-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Адлия бўлими ўз вазифасини бажараяпти

07.08.2018

Зиёдахон гувоҳнома олди

“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган эзгу тамойил бугун янги ташкил этилган туман, шаҳар адлия бўлимлари фаолиятида ҳам яққол намоён бўлмоқда.

Қува тумани Маданият маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Акбарали Қурбонов ҳам 2018 йил 13 июль куни хонадонига туман адлия бўлими ходимлари кириб келиб, муаммоларини сўрашганда бунга амин бўлди. Хонадон соҳиби уларга 2017 йил 22 майда туғилган набирасига шу кунга қадар туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олинмаганлигини маълум қилди. Шунга кўра, А.Қурбоновнинг мурожаати илова қилинган ҳужжатлар билан бирга ўрганиб чиқилди. Маълум бўлишича, Акбарали Қурбоновнинг ўғли — боланинг отаси Шерали Қурбонов фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобланади. Шу боис ён-атрофдаги таниш-билишлари “Сенинг фуқаролигинг йўқ, янги туғилган фарзандингга гувоҳнома олсанг, унинг ҳам фуқаролиги бўлмайди”, дея нотўғри тушунча беришган. Пировардида, Ш.Қурбонов ўз ихтиёри билан қизига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олишга шошилмаган.

Президентимизнинг 2018 йил 12 июндаги “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида биронта ҳам бола қайд этилмасдан қолиши мумкин эмаслиги, туғилганликнинг қайд этилиши — бола ҳуқуқларини рўёбга чиқарилишининг ва фуқаролик бўлмаслигининг олдини олишнинг ҳуқуқий асоси эканлиги таъкидланган. Бинобарин, юқоридаги мурожаатни ўрганиш натижасида туғилишни рад этиш учун қонуний асос мавжуд эмаслиги аниқланди. Шундан сўнг адлия бўлими аралашуви билан 2018 йил 19 июль куни Акбаралиева Зиёдахон Шерали қизига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштириб берилди.


Зебо ўз ишига қайтди

Қува тумани, Ойдин кўчаси, 19-уйда яшовчи фуқаро Зебо Атабаева эса туман адлия бўлимига қилган мурожаатида аввалги ишига тикланишида амалий ёрдам сўраган. Мурожаатни ўрганиш жараёнида аниқланишича, З.Атабаева тумандаги 2-­умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқитувчиси вазифасида ишлаб келиб, 2014 йилда туғиш ва бола парвариши таътилига чиққан. 2016 йилда ишга қайтиш учун мурожаат қилган. Мактаб маъмурияти эса ­асоссиз важлар билан унинг талабини рад этган. Фақатгина 2017 йил ноябрь ойига келиб Зебо Атабаева куни узайтирилган гуруҳ тарбиячиси вазифасига ишга қайтарилган. Ўрганиш натижасида З.Атабаеванинг ўз мутахассислиги бўйича — бошланғич синф меҳнат фани ўқитувчиси вазифасига ишга қайтарилиши таъминланиб, мурожаати қаноатлантирилди. Бундан ташқари, туман адлия бўлими томонидан З.Ата­баеванинг ҳуқуқларини поймол қилган шахс­ларнинг жавобгарлик масаласини ҳал қилиш юзасидан туман халқ таълими бўлимига тақдимнома ҳам киритилди.

 

Абдулҳаким ЗУЛФИҚОРОВ,

Қува туман адлия бўлими бошлиғи