ва ҳосилдорлиги оширилишини таъминлаш бўйича мажбуриятлар бажарилмаганлиги учун уларга нисбатан маъмурий жарималар жорий қилинади. Бунда жарима миқдори ҳуқуқбузарлик содир этилган ер участкаси майдонига боғлиқ бўлади (қуйида келтирилган жадвалга қаранг).       

Ер участкаси майдони

Жарима миқдори

1 гектаргача

фуқароларга ЭКИҲнинг 3 бараваридан 5 бараваригача

мансабдор шахсларга ЭКИҲнинг 5 бараваридан 7 бараваригача

1 гектардан ортиқ

фуқароларга ЭКИҲнинг 5 бараваридан 7 бараваригача

мансабдор шахсларга ЭКИҲнинг 7 бараваридан 10 бараваригача

 

Эслатиб ўтамиз, 2013 йилнинг 1 майидан бошлаб мева-сабзавотчилик, узумчилик ва полиз маҳсулотларини етиштириш учун ер участкаларини бериш бўйича ижро этувчи ҳокимият органлари билан қишлоқ хўжалик товар ишлаб чиқарувчилари ўртасида тузиладиган ижара шартномаларида, қоида тариқасида, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари томонидан томчилатиб суғориш тизимини ва сув тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш бўйича инвестиция мажбуриятларини олиш назарда тутилади. Шунга ўхшаш мажбуриятлар бошқа ҳолатларда ҳам назарда тутилган бўлиши мумкин.

Мазкур маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишлар ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан назорат қилиш бўйича бош давлат инспекторлари ва уларнинг ўринбосарлари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар) ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан назорат қилиш бўйича давлат инспекторлари томонидан кўриб чиқилади. Тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган якка тартибдаги тадбиркорлар ва (ёки) уларнинг ходимлари, тадбиркорлик субъектлари бўлмиш юридик шахсларнинг мансабдор шахслари ва (ёки) бошқа ходимларига нисбатан очилган ишлар маъмурий судда кўриб чиқилади.

Қонун «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган ва 26.10.2018 йилдан кучга киради.

Манба: www.norma.uz