Ҳавода қолган хатлар. Суд буйруғи нега Мажбурий ижро бюросига етиб келмади?

Таҳририятимизга Самарқанд вилояти, Пахтачи туманида яшовчи фуқаро Сарвиноз Рўзиқуловадан мурожаат келиб тушди. Фуқаро ўз аризасида турмуш ўртоғи билан оилавий муносабатлари яхши эмаслиги туфайли икки нафар вояга етмаган фарзандлари учун алимент пули ундира олмаётганини ва бу масалада ҳуқуқий жиҳатдан ёрдам кўрсатилишини сўраган.
Мурожаатни ўрганиш давомида маълум бўлдики, жанжал туфайли аёлнинг турмуш ўртоғи фарзандларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ва никоҳ гувоҳномасини ёқиб юборганлигини айтади. С.Рўзиқулова ФҲДЁ бўлимидан мазкур ҳужжатлардан нусха олади. Бироқ аёл турмуш ўртоғидан алимент ундириш учун фуқаролик ишлари бўйича Пахтачи туман судига мурожаат қилганида унга ҳужжатларнинг асл нусхасини олиб келиши кераклигини айтишади.
Албатта, ҳар бир қонуний фаолиятда ҳужжатларнинг асл нусхасидан фойдаланган маъқул. Бошқа томондан эса бизга шикоят йўллаган фуқаронинг ҳам аҳволи танг. Икки нафар вояга етмаган боланинг таъминоти учун пул зарур.
Таҳририят С.Рўзиқулованинг мурожаатини фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят судига ва Самарқанд вилоят прокуратурасига жўнатди.
Самарқанд вилоят суди томонидан бизга келган жавоб хатида Каттақўрғон туманлараро судининг буйруғига асосан Рўзиқулова Сарвинознинг алимент ундириш ҳақидаги аризаси қаноатлантирилганлиги ва ушбу суд буйруғининг ижросини таъминлаш учун Мажбурий ижро бюросининг Пахтачи туман бўлимига юборилганлиги маълум қилинган.
Демак, иш яхши томонга ўзгараяпти. Ҳолатни ўрганиш учун фуқаро С.Рўзиқуловага қўнғироқ қилдик. Ниятимиз, унинг алимент борасидаги муаммоси ҳал бўлган бўлмаганлигини билиш эди. Афсуски, Сарвиноздан бундай жавоб ололмадик. Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг жавоб хатида суд буйруғи Мажбурий ижро бюроси Пахтачи туман бўлимига юборилди, деб кўрсатилган бўлса-да, Мажбурий ижро бюроси Пахтачи туман бўлими ходимлари Сарвинозга ҳеч қандай суд буйруғи келмаганлигини маълум қилишган.
Нима сабабдан суд буйруғи Мажбурий ижро бюросига етиб келмади?
Ушбу саволга жавобни тегишли мутасадди идоралардан кутиб қоламиз.
Мадҳия АВАЗОВА,
“Инсон ва қонун” мухбири
Сўнгги янгиликлар:
- “Қора бозор” учарларининг қора қилмиши фош этилди (2019 йил, 6 сон)
- Қарзимиз йўқ, аммо электр чироғидан айиришди ...Яна одамлар овворагарчилиги ҳақида (2019 йил, 6 сон)
- Шифокорни урганни қамаш керак(ми?) (2019 йил, 6 сон)
- Кўчаси бору номи йўқ, уйи бору рақами йўқ ёхуд “беморни қидираётган Тез ёрдам” (2019 йил, 5 сон)
- Ҳуқуқий маданият кундалик одатимизга айланмаса, қонунга ҳурмат пайдо қила олмаймиз (2019 йил, 5 сон)
- Зиёрат маданияти ёки одобсиз “ошиқ”лар (2019 йил, 5 сон)
- Қондошлик ришталари арзон баҳоланди (2019 йил, 5 сон)
- 700 метр чуқурликдан отилиб чиққан шифобахш сув (2019 йил, 5 сон)
- Дастурхонга тортилган қонли таом (2019 йил, 5 сон)
- Президентимизнинг Германияга ташрифи: Халқаро майдондаги яна бир дадил қадам (2019 йил, 5 сон)